Низомулмулк (2-қисм)
Низомулмулк ҳар бир ғояни исботлаш учун муайян тарихий ва афсонавий шахслар, сулолалар ва салтанатлар тарихидан, ўтмишидан фойдаланиб, тегишли воқеалардан мисоллар келтиради. Давлат бошқаруви ва ҳукуматчиликка у 875-999 йилларда ҳукм сурган сомоний ҳамда ғазнавий султон ва шоҳларни намуна қилиб кўрсатади. Бу сулолаларнинг намояндаларини ниҳоятда улуғлаб, баъзан уларга хос бўлган фазилат ва яхши хислатларни, хулқ атворларни эъзозлаб, замона шоҳларида ҳамшундай сифатларни кўрмоқчи бўлади ва шу йўл билан уларга давлатни бошқариш борасида самимий маслаҳат қилади.
Низомулмулк замонасидаги салбий муносабатларни баъзан очиқчасига баён қилади, лекин оқил инсон, давлат арбоби бўлганлигидан баъзи ҳаракатлари зое кетаётганлигини яхши тушунади. Ўша даврларда ҳам ҳасадчи ва ғаразли амалдорларнинг бир-бирларига қасд ва душманликлари давлат ишларига, халқ ва салтанатга зиён эканлигини яширмайди. “Бизнинг замонда, — деб ёзади у, — амирлар бир ҳаром динордан чўчимайдилар, ҳақиқатни ёлғонга чиқариб, иш оқиботини ўйламайдилар”. Бошқа жойда “ҳозир шундай замон бўлганки, юз мусулмоннинг қони тўкилса ҳам, бировнинг заррача иши йўқ. Олтинларни олганда ҳам бировни жавобгар қилмайдилар, ишни ҳам оxиригача олиб боролмайдилар.” деб ёзади.
“Сиёсатнома” мавзу жиҳатдан жуда кенг қамровли ва сермазмун асар. Унда давлат бошқарувига алоқадор қарийб ҳамма қоида ва қонунлар, усул ва воситалар, қози ва қозихона ишлари, қўшин ва сарбозлар, хизматчи ва шахсий сарбозлар масалалари, саройдаги соқчилару посбонлар вазифалари, уларнинг маошлари, почта ва айғоқчилик (разведка) ишлари, уларнинг моддий жиҳатлари, хазина ва байтулмол, элчиларга муносабат, ҳатто шоҳнинг оилавий ишлари, унинг базм ва мажлислари, хос ходим ва шахсий соқчилари ҳақида маълумот ва маслаҳатлар бор. Асрда молия ва хўжалик ишлари, солиқ ва хирож, закот ва вақф масалалари ҳам ўрин олган. Улар баъзан керакли даражада очиб берилмаган бўлса ҳам, муайян тадқиқотларга озуқа бўла олади.
“Сиёсатнома”, — деб ёзади профессор В.Н.Заходер, — бу жиддий сиёсий ҳужжат бўлиб, марказий ҳукумат парчаланишига қаратилган асардир. “Сиёсатнома” марказлашган давлат тузишга даъват этиб, кучли давлат маҳкамаси, армия ва бошқа текшириш воситаларини яратишга чақиради.
“Сиёсатнома”нинг энг қадимий нусхаси Британия музейида (А ДД23516) ҳамда Берлинда сақланади. Бу нусхалар 1168-69 йили Урмия шаҳрида амир-ҳожиб Али Жамолиддин фармонига биноан кўчирилган, Шарл Шефер 1291 йили кўчирилган бошқа нусхадан фойдаланиб, асарни француз тилига ўгиради ва 1893 йили нашр этади. 1914 йили Калкутта шаҳрида асарнинг тош босма нусхаси ҳам чоп қилинади.
Кейинчалик, 1932 йили Теҳрон шаҳрида Иброҳим Халхоли иштирокида “Сиёсатнома” асари беш нусха асосида солиштирилиб, босиб чиқарилган. Низомулмулкнинг бу асарини Б.Н.Заходер кўп йиллик тадқиқотларидан сўнг 1949 йили рус тилига таржима қилиб, нашр эттирди. 1960 йили асар инглиз тилида чоп қилинди. “Сиёсатнома”нинг яна бир нашри 1989 йили Душанбеда амалга оширилди. Асарни нашр этган олим А.Девонақулов ўз сўз бошисида асарнинг асосан бадиий аҳамиятини умуминсоний қадриятлар жиҳатидан таҳлил этган. Аммо бу нашр баъзи камчиликлардан холи эмас: асарнинг баъзи боблари тушириб қолдирилган.
Изоҳлар (0)
RSS ўгириш / айлантиришРўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.