топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбек тили — маданият кўзгуси

Знаменательные даты
Маданият ва маърифат
Халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ва дунёда кенг эътироф этилган ўзига хос шундай урф-одатлари, анъана ва қадриятларимиз борки, уларни бошқа халқларда учратиш қийин. Ўзбекона лутф ана шулардан бири. 

Бир-биримизга лутф қилиб, «Ассалому алайкум!» деб мурожаат этишимизда ҳам ўзига хос сеҳр ва меҳр мужассам. Айниқса, ўзаро гурунгларда, дилкаш давраларда бўладиган лутф фақат бизнинг халқимизгагина хос, десак, хато бўлмайди. Мулоқот жараёнида бир-биримизга яхши сўзлар айтамиз, айниқса, ёши улуғларга, меҳмонга алоҳида такаллуф кўрсатамиз. Бу – она тилимизнинг ўзига хос жозибасидан далолат.


Тил халқнинг, миллатнинг тарихи, маданий мероси, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган буюк хазинадир. Ўз она тилига эга бўлиш ва унинг ривожланиши миллатнинг маънавий ўзлигини ифодалайди. 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлган эди. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – миллатнинг руҳидир. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Бу унинг мустақил давлатимиз Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзи эканига ишорадир. 

Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда ўзбек тили кенг қўлланаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда ўзбек тилини ўрганишга қизиқувчилар кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир. 

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиёт намуналари, беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилаётган ишларнинг энг муҳимларидандир. Ушбу луғат 80 мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шевага хос сўзларни ўз ичига олган. 

Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Айни кунларда ҳам мазкур санага бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. 

Тилимизни эъзозлаш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашда буюк аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти катта ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Бунга буюк мутафаккир Алишер Навоий ижоди ёрқин мисол бўла олади. Улуғ сўз санъаткори ўзининг нафис шеърияти орқали тилимизнинг беқиёс гўзаллиги ва бой имкониятларини намоён этган бўлса, илмий асарларида унинг ривожланиш йўлларини таҳлил қилган. 

Она тилимизнинг беқиёс имкониятларини ўрганиш, асраб-авайлаш муҳим вазифалардан биридир. Ўзбек тилини қўпол бузиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Ўз она тилини ҳурмат қилган одамгина бошқа тилни ҳам ҳурмат қилади, уни сидқидилдан ўргана олади. Бошқа тилда бийрон сўзлаш яхши, аммо ўз она тилини унутиш эвазига бўлмаслиги керак. Зеро, она тилисиз инсоннинг маънавий-руҳий илдизлари соғлом бўлмайди. 

Ҳар қандай тил эҳтиромга лойиқ, бироқ ер юзида ўз она тилининг бойлиги-ю жозибаси билан фахрлана оладиган миллатлар кўп эмас. Жарангдор лутф, хуш каломларга бой ўзбек тилимиз билан ҳар қанча ифтихор этсак арзийди. Она тилимизга эҳтиром кўрсатиб, ўзбекона лутф билан бир-биримизни хушнуд этайлик. Токи бундай каломдан қалбда меҳр уйғонсин. 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.