топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

"Бобурнома":

Бобур халқаро мукофоти топширилди

Бобуршунослик
Шеърият ва адабиёт

Улуғ аллома Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 532 йиллиги муносабати билан Андижон шаҳридаги Боғи Шамол боғида шоир ва давлат арбобига бағишланган «Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси» номли китобнинг тақдимоти муносабати билан илмий анжуман ўтказилди. Бу анжуманда Миср, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа қатор мамлакатлардан олим ва адиблар иштирок этишди. Энциклопедияни яратишда фаол этган муаллифларга мукофотлар топширилди. «Бобурнома»ни араб тилига ўгирган Аш -Шамс университети профессори Мажида Маҳлуф хоним, энциклопедия яратиш йўлида хизмат қилган бир неча олим ва адиблар, уни чоп этишда фаоллик кўрсатган «Шарқ» нашриёти ходимлари Фахрий ёрлиқ ва пул мукофоти билан тақдирландилар. Энциклопедия бош муҳаррири, арузшунос олим, профессор Абдулла Аъзам Бобур халқаро мукфоти билан тақдирланди.


Бобур юртида байрам

Бобуршунослик
Шеърият ва адабиёт

Бугун улуғ ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кун.


Шу муносабат билан аллома таваллудининг 532 йиллиги муносабати билан унинг она шаҳри Андижонда илмий анжуман ўтказилади. Бу анжуманда иштирок этиш учун Европа, Осиё ва Африка қитъалари, ҳамда Ўбекистоннинг турли бурчакларидан бобуршунос олимлар, адиб ва шоирлар, умуман олганда Бобур ихлосмандлари Анджионга етиб келишган.  

Фармон

Шоҳ ва шоир

ФАРМОН – буйруқ, ҳукм. “Б.”да Бобурнинг турли муносабатлар билан берган фармонларига доир маълумотлар кўп: асарнинг элликдан ортиқ ўринида “фармон”, “фармон бўлди”, “фармон бўлса”, “фармон бўлуб эди”, “фармон бўлуптур”, “фармон бўлур”, “фармонлар бўлди” иборалари битилган. Улардан фақат иккитасининг матни “Б.”га киритилган. Улар иншо қилиш Шайх Зайн(иддин)га буюришган: “Шайх Зайннинг иншоси била фармонлар битилиб, жамиъ қаламравга йиборилди” (321а). Ҳар фармон форс тилида, балоғат санъати билан иншо этилган, ва “Қуръон” 18 та сурасидан иқтибослар келтирилган.


Биринчиси “Тавба фармони” номи билан машҳур (312б-314а). Унда тавбанинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида қисқача баён этилиб, ёмонликлардан қайтиш, жумладан, кайф берувчи ичкиликни ташлаш, тайёрламаслик, сотмаслик, сотиб олмаслик, сақламаслик белгиланган. Шунингдек, фармонида мусулмонлардан шаҳар, қишлоқ, йўл, кўча ва бандар (порт)ларда тамға божини олмаслик ҳам буюрилган. Матн охирида ёзилган санаси келтирилган (932ҳ й. жумодиzл аввал ойининг 24 куни,).


Иккинчи фармон “Фатҳ фармони” ёки “Фатҳнома” деб аталади (316а-324б). Аллоҳга ҳамд, Муҳаммад (с.а.в.)га наът, Аллоҳ неъматларига шукр билан бошланиб, унинг инояти билан Ҳинд мамлакати бобур томонидан фатҳ этилгани, Рона Санго эса кибри боис мағлубиятга учрагани айтилади. Фармонда Панипат жангида қатнашганлар, жангнинг тафсилоти ҳам берилган. Жумландан, Бобурнинг саркарда, бек ва навкарларидан бир қанчаси, ҳурмат билан тилга олинган. Бобур тарафида қатнашган ҳинд амирлари ҳам саналган. Матн охирида “Қуръон”дан иқтибос ва фармон ёзилган сана берилган (933ҳ жумодиzл аввалнинг 25 куни).


