топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

термиз:

Сурхондарё вилоят ПКҚТМОИда семинар

Новости ZiyoNET


 


Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Сурхондарё вилоят Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида  ZiyoNET ахборот таълим тармоғининг янги имкониятлари билан таништириш ва тармоқдан самарали фойдаланишни ташкил этишга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.


 


Мазкур семинар-тренингда вилоят ПКҚТМОИ проректори Б.Умаров, Сурхондарё ВХТБ Таълим маркази услубчиси Б.Воҳидов, Термиз шаҳри ҳамда барча туманлардан ташриф буюрган АКТ бўйича масъул ходимлар ва умумтаълим мактабларининг турли фан ўқитувчилари иштирок этдилар.


Термиз манзумаси

Термизнома


Сирожиддин Сайид,


Шаҳарнинг “Амир Темур” ордени билан мукофотланиши шарафига


 



Уч минг йиллар аро чамалаб кўрсам,


Уч минг асрлардан сурон етишгай.


Уч минг тепанг узра уч минг оҳ урсам,


Уч минг армонимга армон етишгай.



 


Искандар, Доролар топтаб ташлаган


Ғиштлардан умрини қайта бошлаган,


Одамзод наслига бўлган тошлаган


Қадим тоғларингдан қалқон етишгай.


 


 


Қадим Бохтар замин, яъни Бақтрия,


Асрларга етгай битсам фахрия,


Боқиб Термизийнинг қадду қадрига


Менга минг бир шеъру достон етишгай.



 


Навқирон Темурбек бунда руҳ олган,


Саид Баракадан фатво, туғ олган.


Беш яшар Улуғбек завқ, шукуҳ олган


Маъвода — заминга осмон етишгай.



 


Минг йиллик ҳадислар гуллаган диёр,


Навоий бобонинг сенда изи бор.


Қуллуқ бажо айлаб такрор ва такрор


Сенга араб етгай, ёпон етишгай.



 


Буюк Ипак йўл бу — манзил, маконлар,


Карвонлар келдилар, кетди карвонлар.


Ору номусингдан тиклаб қўрғонлар


Беш юз йилда бир мард сорбон етишгай.


 


 


Шаҳрим, она шаҳрим, онажон шаҳрим,


Илм ила ҳикматдан нурафшон шаҳрим.


Ҳар бир ўғил-қизинг бир жаҳон, шаҳрим,


Бир гулга минг битта бўстон етишгай.



 


Ҳазрат Соҳибқирон кўксингда порлаб,


Мардлик, матонатга турганда чорлаб,


Кўнгил рубобида жаранглаб торлар,


Биздай шоирларга даврон етишгай.


 


 


 


 


 


 


 


 


 


 


 


 


Хусравшоҳ

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ХУСРАВШОҲ – Султон Маҳмуд Мирзонинг амири ва ўғли Султон Масъуд Мирзонинг бек аткаси. Асли туркистонлик қипчоқлардан бўлган (“Б.”, 28б).  Ёшлигида тархон бекларига хизмат қилган. Сўнгра Мазидбек арғунга навкар тушган. Ироқ воқеасидан сўнг Султон Маҳмуд Мирзони Ҳисорга олиб қочган беклар сафида бўлган. Султон Маҳмуд тахтга ўтирганидан сўнг Хусравшоҳ улуғ амир даражасига кўтарилиб навкарлари сони олти минг ва Амударёдан Ҳиндукуш тоғигача ҳудуд унинг тасарруфида бўлган. Султон Ҳусайн Мирзонинг икки марта ҳисор томон қўшин тортиб эгаллай олмаслиги сабаб унинг янада тараққий топмоғига асос бўлади ва энди унинг навкарлари сони қирқ мингга яқин бўлган. Султон Маҳмуд вафотидан сўнг Самарқанд хазинасини эгаллашга уринган. Раият ва сипоҳлар ҳужумидан зўрға қочиб қутулган. Шундай бўлсада иш шу даражага етадики, баъзи темурийзодалар унинг ҳузурига паноҳ излаб бора бошлайди. Султон Масъуд Мирзо, Бойсунқур Мирзо ва Улуғбек Мирзо Кобулийнинг ўғли Мироншоҳ Мирзо ҳам Хисравшоҳ ҳузурига келади. Учта подшоҳзода турсада баъзи хушомадгўйлар хутбани Хисравшоҳ номига ўқита бошлайди (“Б.”, 58а). Хусравшоҳ Султон Масъуд Мирзонинг кўзига мил торттиради. Бу хабарни эшитган Бобур шу даражада нафрат билан ёзада: “Ҳар ким Хусравшоҳнинг бу афъолини эшитса лаънат қилсун. Бу афъолини эшитиб, лаънат қилмоған ҳам сазовари лаънат бўлсун” (“Б.”, 58б). Кейин у Бойсунқур Мирзони Ҳисорга, Мироншоҳ Мирзони эса Бомиён томон жўнатган. Кўп ўтмай у Бойсунқур Мирзони Балхга юриш қилиш баҳонасида чақириб, Абвожга етган чоғда уни ҳам ўлдиради (“Б.”, 68а). Бомиённи эса холаваччаси Аҳмад Қосимга бериб темурийлардан бутунлай қутулади. Бобур Самарқандни иккинчи марта ташлаб чиққанида унинг кўп амирлари Хусравшоҳ ҳузурига кетади. 


Бобур Фарғонадан чиқиб Хуросонга йўл олганида Хусравшоҳга элчи жўнатади. Ўз навбатида у ҳам элчи юборсада, ҳеч қандай натижа олинмаган. Бобур тавакал қилиб икки юздан ошиқ навкари билан юришни давом эттиради. Айбакка етганида Ёрали Билол, Дараи Зиндонга етганида Қанбар Али каби беклар яна Бобурга қайтиб қўшилади. Сўнгра мўғул улуслари ҳам Бобур томонига ўтгач, Хусравшоҳ ноилож элчи жўнатиб гуноҳи кечирилишини сўрайди. Бобур унинг жони ва молини омон сақлаб Хуросонга кетишига рухсат беради. Хусравшоҳнинг аввалги қилган душманликларига қарамай Султон Ҳусайн уни яхши кутиб олган. Хисравшоҳ мингиача навкар билан Қундузга юриш қилганида Ҳамза Султон томонидан асир олинади ва унинг боши кесилиб Хоразмда турган Шайбонийхонга жўнатилади (“Б.”, 156б).          


Ботир Йўлдошев


 

Амир Нуёнбек

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

НУЁНБЕК ТЕРМИЗИЙ-Султон Ҳусайн мирзонинг амирларидан бири. Отаси Термизлик саййидлардан саналган. Она тарафдан ҳам Султон Абусаъид мирзога ҳам ва Султон Ҳусайн мирзога ҳам қариндош бўлган. Н. Т. Аввалига султо Абусаъид мирзонинг риояти сабаб, Султон Аҳмад мирзонинг муътабар бекларидан бирига айланган. Самарқанддаги нотинчликлардан сўнг Хуросонга, Султон Ҳусайн қошига борган ва у ерда ҳам яхши риоят кўрсатилган. Бобур Н. Т. ҳақида “шаробхўр ва айёр киши эди”, деб ёзган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