топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Кечаги тармоқнинг янги имкониятлари

Новости ZiyoNET


Қишлоқда бинойидек билим олган Абдумаликжон ўқишнинг кейинги босқичини шаҳарда давом эттира бошлагач, жуда ўзгарди. “Замонавий бўлиш” истагида у сочини хўроз тожига монанд тараб, бир томони осилган, бир тарафи тор бўлган, алламбало (шалвираган) кийимлар кия бошлади. Янги моделдаги қўл телефони олганда эса йигитчани назоратга олган тоғасининг хавотири ошди. “Ишқилиб, ўқишдан совиб кетмасайди, бу бола!”, дея кўнгли беҳижил бўлди унинг.



Хавотир ўринли чиқди. Тенгқурлари ёрдамида “ўргимчак тўри”га уланиб олган йигитча ўзича “янги олам”ни кашф этди. Қизиқишлари уни ижтимоий тармоқларнинг фаол аъзосига айлантириб қўйди. Дастурхон бўйида ҳам, йўлда ҳам, имкон топса, дарсда ҳам телефонидан кўз узмай қўйди. Тоғанинг насиҳатлари-ю, даккилари ҳавода қолаверди. Қаттиққўллик қилиб уришганлари унинг бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқди. Йигитча виртуал оламнинг буткул қарамига айланиб улгурган эди. Қишлоқдан елкалаб келган китоблари жавонда қолди. Энди бунга қарши қандай чора топиш керак?


“Яна уришсам, опам хафа бўлади” дея тоға жиянини билим олишнинг қайноқ жараёнига қайтариш учун бошқа йўлларни қидира бошлади. Ўйлаб-ўйлаб муаммонинг ечимини топгач, кечки таомдан сўнг, Абдумаликка сўз қотди:


—  Жиян, зиёнет порталига кириб кўрдингми?


—  Йўқ ҳали.


—  Сен шу порталга бир кириб кўр-чи! Янгилангандан кейин имкониятлари жуда кенгайибди. Чет тилини ўрганиш, ўзинг ўқиётган соҳани мукаммал билишинг учун сайтдан қўшимча адабиётлар олиб, улардан фойдаланишинг мумкин. ¥удди ижтимоий тармоқлардаги каби ўз профилингни очиб, гуруҳларнинг аъзосига айлансанг ҳам бўларкан. Айниқса, илм-фанга оид савол-жавоблар баҳсида қатнашиб, билимингни синайсан… бойитасан...


—  Хўп, тоға! Бугуноқ сайт билан танишиб чиқаман… — деди меҳрибончиликдан кўнгли ийиб кетган йигитча шошиб.


Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2005 йил 29 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган ZiyoNET таълим портали бугун дунёда юз берётган глобаллашув ва ахборот хуружларининг олдини олиш, ёшлар учун миллий ахборот-ресурсларни шакллантириш ва ривожлантириш, ёш авлоднинг маънавий ва ақлий жиҳатдан камол топиши учун зарур маълумотлар тақдим этадиган, соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва бошқа ахборот-коммуникация хизматларини таълим тизимига жорий қилишда кўмаклашадиган интернет тармоғи ҳисобланади.


Поёнига етаётган йил портал учун кўриниш, кириш қулай ва сара маълумотлар тақдим этиш борасида янгиланишлар даври бўлди. 


— Тармоғимиз жорий йилнинг май ойида тубдан модернизация қилиниб, янгича кўринишга, фойдаланиш осон бўлган қулай дизайн ва янги логотипга эга бўлди, — дейди ZiyoNET ресурс марказининг Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бўлими бошлиғи Улуғбек Тайлоқов. — У “Савол-жавоблар”, “Кутубхона”, “Сайтлар”, “Арбоблар”, “Ўйинлар”, “Таълим муассасалар”, “Хорижий тиллар”, “Иқтидорли ёшлар” ва “Гуруҳлар” деб номланган бўлимларга ажратилган. Сайтни янгилаш жараёнида маълумотларнинг мукаммаллигига, қидириш қулайлик яратишга эътибор қаратдик. Жумладан, кутубхона бўлимининг интерфейси тубдан ўзгартирилди. Ресурслар олдингидек архив форматида эмас, матнли ва график кўринишга келтирилиб, қайта сараланди. Эндиликда қизиқувчилар қулай қидирув тизими жорий қилиниб, керакли манбани нафақат номи орқали, балки мавзу ёки матнга тегишли бирон сўзни ёзиб ҳам излаб топишлари мумкин. Кундан-кун тўлдирилиб борилаётган бўлим бугун 66 мингдан ортиқ манбани фойдаланувчиларга тақдим этади. Улар орасида сўнгги йилларда қайта нашрдан чиққан дарсликларнинг336 нусхаси, вазирлик таъсислиги остидаги журналларнинг жами 136 тасонининг электрон шакли ҳам бор.