О.Ж.

Чоғир ва тавба

Шоҳ ва шоир
ЧОҒИР – маст қилувчи ичимлик. Асосан Тут дарахтининг мевасидан тайёрланган. Бобур ҳам аввалига чоғир ва бошқа кайф қилувчи ичимликларни хуш кўрган ва бу унинг лирикасида акс этган. Мас.,
Ёз фаслида чоғир ичмоқликнинг ўзга ҳоли бор,
Кимга бу нашъа муяссар бўлса, бордур давлати (“Д.”, ғазалдан).
Қуйидаги рубоийда у кайф берувчи ичимликлар орасида у айнан чоғирни афзал кўрган:
 
Ҳар ҳазни халойиқ андин айрилмас эмиш,
Ул ҳаз мазасию қадрини билмас эмиш.
Маъжун баситу бўзау бўст ке,
Бир журъа чоғир дурди ишин қилмас эмиш (“Д.”, ғазалдан).
 
Бобур Канва жангидан олдин чоғир ва бошқа маст қилувчи ичимликларни манъ қилиш тўғрисида фармон чиқарган (1527 й. 14 март). Шу муносабат билан чоғир ва май ичиладиган олтин ва кумуш идишлар синдирилиб, муҳтожларга садақа қилинган. Бобурнинг хос бек ва амирларидан яна уч юз киши ҳам шу куни бундай ичимликларни ичишдан тавба қилган. 
Б. Й.

Нажми Соний

"Бобурнома" да тарихий шахслар

НАЖМИ СОНИЙ (асл исми Ёраҳмад Исфаҳоний) – Сафавийлар давлати бош вазири, лашкарбошиси. Нажми Соний, яъни иккинчи Нажм лақаби Нажм Заргар исмли вазир вафотидан сўнг унинг ўрнини эгаллагани учун берилган. У ниҳоятда ақл-фаросатли, билимдон, шоҳнинг девон ишларини бошқариш ва ҳисоб-китоб қилишда тенгсиз шахс саналган. Кўли Малик жангидан сўнг Бобурнинг Ҳисори Шодмонга чекингани хабаридан сўнг Нажми Соний Мовароуннаҳрни фатҳ этишни осон вазифа санаб  Исмоил Сафавийдан рухсат сўраган. Исмоил Сафавий унинг олдига Бобурга ёрдам бериш вазифасини қўйган. Термиз кечуви орқали Амударёдан ўтган Нажми Соний Ғиёсиддин Муҳаммад исмли амирини Бобур ҳузурига жўнатиб, шайбонийларга қарши бирга жанг қилишни таклиф қилади. 1512 й. куз фасли ўртасида Бобур ва Нажми Соний Чакчак довонида учрашиб сочқи сочиш ва пешкаш тортиш каби шартлар бажарилади. Темурий подшоҳ ва Сафавий вазир ўртасидаги учрашувда такаббурлик билан иш тутиб ўзини Бобурдан юқори қўяди. Бобурнинг ёрдамчи куч билан келаётганини эшитган Хузор қалъаси ҳокими Фўлод Султон қарши курашишга кучи етмаслигини ҳисобга олиб сулҳ тузишга мажбур бўлади. Қалъа дарвозалари очилиши билан ўртадаги нажми Соний сулҳни бузиб, Фўлод Султонни ҳибсга олади ва бир қанча юзбоши ва навкарларни ўлимга буюради. Шундан сўнг Қарши шаҳрини қамал қилади. Шаҳар ҳокими Шайхим Мирзо мудофаа урушига киришади, аммо бир неча кундан сўнг Сафавийлар шаҳарни эгаллайди ва қатли ом ўтказиш тўғрисида буйруқ беради. Ғиёсиддин Муҳаммад ва бошқа аёнларнинг бегуноҳ одамларнинг қонидан кечиш ҳақидаги арзларини Нажми Соний қабул қилмайди. Бу қатли омда ўн беш мингга яқин инсон (шоир Биноий ҳам ўшанда ҳалок бўлган) ҳаётдан кўз юмган.


