топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ассалому алайкум, онажон!

Знаменательные даты
Маданият ва маърифат
..Ўша куни ҳам одатдагидай оила аъзоларимиз билан эрталабки нонушта қилаётгандик. Учинчи синфда ўқийдиган қизим юз-қўлини ювиб келиб, биз билан инглиз тилида сўрашди. 

– Good morning, daddy! Good morning, mommy! 

Ҳар бир ота-она фарзандининг хориж тилини болалик чоғидан ўрганишини хоҳлайди. Ахир, глобаллашув замонида икки-учта чет тилни ўрганиб қўйган яхши-ку! Тил билган – эл билади, дейди халқимиз. Қизим ҳам улғайгач, нуфузли олий ўқув юртларида ўқиса ёки таржимон бўлибми, дипломат бўлибми дунё кезса ажабмас. Яхши ният – ярим давлат. Мен ҳам қизимни рағбатлантириб, инглизча жавоб бердим: 
– Good morning, honey! 
Онаси менга хавотирли қараб, бир нима демоқчи бўлди-ю гапини ичига ютди. 
Балки ўша кунги воқеа бўлмаганда мен ҳар доим такрорланадиган бу ҳолатга унчалик аҳамият бермаган, аксинча, қизимни қўллаб-қувватлашда давом этаверган бўлардим. Нонуштадан сўнг қизим билан йўлга тушдик. Ҳар куни уни мактабига олиб бориб, кейин ўзим ишга кетаман. Йўл-йўлакай у билан суҳбатлашиб бордим. Маҳалламиздаги болалар майдончаси олдида унинг эркалиги тутди: 
– Дада, бир марта качелида учиринг, илтимос! 
Қизлар оталарига меҳрибон бўлади, дейишади. Шунинг учун оталар қизларининг олдида ўзини уларнинг ҳамма тилакларини бажаришга қодир киши сезса керак. Унинг жилмайиб турган чеҳрасига қараб, завқим келди. Соатга қарадим, ҳали дарс бошланишига вақт бор экан. Қизимнинг илтимосини бажардим. Кейин дўкон олдида яна эркаланди. 
– Дада, супермаркетга кирайлик. Менга попкорн билан “Кола” оберинг! 
Ана шунда миямга яшиндай урилган фикрдан ўзим ҳам сесканиб кетдим – аёлимнинг хавотирли нигоҳидаги маънони уққандай бўлдим. Наҳотки, бодрингнинг инглизча “cucumber” эканини бизга ўргатган фарзандим хориж сўзларининг ўз она тилидаги таржимасини билмаса?! “Кока-кола” майли, у дунёга машҳур ичимлик сувининг номи. Лекин қизим айтган бошқа сўзлар-чи? Наҳотки, у ўз тилида качели – арғимчоқ, супермаркет – дўкон, попкорн – бодроқ эканини билмай улғаймоқда?! 
“Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилинганига йигирма саккиз йил бўлди, ҳали мамлакатимиз мустақил бўлмай туриб қабул қилинган қонунлардан бири, деб кўксимизга уриб юраверибмиз-у ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам она тилимизга, бу дегани онамизга, она Ватанимизга беписанд муносабатда эканимизни англамабмиз. 
Ҳа, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлганини бот-бот такрорлаймиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Остонада ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида ўзбек тилида сўзлаган нутқидан фахрланамиз. Лекин ўзимиз-чи? Она тилимизга қанчалар эътиборлимиз? Бугунги кунда “оммавий маданият”, глобаллашув, интеграциялашув таъсири остида турли чет сўзларнинг тилимизга муқим ўрнашиб қолгани ҳақида гапиришни қойиллатамиз. Кундалик ҳаётимизда эса ўша “четдан кириб келган” сўзларни бемалол мулоқот жараёнида ишлатаверамиз. 
