топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Глобал ахборот маконидаги ишончли қалқон

Новости ZiyoNET

AKT va yoshlar



Юртимизда 11 миллиондан ортиқ киши интернетдан мунтазам фойдаланади. Уларнинг асосий қисми ўқувчи-ёшлардир. Масалан, ҳозирги кунда умумтаълим мактабларида қарийб 4,5 миллион бола таҳсил олмоқда. Салкам ўн йилдан буён барча мактаблар ягона ZiyoNET тармоғига уланган. Мазкур тармоқ Uz доменидаги энг йирик ахборот-таълим ресурси ҳисобланади. Унда ёшлар учун фойдали ва аҳамиятли ахборот манбалари, дарслик ва ўқув қўлланмалар, турли соҳаларга доир адабиётлар, медиа маҳсулотлар, мультимедия воситалари, таълим мақсадида фойдаланилувчи бир қатор интерфаол хизматлар жамланган.


Ўтган йили ZiyoNET портали янги талқинда қайта ишлаб чиқилган эди. Аввалги кўриниши янада қулай ва ёшларбоп дизайнга алмаштирилиб, қўшимча бўлимлар билан тўлдирилди. Ҳозир порталда “Савол-жавоблар”, “Таълим”, “Кутубхона”, “Сайтлар”, “Арбоблар”, “Тадбирлар”, “Ўйинлар”, “Муассасалар”, “Гуруҳлар” “Хорижий тиллар”, “Иқтидорли ёшлар” бўлимлари мавжуд.


—            Эндиликда ZiyoNET ижтимоий тармоқ вазифасини ҳам бажармоқда, — дейди  ZiyoNET ресурс марказининг Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бўлими етакчи мутахассиси Гулчеҳра Иброҳимова. — Зеро, бугунги ўқувчи тайёр ахборот истеъмолчиси бўлибгина қолмай, ўзи ҳам ахборот яратиб, бошқалар билан бўлишишни хоҳлайди. Портал шундай имкониятни тақдим этади. Масалан, ёшлар ўзларига дўстлар танлаб, улар билан фикр алмашиши, шахсий блог, сайт ва электрон почта қутиси (uMail.uz)ни очиши, виртуал гуруҳлар тузиши, турли мавзуларда форумлашиши, фикр алмашиши ва муҳокамаларда иштирок этиши, фотоальбомлар яратиши, медиа файллар киритиб бориши мумкин. Тизимга республикамиздаги барча таълим муассасаларининг рўйхати, манзили ва телефон рақамлари киритилган. Шу боис синфдош ёки курсдошлар учун алоҳида гуруҳ очиш, уларни қидириш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.


Онлайн савол-жавоблар тармоқдаги мутлақо янги хизмат тури ҳисобланади. Махсус бўлим реал вақт шароитида портал маъмури ҳамда фойдаланувчилари билан мулоқот қилиб, ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб топиш имконини беради.


 ZiyoNET маконида интернетдаги машҳур халқаро ижтимоий ахборот ресурсларининг ўзбекча аналоглари яратилган. Шулардан бири 18 мингта медиамаҳсулотни ўз ичига олувчи uТube.uz  видеопорталидир. Эътиборлиси, uТube.uzга жойлаштирилган  видеороликларнинг 200 тага яқини Соғлом бола йилига бағишланади.


Таъкидлаш керак, “Соғлом бола йили” мавзуси йил давомида ZiyoNET порталининг бошқа йирик лойиҳаси — Fikr.uz (ўзбек тилидаги блоглар сайти)да ҳам фаол муҳокама қилинди. Шу муносабат билан сайтда “Фарзандлари соғлом юрт...”, “Малакали педиатрлар тавсиялари”, “Ёш оналар ва кичкинтойлар учун” блоглари ташкил этилиб, уларда мавзу юзасидан тавсия, методик қўлланма, мақола ва бошқа турли материалар бериб борилмоқда. Кириб келаётган 2015 йил учун эса Fikr.uzда “Кексалар  иззатда”, “Қариси бор уй — фариштали уй” каби блоглар очилган.