Шундан сўнг иттифоқчилар Бухоро томон юриш қилади. Муҳаммад Темур Султон бошлиқ шайбонийлар Ғиждувон қалъасига жойлашиб мустаҳкам ҳимоя йўлига ўтади. Сафавий амирлар қиш яқинлашгани ва озиқ-овқат заҳираси камлиги учун қамални тўхтатишни таклиф қилсада Нажми Соний қулоқ солмайди. Шунда Бобур Қарши ва Хузорда қишлашни таклиф қилади. Нажми Соний кўчишни яна бир кунга орқага суради. Бу эса сафавий амирларнинг норозилигига олиб келади. Эртаси куни эса Бухорода турган Жонибек Султон ва Убайдуллоҳ Султон катта ёрдамчи кучбилан етиб келиб, бирлашган шайбонийлар жангга отланади. Ўзига бино қўйган ва димоғдор Нажми Соний душманининг кучига етарлича баҳо бермайди. Ўзи марказда ўрнашгани ҳолда  ҳатто Бобурни ҳам четга чиқариб, уни қайси қанотда заифлик юз берса ёрдамга боришини тайинлайди. Жанг бошланганидан сўнг норози амирлар жанг майдонини ташлаб қочадилар. Мағлубият аниқ эканини кўрган Нажми Соний ўзи ҳам қочишга тушади. Аммо Убайдуллоҳ Султон одамлари уни қувиб етиб асир оладилар ва буйруққа биноан қатл этилади. (қ. Ғиждувон жанги).  


“Б.”да Нажми Сонийнинг золимлиги ва у  Султон Ҳусайннинг ўғли Суҳроб Мирзони Астрободда азоб билан ўлдиргани қайд этилган (166б).


С. Ж.


 

Лола

Мен севган гуллар

ЛОЛА (Tulipa) — лоладошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимликлар туркуми, 1400 та тури маълум. Ватани – Марказий Осиёнинг тоғ ва тоғолди ҳудудлари. Маданийлашган навлари манзарали гул сифатида Яқин Шарқ орқали Европа, сўнгра дунёга тарқалган. Гули оч қизилдан ўта тўқ қизилгача, шунингдек, сариқ, тарғил, бинафша, атлассимон, ва б. хиллари мавжуд. Уруғи ҳамда пиёзидан кўпайтирилади.



Барча ўзбек шоирлари сингари Бобур лолага алоҳида меҳр билан қараган. “Б.”да лола ҳақида бир неча бор сўз юритган. Ўш қасабасини таърифлар экан: “… баҳори бисёр яхши бўлур, қалин лола ва гуллар очилур” деб ёзган (“Б.”, 3а). Кобул яқинидаги Дашти Шайх доманасида Бобур ўттиз уч хил лола нави ўсишини қайд этган. Жумаладан, хушбўй навини “Лолаи гулбўй” деб атаган. “Д.”даги ўнга яқин шеърда лола тилга олинган. Мас.,


Гул юзунг эрур лола, вале лолаи худрўй;


Хаттинг аро узоринг – сабза ичинда лола,


Ул чашми нурхуморинг – лоладек ғазола.


 


А.А., Б.Й.

“Бобурнома” да Амир Темур сиймоси

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

“Бобурнома” да Амир Темур сиймоси


Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) ўзининг шоҳ асари “Бобурнома” да улуғ бобокалони Амир Темур ва темурийлар тўғрисида жуда кўп нодир маълумотларни ёзиб қолдирган. Бобур аввало ўзининг соҳибқирон авлодидан экани ва насабини отаси вафоти воқеасидан сўнг шундай санаб ўтган: “секкиз юз олтмишда Самарқандта эди. Султон Абусаъид Мирзонинг тўртинчи ўғли эди. Султон Абусаъид Мирзо Султон Муҳаммад Мирзонинг ўғли эди. Султон Муҳаммад Мирзо Мироншоҳ Мирзонинг ўғли эди. Мироншоҳ Мирзо Темурбекнинг учинчи ўғли эди”.