Кун давомида қўллайдиган сўзларимизга эътибор беринг: проезд, кружка, процент, оптом, подъезд, сообщение ва ҳоказо… Ахир, проездни кира ҳақи, йўлкира; кружкани сархум, чўлмак; процентни фоиз; оптомни кўтара, улгуржи; подъездни кириш йўли; сообщениени хабар, деб ишлатсак, яхши эмасми?! Ёки номи ўзгарган, аммо тилимизга шунчалар ўрнашиб қолган “Сквер”ни “Амир Темур хиёбони”, “Максим Горький” бекатини “Буюк ипак йўли” бекати деб аташ фурсати аллақачон етмадимикин? Исм танлашда-чи? Турли сериал қаҳрамонларию, хориж актёрлари, спортчиларига ҳавас қилиб, дунёга келган фарзандларимизга Камрон, Мигель, Жумонг, Роналду, Месси, Кемал, Ишани ва яна шунга ўхшаш ажнабий исмларни қўйишимиздан мақсад нима?! 
Отамнинг бир ҳангомаси эсимга тушиб кетди: ўша замонларда қишлоқдан Масковга ўқишга борган қиз йиллар ўтиб, ота-онасини кўриш учун уйига қайтиб келаётганмиш. Овулига бораверишдаги тўқайзорда бир гала қарғанинг чарх уриб учаётганини кўрган қиз тушмагур ҳайрат билан “Вуй, каргаларнинг кўплигини!” дермиш. Тилимизга хориж сўзларини қўшиб гапириш ё ўз сўзларимизни чийириб талаффуз қилиш аслида замонавийлик белгисими, қолоқликми? 
Ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган даврда яшаяпмиз. Мобиль алоқаю, интернет, компьютерлар ҳаётимизда катта кўмакчига айланиб улгурган. Лекин ижтимоий тармоқларда дўстлар билан мулоқот жараёнида тил меъёрлари, тўғри ёзиш қоидаларининг қўпол равишда бузилаётганини кўриб, танганинг иккинчи томони борлигига амин бўламиз. Бунга мисол келтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, ҳар биримиз шундоқ ижтимоий тармоқдаги саҳифамизга ё бизга келадиган шахсий хабарларга кўз югуртирсак кифоя. 
Шу ўринда яна бир воқеа эсимга тушди. Ишхонамизга нуфузли хорижий олий ўқув юртининг пойтахтимиздаги филиалида ўқиётган талаба амалиёт ўташ учун келди. Тушунамиз, уларга дарс хориж тилида ўтилган. Аммо ўзини ҳурмат қилган инсон барибир она тилида сўзлашишни, ёзишни билиши керак. У эса оддийгина икки оғиз сўздан иборат жумлани хорижий тил қоидалари асосида таржима қилар (масалан, “мен келдим ишга соат тўққизда” каби) ва танбеҳ эшитгани-эшитган эди. 
Биз ўзимизда она тилига меҳрни тарбияламас, кундалик ҳаётимизда унга эътибор ва ҳурматимизни оширмас эканмиз, охир-оқибат тилимиз таназзулга юз тутиши муқаррар. 
Шу кундан бошлаб қизимга она тилимиздаги сўзларни, кундалик турмушимизда қўлланадиган четдан кириб келган сўзларнинг тилимиздаги муқобилини ишлатишни ўргатишга ҳаракат қилдим. Айни пайтда унинг хорижий тилни ўрганишига ҳам тўсқинлик қилмадим. Энди қизим тилимиздаги “уй” сўзининг русча “дом”, инглизча “home”, “мактаб”нинг эса “школа” ва “school” эканини билар, лекин уни мавриди келгандагина ишлатиш зарурлигига ўрганди. 
Натижа эса узоқ куттирмади. Кеча қизим нонуштага ўтираркан ўз она тилида сўрашди: 
– Ассалому алайкум, отажон! Ассалому алайкум, онажон! 
Мен ҳам, онаси ҳам бундан хурсанд бўлдик.
Байрам Айтмуродов, ЎзА 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.