топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ўзбек тилига эътибор:

Яккасарой тумани 118-умумтаълим мактабида тадбир

Илм-фан

Яккасарой тумани 118-умумтаълим мактабида "Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 29 йиллиги"  муносабати билан тадбир ўтказилди. Тадбирда мазкур мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари, шоир ва ёзувчилар иштирок этдилар.

Она тилимизга эътибор учун масъулмиз

Блог им. lalixon

Миллатнинг ўзлигини, дунёда борлигини, ўзига хослигини белгиловчи омиллардан асосийси унинг она тилидир. Улуғларнинг «Тилга ихтиёрсиз − элга эътиборсиз» (А.Навоий), «Халқ тили ҳамиша миллий руҳ билан чамбарчас боғланган» (В.Гумбольдт), «Она тилини ҳимоя қилиш − ватанни ҳимоя қилиш» (Д.Белле), «Тилимизнинг софлиги учун, бойиши учун жон куйдирсак, фарзандлик бурчимизни адо этган бўламиз» (Ч.Айтматов), «Тилга ихтиёр − элга меҳр» (П.Қодиров) каби ҳикматларида акс-садо бериб турган, тилнинг инсон зотига яратмиш томонидан тортиқ этилган бебаҳо неъматлигини, уни асраб авайлаш миллатнинг яшовчанлигини таъминловчи асос эканлигини таъкидловчи бу мантиқ асрлар давомида исбот талаб қилмайдиган олтин қоидага айланганлиги бежизга эмас.


 


 Тарих саҳифаларига назар ташлар эканмиз, илдизлари дунёни лол қолдирган қадим маданиятдан сув ичган она тилимизга бўлган садоқат, алоҳида эътибор халқ жонкуярларининг ҳамиша диққат марказларида бўлганлигига ва шундай бўлиб қолажагига амин бўламиз.


 


 XII аср… Ўрта Осиёда араблар ҳукмронлиги давом этаётган бу даврда туркий тилимизга расмий эътиборнинг сусайиши табиий эди. Бироқ тилпарвар фидойилар ўша шароитда ҳам ўз ватанпарварликларини, халқпарварликларини намоён эта олдилар: буюк мутафаккир Маҳмуд Қошғарий «Девони луғатит турк» асарини яратиб тил яловбардори сифатида майдонга тушди. Бу ҳолат XV асрда яна такрорланди. Туркий тил яловини ҳазрат мир Алишер Навоий шу қадар юксакликка қўтардики, қарийб олти аср беридан ҳам «Хамса», «Муҳокаматул луғатайн»лар маёқдек порлаб турибди.