Отаси вафотидан сўнг тож-тахт машмашаларига бош қўшган Бобур Амир Темур салтанати пойтахти Самарқанд учун кураш бошлайди. Нафақат Мовароуннаҳр, балки ер юзининг энг гўзал шаҳарларидан бири саналган Самарқанд Бобурда жуда катта таассурот қолдирган. Бобур Амир Темур бунёд этган олий иморатлар, шаҳар ичи ва атрофидаги чорбоғларни кўриб ҳайратга тушган. “Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камроқдур”, деб таърифлайди ва Амир Темур Самарқандни пойтахт этиб тайинлаганидан сўнг унинг нақадар юксак мавқега эришгани,  қўрғон деворларининг ўта мустаҳкамлигини зикр қилган. Самарқанд аркида бунёд этилган тўрт қаватли Кўксарой, Оҳанин дарвозаси ёнидаги улкан жомъе масжид, мақбара ва мадрасаларни таърифлайди.



Бобур улуғ бобокалонининг она юрти Кеш ҳақида тўхталганида, соҳибқироннинг зоди-буди Кешдан бўлгани учун аввал уни пойтахт қилиш учун кўп саъй-ҳаракатлари қилгани, у ерда ҳам олий иморатлар қурдирганини, жаҳонгир Мирзо ва баъзи авлодари учун мақбара солдирганини, аммо кейинроқ пойтахт учун Самарқандни ихтиёр қилганини ёзади.


Бобур темурийлар салтанати тарихи ва шажараси, тахт учун курашлардаги воқеаларга тўхталар экан, Амир Темур Самарқанд тахтини тўнғич ўғли Жаҳонгир Мирзо (1356-1376)га бергани, аммо тахт ворисининг бевақт ўлими сабаб унинг ўғли, яъни Амир Темурнинг набираси Муҳаммад Султонга васият қилганин ҳам келтириб ўтган. Афсусуки, отаси вафотидан сўннг туғилган Муҳаммад Султон(1376-1404) бобосидан ҳам аввал бу оламни тарк этган. Бу ўринда Бобур темурийзодалар орасидаги тахт учун бошланган можаро сабабларидан бирини келтирмоқда.


Самарқанд ва Андижон тахтидан айрилган ёш Бобур маълум муддат Ўратепанинг Даҳкат деган жойида кун кечиради. Бобур Даҳкат оқсоқолларидан бирининг бир юз ўн бир ёшли онаси билан суҳбатлашгани, бу кекса онахоннинг қариндошларидан бири Амир Темурга черикликка кириб, Ҳиндистонга борганини гапириб бергани Бобурнинг Ҳиндистон ҳақидаги тасаввурларни янада бойитган. Ажаб эмас, айнан ўшанда Бобур қачонлардир Ҳиндистонга боришни аҳд қилган бўлса!


Амир Темур салтанатини сақлаб қолишга жон-жаҳди билан интилган Бобур яқин қариндошларининг ноаҳиллиги ва ноҳамжиҳатлигидан, айниқса, Ҳирот ҳукмдори Султон Ҳусайн Мирзо каби “Темурбек ўрунуға ўлтурғон улуғ подшоҳ” (Бобур ибораси) нинг бепарволигидан Мовароуннаҳрни сақлаб қололмайди. Энди Бобур Амударёдан ўтиб, ҳақли равишда Кобул тахтига даъвогар бўлади. Бобурнинг бобоси Султон Абусаъид Мирзо Кобул тахтини ўғли Умаршайх Мирзо (1456-1494), яъни Бобурнинг отасига берган, аммо кўп ўтмай ўғлини Кобулдан қайтартириб Фарғонага жўнатади. Бунинг сабаби Амир Темурнинг ўз вақтида Фарғона вилоятини иккинчи ўғли Умаршайх Мирзо (1356-1394) га берганини эслаб, буюк соҳибқиронга тақлид қилган. Эътибор қилинг ҳар иккала Умаршайх Мирзо таваллуди ва вафоти орасида роппа-роса юз йил фарқ бор.


