топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Садриддин Айний юбилейи нишонланмоқда

Знаменательные даты
 
Тожикистонда 20 аср тожик адабиёти асосчиси Садриддин Айнийнинг юбилейини нишонлаш бошланди. 15 апрель куни ёзувчи, жамоат арбоби ва олим, Ўрта Осиё халқлари адабиёти ва тарихи бўйича бир қатор асарлар муаллифи бўлган Садриддин Айний таваллудига 140 йил бўлади. 
 
Яқинда Душанбеда Садриддин Айний асарлари тўплами қайта нашр қилинди. Тожикистон Ёзувчилар уюшмасида буюк ёзувчининг ижодига бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди, унда Марказий Осиё, Россия ва ғарб мамлакатларининг етакчи тадқиқотчилари иштирок этди. 
 
Буюк ёзувчининг юбилейига бағишланган асосий тадбирлар 14 апрель куни бўлиб ўтади. Ўша куни Душанбеда Тожикистон қаҳрамони Садриддин Айнийнинг таъмирланган уй-музейи тантанали очилади. 
 
Ёзувчи, олим ва жамоат арбоби Садриддин Саидмуродзода Айний 1878 йили Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган. Ўзбек ва тожик тилида ижод қилган. Тожикистон Фанлар академияси академиги ва биринчи президенти (1951-54), Ўзбекистон Фанлар академияси фахрий аъзоси (1943), Тожикистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1940), филология фанлари доктори (1948), профессор (1950). Аввал эски мактабда (1884-87), кейин мадрасалар: Мир Араб (1890-91), Олимхон (1892-93), Бадалбек (1894-96), Ҳожи Зоҳид (1896-99), Кўкалдош (1899-1900)да таҳсил олган. Аҳмад Дониш ва озарбайжон ёзувчиси Ҳожа Мароғийнинг ҳамда бошқа маърифатпарварларининг асарлари унинг дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатади. Айний Бухорода янги усулдаги мактаблар очади, улар учун ўқув қўлланмалар, оммани илм-маърифатга чақирувчи шеър ва ҳикоялардан иборат «Ёшлар тарбияси» (1909) дарслигини тузади. «Бухоро жаллодлари» (1922) повести, «Бухоро манғит амирлигининг тарихи» (1921) асарида Бухоронинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ифодаланган. «Одина», «Қиз бола ёки Холида» (1924), «Тожик адабиётидан намуналар» (1926), «Қул бобо ёки икки озод» (1928) каби қисса, ҳикоя, очерклари муҳим аҳамиятга эга. Айний тожик ва ўзбек адабиётларининг минг йиллик тарихий тараққиётида етишиб чиққан 200 дан ортиқ шоир, тарихчи, олим, тазкиранавислар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот беради. Айний 1927-29 йилларда йирик романи «Дохунда»ни тожик тилида нашр эттирди. 1934 йилда эса ўзбек тилида «Қуллар» романини яратди. Унда ўзбек ва тожик халқининг юз йиллик ҳаёти акс этади. Айнийнинг «Эски мактаб» (1935) асарида эски мактабдаги ўқиш ва ўқитиш ҳақида ҳикоя қилинади. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларда эълон қилинган қатор ҳажвий асарлари, «Яна бу қайси гўрдан чиқди», «Пулинг ҳалол бўлса, тўй қил» (1924), «Машраб бобо», «Ё, тўним» (1925), «Билганим йўқ», «Кенгаш» (1926) каби ўзбекча фельетонлари, ҳажвий шеър ва мақолалари, айниқса, «Судхўрнинг ўлими» (1939) ҳажвий повести ёзувчининг моҳир сатирик эканлигини кўрсатди. Муқанна ва Темурмалик бошчилигидаги халқ қўзғолонини акс эттирувчи адабий-тарихий очерклар ёзди. У тўрт қисмдан иборат «Эсдаликлар»ида (1949-54) Бухоронинг ўтмиш ҳаёти ва ўша давр ижтимоий-маданий муҳитини ёритади. Адабиётшунос, тилшунос, шарқшунос олим сифатида «Фирдавсий ва унинг «Шоҳнома»си ҳақида» (1934), «Камол Хўжандий», «Шайхурраис Абу Али ибн Сино» (1939), «Устод Рўдакий» (1940), «Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий» (1942), «Алишер Навоий» (1948), «Зайниддин Восифий» (унинг «Бадое ул-вақое» асари ҳақида»), «Мирза Абдулқодир Бедил», Муқимий, Ғафур Ғулом ва Саид Назар ҳақидаги асарлари ўзбек ва тожик адабиётшунослиги ва танқидчилигида, «Форс ва тожик тиллари ҳақида», «Тожик тили» каби илмий ишлари тожик тилшунослигида муҳим воқеа бўлди. Айнийнинг «Дохунда», «Қуллар», «Судхўрнинг ўлими» ва «Эсдаликлар» асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларидаги бир қатор шаҳар, туманлар, қишлоқлар, кўчалар, мактаблар, кутубхоналар, санъат ва маданият муассасалари Айний номига қўйилган.
 
Тожикистон Республикаси Президентининг ижтимоий тараққиёт масалалари ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Абдужаббор Раҳмонзоданинг 10 апрель куни маълум қилишича, ёзувчининг уй-музейи Имомали Раҳмон топшириғига биноан таъмирланди. Садриддин Айний “Тожик адабиёти намуналари” деб номланган илк миллий тожик ижодиёти антологиясини тузилди», дея таъкидлади Раҳмонзода. 
 
Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори туфайли Садриддин Айнийнинг Самарқанд шаҳридаги уй музейини таъмирлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
 
Душанбедаги Садриддин Айний архивининг бош сақловчиси Мохшариф Табаровнинг айтишича, олимлар ёзувчининг уч йил аввал топилган ўзбек ва араб тилидаги қўлёзмаларини ўрганишмоқда.
 
Манба
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.