Ўқитишни янги талаблар асосида ташкил этиш ва умумтаълим мактабларининг чет тиллари хоналаридаги компьютер техникаси, проектор, маркерли доска, ТВ-тюнер, DVD плеейрли магнитола каби замонавий восита ва анжомларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш таълим сифатини оширишга хизмат қилади. Бу дарсларни интернет ҳамда мультимедиали материаллар асосида ташкиллаштиришда қўл келиб, тил ўргатиш жараёнини осонлаштиради. Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида порталда янги бўлим сифатида ишга туширилган “Хорижий тиллар” бўлими чет тили ўқитувчиларига машғулотларнинг қизиқарли ўтишини таъминлайдиган мультимедиаларни ҳам тақдим этмоқда. Айни кунгача инглиз тилини ўргатувчи 429та қизиқарли ўйин ҳамда дидактик материаллар берилгани шулар жумласидан. Мазкур бўлим ёрдамида кичкинтой, ўсмир ва талабалар ва ўқувчи-ёшлар инглиз, француз, немис, испан ва бошқа хорижий тилларни босқичма-босқич ўрганиш имконига эга бўлишмоқда.


Ижодкор ёшлар, ташаббускор ва изланувчан ўқитувчилар учун портал лойиҳаси — Fikr.uz сайтида ҳам “Чет тили”, “IELTS materials”, “ICT for English Teachers” блоглари очилган. Ушбу блоглар  инглиз тилини ўргатувчи грамматик, фонетик ва лексик материаллар билан бойитиб борилмоқда. Тармоқнинг яна бир катта имкониятларидан бири uТube.uz  видеопорталида бугунгача 18 мингта ресурс жойланган бўлиб, шундан 200га яқини “Соғлом бола йили”га бағишланган, 1429тасини чет тилларини ўргатувчи видеороликлар ташкил этади. Шунингдек, фойдаланувчилар тармоққа кирганда тил ўргатиш учун мўлжалланган манбалар ягона манзилга жамланган “Learning foreign languages” – “Чет тилларини ўрганиш” бўлими орқали “Last videos from uTube.uz” — uTube.uz видео порталидан ўрин олган сўнгги материаллар, “The video of the day” — “Кун видеоси”, “Games”-“ўйинлар”, “Site-satellites”-“Сайт-сателлитлар” номи остида сайт-сателлитларда жойлаштирилган мақолалар, “Library” — “Кутубхона”га жойлаштирилган тегишли материаллар, Fikr.uz  ва Tanlov.uz  лойиҳасидан ўрин олган инглиз тилидаги барча мақола, танлов ва грантлар ҳақидаги эълонлар ҳамда “Last massages from uForum.uz” — uForum.uzда билдирилган фикрлар билан танишиб борадилар.


Порталдаги республикамиз таълим муассасалари ҳақидаги маълумотлар, дислокация ҳам тубдан янгиланди. Ушбу бўлим орқали фойдаланувчи хоҳлаган таълим муассасаси манзили, телефон рақамини ва ушбу муассаса ҳақидаги маълумотни осонгина топади. Ўзи ўқиган ёки ишлаётган мактаби ҳақида маълумот киритиш орқали бошқа таълим муассасалари педагоглари билан фикр алмашиш имконига эга бўлди. “Арбоблар” бўлимида инсоният тарихида ўчмас из қолдирган машҳур инсонлар ҳақидаги маълумотлар жамланди. Ўз тенгдошлари орасида илм-фан ва спорт соҳасида энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган ёшларимизга бағишлаб ишга туширилган “Иқтидорли ёшлар” бўлими 400 нафарга яқин иқтидорли, илғор ва фаол, ютуқлари бисёр ёшлар ҳақидаги маълумотлар билан янгиланди. Шунингдек, ёшлар порталнинг “сайтлар” бўлимидан қизиқарли ва фойдали сайтлар рўйхатини олади. ¥ар бир сайтга қисқача изоҳ берилган бўлиб, фойдаланиш учун қулай кўриниш-бўлинмаларга бўлиб чиқилган. 50дан ортиқ дарсликларни ўзида жамлаган “E-darslik” мобиль дастури ҳам порталдаги ўзига хос янгилик сифатида кутиб олинди. uMail.uz почта қутисига келиб тушувчи бепул SMS хизмати ҳам тармоқнинг яна бир афзаллиги жиҳатини намоён этади.