Шундай қилиб, Кобулни фатҳ этган Бобур ўзини подшоҳ нисбасини қабул қилади. “Ушбу тарихқача Темурбекнинг авлодини бовужуди салтанат мирзо дерлар эди, ушбу навбат буюрдумким, мени подшоҳ атагайлар”, деб ёзади Бобур ўзи бу ҳақда.



Бобурнинг бу буйруғини ғарб олимларидан бири “ўғлининг келажагига оқ поёндоз тўшади”, деб таърифлаган. Яъниким, кўп ўтмай подшоҳзода Ҳумоюн таваллуд топган эди.


Кобулда мустаҳкам ўрнашиб олган Бобур энди нигоҳини Ҳиндистон томонга қаратади. Бҳира, Хушоб, Чиноб, Чиниват каби вилоятларга юриш қилган Бобур бу жойларни ўз мулки ҳисоблайди. Деҳли султони Иброҳим Лўдийга элчи жўнатиб қадимий туркка тааллуқ жойларни қайтариб беришни талаб қилади. Қониқарли жавоб ололмаган Бобур 1424 йили Лоҳурни ҳам ўз давлати тасарруфига қўшиб олади ва келаси йили охирида Деҳлига юриш қилади. 1526 йили Панипат жангида ғолиб келган Бобур Ҳиндистонни ҳам эгаллайди ва ўз давлати пойтахтини Кобулдан Аграга кўчиради.


Бобур зининг бу ҳарбий юришини тўлиқ баён қилган. Амир Темур Ҳиндистонни фатҳ этганидан сўнг Деҳли ҳукуматини саййидларга топширгани, Султон Алоуддин замонида Лўдийлар тахтни тортиб олгани каби маълумотларни келтирган. Ҳиндистонлик давлат арбоби ва тарихчи К. М. Паниккар “Бобур Деҳли тахтига ҳақли равишда эришгани, негаки унинг томирларида Амир темур қони оқиши” сабаб эканини таъкидлаган.


Юқорида Бобур Самарқандни эгаллаганида Амир темур томонидан барпо этилган боғ-роғлар, олий иморатлар унинг қалбида улкан таассуротлар қолдирганини ёзган эдик. Бобур Кобулни ва Ҳиндистонни фатҳ этганидан сўнг бу ўлкаларда ўнлаб самарқандча чорбоғлар, сарой, кўшк, толор мадраса, масжид ва бошқа иморатлар бунёд эттирган.



Бобур Ҳиндистонда мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишларини бошлайди. Амир Темур даврида Самарқандда бир кунда икки юз сангтарош иш қилганини “Зафарнома” да ўқиган Бобур Аграда олти юз саксон киши ва Секри, Баяна, Гвалияр, Дҳолпур ва бошқа шаҳарларда бир кунда тўрт минг тўқсон бир сангтарошни ишга олади.


Хулоса қилиб айтганда,  Бобур ҳар томонлама Амир Темурга ўхшаш ва муносиб бўлишга ҳаракат қилган ва ўз олдига қўйган буюк мақсад – кучли марказийлашган давлат ўрнатишга эришган.