—            Жорий йил давомида порталимизда энг кўп фойдаланилган манбалардан бири “Ўйинлар” флеш дастури бўлди, — қайд этади Гулчеҳра Иброҳимова. — Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Биринчидан, ZiyoNET тармоғидаги барча ўйинлар педагог ва психологлар иштирокида болалар ёшига мослаб яратилган. Иккинчидан, улар ҳам таълимий, ҳам тарбиявий аҳамиятга эга. Боз устига, аксариятида миллий қадриятаримиз, маданий ва маънавий меросимиз тарғиб қилинади. Таъкидлаш жоиз, “Ўйинлар” бўлими болажонлардан ҳам кўпроқ уларнинг ота-оналари эътиборини жалб қила олди. Зеро, ZiyoNET портали ота-оналарга фарзандини ахлоқсизлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи эмас, фойдали компьтер ўйинлари билан машғул этишда ёрдам бермоқда.


Яна бир маълумот: юртимиздаги ягона ахборот-таълим тармоғи инглиз тилини ўрганувчилар учун бепул репетитор сифатида хизмат қилади. 2013 йилда унда чет тилларини ўргатувчи алоҳида бўлим ташкил қилинганди. Бўлим 370дан зиёд ўқув материали билан таъминланган. Мазкур таълим ресурси кичкинтой, ўсмир ва талабалар учун мўлжалланган бўлиб, инглиз, француз, немис, испан каби хорижий тилларни мустақил равишда ва босқичма-босқич ўрганиш имконини беради. Муҳими, бунда фойдаланувчиларнинг ёш хусусиятлари эътиборга олинган. Айтайлик, кичик ёшдаги болаларга инглиз алифбоси ҳарфларини ахборот-коммуникация технологиялари асосида расмли тақдимотлар кўринишида танитишнинг самараси яхшироқ. Шу мақсадда порталга кичкинтойлар учун махсус ишлаб чиқилган “Picture dictionary” материали жойлаштирилди.


Тил ўргатиш хизмати ZiyoNET порталининг “Кутубхона” ва “Ўйинлар” бўлимлари, Fikr.uz ва uТube.uz сайтларида ҳам мавжуд. Биргина uТube.uz да шунга доир 1429та видеоролик жамланган. Fikr.uz сайтида эса “Чет тили”, “IELTS materials”,  “ICT for English Teachers” блоглари юритилади. Шунингдек, “Ўйинлар” бўлимига инглиз тилини ўргатувчи 429та ўйин ҳамда дидактик материаллар киритилган. Барча манбалар ягона “Learning foreign languages” манзили орқали бир-бири билан боғланади. Бу эса уларни топиш учун жуда қулайдир.       


 “Кутубхона” бўлими ZiyoNET тармоғининг ҳақиқий зиё манбаи десак адашмаймиз. Электрон кутубхона 65 мингдан зиёд адабиёт фондига эга. Жумладан, унда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун мўлжалланган барча дарсликларнинг электрон нусхаларини топиш мумкин. Яқинда ZiyoNET мактаб ўқувчиларига электрон дарсликлардан фойдаланишнинг бошқа қулай шаклини ҳам тақдим этди. Бу уяли алоқа воситалари учун ишлаб чиқилган “E-darslik” мобил дастуридир. Ҳозир ушбу дастурдан 40дан ортиқ дарслик ўрин олган. Асосий афзаллик — ўқувчи мактабга дарслик китобларини кўтариб бормайди.        


Янги мингйилликда шиддат билан давом этаётган технологик тараққиёт кўплаб соҳалар қатори таълимда туб ўзгаришлар ясамоқда. Замонавий ахборот технологиялари таълим олишни ҳамма учун қизиқарли жараёнга айлантира олгани рост. Бугунги кун  олимларининг «XXI асрда ахборотлардан фойдаланишни билмаган киши, XX асрда ўқиш ва ёзишни билмаган одамга ўхшайди» деган таъбири АКТ ҳаётимизда нечоғлиқ муҳим аҳамият касб этишини тасдиқлагандек гўё. Ўзбекистонлик минглаб ўқувчиларга таълимнинг янги имкониятларини очиб берган ZiyoNET ягона ахборот-таълим тармоғи янги йилда ҳам ривожланишда давом этади. Мамлакат ёшларининг глобал ахборот маконидаги мустаҳкам ва ишончли қалқони бўлиши учун.


Наргиза УМАРОВА,


“Turkiston” мухбири 


 


 


 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.