“ZiyoNET” — миллий телекоммуникация тизимида ґіув-таълим, илмий, ёшлар ва болаларбоп материалларни бирлаштирувчи ягона ахборот-ресурс майдонига эга бўлган жамоат таълим тармоІи сифатида фойдаланувчилар учун қатор қулайликларни ґзида мужассам этиб келмоқда. Хусусан, энг муҳим янгилик тариқасида айтиш мумкинки, бугун порталдан ижтимоий тармоқ сифатида ҳам фойдаланса бўлади. Аъзо бўлганлар сайтдаги дўстлари билан билан фикр алмашиши ҳамда мавзуга оид гуруҳлар яратиши, турли мавзуларни ўртага ташлаб, муҳокама қилиши ҳамда ўзларининг фотоальбомларини яратиб, медиа файллар киритишлари мумкин. Бу хорижий ижтимоий тармоқларнинг доимий ҳамроҳига айланиб қолган ёшларимизни интернет хуружларидан ҳимоялаш, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга оид миллий ресурслардан баҳраманд этиш, уларнинг интернетдан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.


— Энди синфдошлар ва курсдошлар ўзаро алоҳида гуруҳлар очишда ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмайдилар, — дейди Халі таълими вазирлиги ҳузуридаги “ZiyoNET” бґлими етакчи мутахассиси Гулчеҳра Иброҳимова. — Чунки гуруҳ яратишга киришилганда барча таълим муассасалари рўйхати тизим томонидан таклиф этилади. Гуруҳларда суҳбат қуриш, дўстлар билан маълумотлар алмашиш, кутубхона материалларини юклаб олиш ва уларни баҳолаш, шу билан бирга, “Савол-жавоб”, “Гуруҳлар” ҳамда онлайн ўйинларда иштирок этиш орқали балл йиғиб, ўз рейтингини кўтаришади. Юқори рейтинг соҳиблари маъмурият томонидан доимий равишда рағбатлантириб борилади. “Савол-жавоблар” хизмат тури йўлга қўйилгани илмга чанқоқ, изланувчан ёшларимизга қўл келади. Унда фойдаланувчилар ўзларини қизиқтирган саволларини йўллаб, масъул админ ҳамда тармоқнинг бошқа фойдаланувчиларидан жавоб олишлари мумкин. Рўйхатдан ўтиш борасида ҳам қатор қулайликлар яратилди: энди ZiyoNET портали орқали тўғридан-тўғри рўйхатдан ўтиш имконияти мавжуд.


“Ўйинлар” бўлимига кириб кичкинтойлар билан фарзандларимизнинг ақл-заковатини синовчи, тезкор фикрлаш ва ҳозиржавобликка ўргатувчи онлайн ўйинлар иштирокчисига айланиши мумкин. 6-9, 10-13, 14-16 ёш ва ундан катталарга мўлжалланган бошқортирмали, мантиқий, чет тилларни ўрганишга йўналтирилган “Сумкангни тайёрлаб қўй!”, “Мақолнинг давомини топ!”, “Мактаб дастуридан саволлар”, “Кроник саргузаштлари”, ”Спорт турини аниқла!”, “Озода боғ” каби 400дан ортиқ ўйинлар барчани қизиқтириб қўяди.


Сайтга жойлаштириб борилаётган педагогика ва методикага оид энг сўнгги янгиликлар, дарс ишланмалари, фанлар кесимидаги тест ва савол-жавоблардан таълим тизими ходимларининг самарали фойдаланишини ташкил этиш мақсадида жойларда ўқув-семинарлар уюштириляпти. Яқинда Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилган шундай тадбирларда мактабларнинг ZiyoNET тармоғига уланиш ҳолати ва улаш жараёнида юзага келаётган камчиликларни бартараф этиш, ресурслардан машғулотларда самарали фойдаланишга оид тавсиялар берилди.


 


Илҳом ЖЎРАЕВ«Маърифат» газетаси

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.