 


Ботирали ЙЎЛДОШЕВ                           


 

ҲАР СЎЗИ РОСТ ЁЗИЛГАН

"Бобурнома" нусхалари ва нашрлари
Шеърият ва адабиёт

 


Яқинда улуғ мутафаккир, шоир, муаррих ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) таваллудининг 531 йиллиги алломанинг она ватани – Ўзбекистонда кенг нишонланди. Жаҳон маданияти тараққиётига улкан ҳисса қўшган Бобурнинг ҳаёти ва ижоди беш асрдан буён Ғарб ва Шарқ олимлари томонидан улкан қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда. Афсуски, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида шўро фирқачиларининг тазйиқига учраш натижасида Бобуршунослик бир оз орқага чекинди.


Хайрият кўп ўтмай Ватанимиз озодликка эришди ва янги имкониятлар пайдо бўлди. Юртбошимизнинг “Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ўзбек халқининг довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан бири ўлароқ, ул зот бизни ўтмиш тарихимизни қадрлашга, келажакка буюк ишонч билан қарашга ўргатади ”, деб айтган сўзлари олимларимизга куч ва ғайрат бағишлади.


Қутб минор

Me'moriy yodgorliklar

 


Ҳиндистондаги энг баланд минора ҳисобланади. Баландлги 72 метрлик бу иншоотнинг биринчи қаватини манбаларга кўра 1191 йили ражпут рожаси Притхриваж Чаухан қурдирган. Орадан саккиз йил ўтиб Ғурийлар ҳарбий саркардаси Қутбиддин Ойбек минорани қайтадан қурдирган ва шундан сўнг унинг номи билан атала бошлаган. Миноранинг уч қавати қизил тошлардан қурилган.


Кейинчалик 1370 – йилда Ферузшоҳ Тўғлоқ тўртинчи ва бешинчи қаватларни қурдирган. Бу сафар қизил тошлар билан бирга мармар ҳам ишлатилган. 1803 – йили зилзила оқибатида миноранинг гумбази қулаб тушган.


 


Қутб минор ёнидаги майдончада ўрнатилган темир устун маълумотларга қараганда эрамиздан аввлги II-асрда бунёд этилган. Ажабки йигирма уч асрдан буён қанча ёмғир ва шунча муддат қуёшнинг нурлари тиғи остида қолган бўлишига қарамай ҳеч қандай занг босмаган. Ривоятларга қараганда шу устунга елкасини тираб иккала қўли билан уни тескари қучоқлаб бармоқларини бир- бирига теккизган одам бахтли бўлармш. Шу сабабдан бахтини синаб кўришни хоҳловчиларнинг сон- саноғи йўқ.


Бобур Панипат жангида ғолиб чиққанидан сўнг, Деҳли тахтига ўтиришидан олдин Қутб минорни ва Султон Аловуддин Хилжий мақбарасини зиёрат қилганини ёзган. 


 

Чингиз Айтматов Бобур ҳақида

Бобуршунослик

 


Бобур, Улуғбек каби буюк тарихий шахслар, ҳукмдорлар тўғрисида ҳам замондошларимизга қизиқарли воқеаларни сўзлаб беришимиз мумкин-ку!


 


Шоир, тарихчи, файласуф Бобур подшоҳ Ҳиндистонда Буюк мўғуллар давлатига асос солади. У илгари Ўш, Андижон вилоятининг ҳокими бўлган. Амир Темур каби Бобур ҳам Афғонистонда, Ҳиндистонда буюк ғалабаларни қўлга киритади. Дарвоқе, у ўн бир яшарлик пайтида отасидан айрилади. Унинг кейинги фаолиятлари ноёб истеъдод соҳиби бўлганидан дарак беради.


Ўрта асрларни тадқиқ этган тарихчилар, ёзувчилар Бобур подшоҳнинг жасорати тўғрисида кўпгина китоблар яратганлар. Подшоҳнинг ўзи ёзган “Бобурнома” эса дунёнинг бир неча тилларига таржима қилинган ва ҳозиргача ўзининг тарихий қимматини йўқотган эмас.  

