топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Имло уялганда...

Знаменательные даты
Маданият ва маърифат
«Тилга эътибор – элга эътибор» дейди халқимиз. У она тилимизга давлат тили мақоми берилганида, ўзбек тилининг софлигини асраш, ривожини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишларда яққол тасдиғини топмоқда. Аммо қарс икки қўлдан чиққанидек, тилга эътибор масаласида элнинг ўзи ҳам масъулиятли бўлиши лозим. Афсуски, кейинги вақтларда ана шу масъулият бироз унутилаётгандек. Айниқса, ижтимоий тармоқларда... 

Telegram тармоғидан фойдаланувчилар яхши билади – бир вақтнинг ўзида ўнлаб кишилар гуруҳ бўлиб, бир-бири билан оғзаки, ёзма мулоқот қилиши мумкин. Яқинда ана шундай гуруҳлардан бирининг ёзишмаларини кузатдим. 

Н. исмли фойдаланувчининг туғилган куни муносабати билан гуруҳ аъзолари уни қутлай кетишди: 

«..
. ортик (ўртоқ деб ёзмоқчи бўлган, шекилли) тугилган кун мубарак, соглик, бахит, омад тилиман, мартебез улуқ булсин, фарзантларозни рохатини кориб юрин!» 

«Табриклимиз… илохим… бн бахтли яшаб, боллариз рохати куриб юрила» 

«...! Туқилган куниз блан! Оилавий бахт, омад тилиман» 

Буларга жавобан туғилган кун эгаси шундай деб ёзди: 

«Рахмат хаммалинга! Тилайларин узларунга хамрох булсин» 

Бир хатга туширса, жумла бўлиш ҳоли йўқ бу ёзишмада ўнлаб имло хатолари бор-а? Аммо булар ҳали ҳолва экан. Тармоқдаги айрим ахборот каналлари тарқатаётган «ҳикматли сўзлар», «фалсафий тўртликлар»ни ўқиб, бу борада улоқни олиб қўйганлар кўплигига амин бўлдим: 

«Дийдилар Инсони алам йеглатар 

Дийдилар Инсони гам йеглатар 

гам билан аламни килменг гунхкор 

аслида Инсони Инсон йеглатар!!!». 

«Ёмон одамлар болмайди 

Ёмон одатлар болади». 

«Унитманг… нимага ишонсангиз ўша нарса содир бўлади. 

Сиздаги ишонч бунга замин яратади. Фақат яхшиликка ишоннинг!». 

Энг ёмони шуки, бу каби «ҳикматли сўзлар», «фалсафий тўртликлар» асли касби ўқитувчи ё журналист бўлган айрим фойдаланувчиларнинг ёзишмаларига ҳам «зеб» бериб турибди. Бири миллат тарбиячиси, бошқаси сўз заргари бўлатуриб, она тилига эътиборсиз бўлаётгани учун уларни койисанг, ёнини оладиганлар ҳам топилади. «Нима қилибди, вақти камлиги учун сўзни қисқартиргандир...», дейди улардан баъзилари. 

Аслида йигирма биринчи аср кишисининг вақти жуда кўп! Рўзғордаги барча юмушларни маиший техника бажарса, сиёҳ чаплаб қоғоз қоралаш эртак бўлиб қолган – хат, ҳисоб-китоб компьютер зиммасида. Сафарга чиқмоқчи бўлсак, машинадан тортиб самолётгача хизматга шай. Шундай экан, «вақтнинг камлиги» баҳона, холос. Асл саводли киши вақтни тежаш мақсадида сўзни қисқартириб ёзмайди. Сўзни қисқартириш матнни бузиш билан бирга, тилга ҳурматсизлик эканини яхши англайди. 

Тилимиз грамматик қоидаларга солинган, қатъий талаффуз нормаларига эга. Унинг афзалликларидан бири сўзларнинг талаффузи билан ёзилиши ўртасида деярли фарқ йўқ. Айнан шунинг учун ҳам адабий тилимиз турли шеваларда гаплашувчи юртдошларимиз учун тушунарли бўлган мулоқот воситасидир. Унга оид илмни мактабдаёқ ўргана бошлаймиз. Сўнг олий ўқув юртида билимимиз янада мустаҳкамланади. Қолаверса, китоб мутолааси, зиёлилар билан суҳбат, оммавий ахборот воситалари, кино, қўшиқлар тилимиздаги адабийликни чархлаб боради. 

Дунёда тилининг луғат бойлиги мингта сўзга етмайдиган қабилалар ҳам бор. Мутахассисларнинг таъкидлашича, улуғ рус шоири А.С.Пушкин ўз ижодида 25 минг, инглиз адиби В.Шекспир 22 минг, испан ёзувчиси Сервантес эса 18 минг сўзга мурожаат қилган бўлса, буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўз асарларида 28 мингдан ортиқ сўз ишлатган экан. Бизнинг тилимиз дунёда энг бой тиллардан бири. Миллатимиз, Ватанимиз унинг номи билан аталади. Шундай экан, она тилимиз – давлат тили қаршисида ҳар доим масъулиятли бўлиб, газета-журнал ва ёки ижтимоий тармоқ, ҳатто бир парча қоғозга бўладими, сўзни тўлиқ, тўғри ёзайлик! Сўзлашганда тил қоидаларига риоя қилайлик! Ахир, у бизга боболардан мерос, келажак авлодларга биздан дарак қолдирувчи бебаҳо восита.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.