Пешовар музейи

Бобуршунослик

ПЕШОВАР МУЗЕЙИ – Покистоннинг Пешовар шаҳрида 1907 й. қиролича Виктория шарафига бунёд этилган музей. Музей биноси ҳинд, мусулмон ва инглизча архитектурасидан иборат аралаш дизайн асосида қурилган. Пешовар музейида 14156 тарихий осори-атиқа ва ашёлар сақланади. Улар орасида ўрта асрларда бобурийлар давлати тангалари, ҳарбий қуроллари, кийимлар, сарой ашёлари ва миниатюралар ҳам бор.


Б.Й. 

Олмалиқ

"Бобурнома" да географик жой номлари
Илм-фан

ОЛМАЛИҚ – Или дарёси бўйида жойлашган тарихий шаҳар, ҳозир уйғур тилида Кулжа, хитой тилида Йининг () деб номланади. Туркийлар ҳоқонлиги даврида Олмалиқ муҳим стратегик аҳамиятга эга шаҳарлардан бири саналган. Чиғатойхон даврида (1226-42йй) унинг пойтахти ҳисобланган. Туғлуқ Темур ҳукмронлиги (1351-63) даврида муҳим ислом шаҳарларидан бирига айланган.


Олмалиқ шаҳри тўғрисида Ўрта аср сайёҳларидан Даоизм тарғиботчиларидан  Қуи Чужи ва марокашлик Ибн Баттута ҳамда Бобурнинг холаваччаси Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг асарларида кенг маълумот берилган.


“Б.” да Олмалиқ Фарғона вилоятининг шимолида жойлашгани хабар қилинган (1б).


                (Тошкент вилоятидаги Олмалиқ (1951 й ташкил топган.) шаҳри билан чалкаштирманг.)


Ибрагимов Режабали,


Хитойшунос


Ад.: Н. Иброҳимов. Ибн Баттута ва унинг Ўрта Осиёга саёҳати

Шоҳ Таҳмосп

"Бобурнома" да тарихий шахслар

ТАҲМОСП, Шоҳ ТаҳмоспI (22.02. 1514 (1513 й. март Ҳабиб ус сияр)., Исфаҳон – 14.05. 1576., Қазвин) – Сафавийлар давлати шоҳи. Отаси Шоҳ Исмоил Сафавий. Онаси Шоҳбегихоним (лақаби Тожлихоним). Отаси вафот этганида 10 ёшда бўлган Таҳмосп тахтга ўтирганидан сўнг аввалига вазирлари, вояга етганидан сўнг ўзи мустақил давлатни идора қилган. Ўттиз йилдан ортиқ Усмонли турклар билан уруш олиб борган. Шимол томонда эса муттасил Шайбонийлар билан курашишга мажбур бўлган. Фақат шарқ томондаги Бобурийлар давлати билан яхши қўшничилик, савдо ва дипломатик муносабатларни ўрнатган.


 Бобур 1526 й. Ҳиндистонни фатҳ этганидан сўнг Хожагий Асад бошлиқ элчиларни Сафавийлар саройига жўнатган. Ўз навбатида Сафавийлар томонидан ҳам Сулаймон туркман исмли элси Бобурийлар саройига етиб келиб Таҳмосп номидан мактуб ва совға-саломлар олиб келган (“Б.”, 305а). Бобур Сафавийлар давлати билан чегарадош ҳудудда жойлашган Мўлтон вилоятига ўғли Комрон Мирзони ҳоким этиб тайинлаб, ҳамиша шаҳзода, яъни Таҳмосп билан яхши муносабатда бўлишни насиҳат қилган (“Б.”, 359а).


“Б.” саҳифаларида Таҳмосп тахтга ўтирганидан сўнг Шайбонийлар билан Домғон ва Ҳаргирд навоҳисида бўлган жанглар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган (347аб).


Ярим асрдан кўпроқ тахтда ўтирган Таҳмосп Бобур вафотидан сўнг Ҳумоюн подшоҳ ва Акбар подшоҳ билан ҳам дипломатик муносабатларни сақлаб қолган. Ҳумоюн 1540 й. Ҳиндистонни ташлаб чиққанидан сўнг Шоҳ Таҳмоспдан ёрдам сўраган. Маълум муддат Табризда Шоҳ таҳмосп саройида меҳмон бўлган (“Ҳ.”, 57а-59а) ва берилган ёрдамчи кучлар билан ота тахтини қайтариб олишга муваффақ бўлган.


 Б.Й.

Яссикечит жанги

Бобуршунослик

ЯССИ КЕЧИТ ЖАНГИ   — 904ҳ  Иламиш (Қорадарё) дарёсининг Ясси Кечит гузари бўйида Бобур ва ҳисорлик ёлланма мўғуллар қўшини ўртасида бўлиб ўтган жанг. Бу жангда Бобур шахсан иштирок этмаган. Бобурнинг беклари бу кичик иш учун подшоҳнинг овора бўлиши шарт эмас, деб Қосимбек бочилигида урушга отланишади. Бу орада Аҳмад Танбал ҳам мўғулларга келиб қўшилган бўлади. Бобурнинг йигитлари яхши жанг қилишсада, мағлуб бўладилар. Бобур узоқ сарсонгарчиликлардан сўнг Андижон тахтини қайта эгаллаган пайтида чекилган бу мағлубиятни “ажаб шикаст эди” деб баҳолаган (“Б.”, 65а).


Б.Й.   

эшикоға

"Бобурнома" да тарихий шахслар

ШАЙХАБДУЛЛО ЭШИКОҒА – Умаршайх Мирзонинг бекларидан бири. Умаршайх Мирзо вафот қилганида Ахсида бўлган ва Султон Мамудхон қалъани қамал қилганида унга қарши мудофаада турган (“Б.”, 17а). Бобур тахтга ўтирганидан сўнг унинг хизматига ўтган. Бобур Самарқанд ва Андижонни қўлдан чиарганида ундан ажралиб кетган (“Б.”, 56б).


Б.Й. 

Шаҳбоз қорлуқ

"Бобурнома" да тарихий шахслар

ШАҲБОЗ ҚОРЛУҚ – Аҳмад Танбал хизматидаги беклардан. Бобур Андижон тахтини қўлдан чиқарган вақтида Шаҳбоз қорлуқ Косонда ҳокимлик қилган. Бобур хон тағойилари билан Фарғонага юриш қилганида Шаҳбоз қорлуқ Навканд қўрғонида бўлган. Бекларнинг оҳиста юрайлик, деган таклифини қабул қилган Бобур, Шаҳбоз қорлуқнинг қочоб қолганини билиб, афсус билан тажрибасизлик қилинганини ёзган (“Б.”, 109б).


Б.Й.

Хитоб

"Бобурнома" да тарихий шахслар

 ‘СУЛТОН МАҲМУД’ – хитоб. Султон Жалолиддин Шарқийнинг катта ўғли. Бобур 1529 й. Курарада уларнинг уйида меҳмон бўлган ва мезбоннинг истаги билан унинг катта ўғлиға Султон Маҳмуд хиотбини қўйган. 


  Б.Й. 

Ҳисор беги

"Бобурнома" да тарихий шахслар

СУЛТОН ҲУСАЙН ДЎҒЛАТ – Ҳисорда Султон Маҳмуд Мирзо хизматидаги беклардан.  901ҳ.й. Қоратегинда Султон Ҳусайн Мирзо қўшини билан бўлган жангдан сўнг Андижонга келиб, Бобур хизматига ўтган (“Б.”, 33аб). Кейинроқ Бобурдан ажралиб Султон Маҳмудхон хизматига ўтган. Хонларнинг Фарғона вилояти устига қилган юришида иштирок этган (“Б.”, 103б).


Б.Й.