топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Жамият тараққиёти ва маънавий юксалишида адабиётнинг ўрни

Новости ZiyoNET


 


Ҳар бир даврда ҳам жамият ривожи ва тараққий этишида, унинг маънавий юксалишида бадиий адабиёт, умуман адабиётнинг ўрни беқиёс  бўлиб келган.


 Ҳар даврнинг адабиёт зиммасига қандайдир тўғри талаблар юклашини худди шу мавзу тадрижида ҳам кўриш мумкин… Шу маънода ҳозирги замон ўзбек адабиётининг энг ечимталаб муаммоларига алоҳида эътибор қаратмоқ мақсадга мувофиқдир.


Барча соҳалар каби миллий адабиётда эркин янгиланиш имкониятлари вужудга келди. Адабий ислоҳга интилиш илгарилари ҳам маълум даражада рўй берган бўлса-да, кейинги йилларда бу жараён ўзгача мазмун ва аҳамият касб этди.


 Ҳозирги адабиётимиз ислоҳоти тозариш, тузалиш, ўнгланиш  маъноларинигина эмас, ҳақгўйлашиш ва юксалиш умидини ҳам  ифодалайди.


Адабиёт рамзлар тили, эзгулик ва қабоҳатнинг мангу жанггоҳи, инсон қалбидаги чексиз изтиробларини тасвирлаши билан одамларни ҳар доим ўзига тортиб келган.


Бугунги хабарлар уммони замонида ижодкорнинг асосий вазифаси асар ўқувчисининг бадиий дидини тарбиялаш, нафосатни ҳис қила олиш, яхшиликка интилишга ўргатиш, руҳиятини ўстиришдан иборатдир. Бугунги кунда хоҳлаймизми, йўқми замонамизда салмоқдор ижод қилаётган ижодкорлар бармоқ билан санарли даражададир.


Маълумки энди кўп ижодкорлар ялтироқ қофия ва сохта гап билан нафосат шайдоларини алдаб бўлмаслигини англаб етмоқдалар. Эътиқоди барқарор, халқлари аҳил, маънавияти юксак Ватандан файз-баракот аримайди.


Бундай шароитда инсон ўзини бунёдкор ҳис қилади, яратувчилик иштиёқи билан яшайди. Шунингдек, Истиқлол таровати миллий шеъриятни шу каби янгича нуқтаи назарлар билан бойитди. Шунингдек, Ватан тавсифига бағишланган асарларда туркий халқларнинг қон-қардошлиги, қадриятлари, урф-одатлари муштараклиги ва ҳамкор-ҳамқадамлиги етакчи ғоялардан бирига айланди.


Бугунги ўзбек адабиёти, адабий-назарий таълимот, тарғибот жабҳалари қандай муҳим масалалар ечимига эътибор қаратмоқда?


Айни кунда Ёзувчилар уюшмаси томонидан қизғин баҳслар ва  муҳокамаларга бой долзарб масалаларга доир адабий-танқидий чиқишларни  қамраб олган турли ижодий учрашув ва тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.


 


Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Жамият тараққиёти ва маънавий юксалишида адабиётнинг ўрни” номли долзарб мавзуда ёш ижодкорлар ва ОАВ вакиллари иштирокидаги ижодий учрашув ташкил этилди.


 


Мазкур ижодий учрашув бугунги кунда ўзининг кўп сонли мухлис ва ўқувчиларига эга, асарларини кенг китобхон оммаси севиб ўқиётган  севимли ва таниқли ижодкорлардан бири Улуғбек Ҳамдам билан бўлиб ўтди.


Улуғбек Ҳамдам шоир, ёзувчи, адабиётшунос олим, хуллас, серқирра ижодкорларимиздан.


Қолдаверса, бизнинг таълим тармоғи ҳисобланган “ZiyoNET” ва Fikr.uz сайтимизнинг энг фаол иштирокчиларидан ҳисобланадилар.


Улуғбек Ҳамдамнинг адабий-танқидий мақолалари, шеърий туркумлари, насрий асарлари кенг жамоатчилик эътиборини тортган. Ижодкорнинг кўнгил хазинаси турли жанр ва услубдаги асарлар шаклида майдонга чиққан ҳамда муаллифнинг адабий шахсиятини намоён қилади.


Адабиётшунос олим ва шоир билан мулоқотда муаллиф асосан бугунги адабий жараён, эркин ижод; Назм ва наср; ўзбек шеърияти асосчилари ва буюк истеъдод эгалари; Бугунги истиқлол адабиёти; бадиий ҳақиқат сири;


— Адабиётшунослик ва адабий танқидчиликнинг замонавий адабиёт борасидаги фаолияти;


— миллий сўз санъатининг янгиланиш жараёни ҳам, авлодларнинг маънавий баркамоллиги учун ҳаракат жараёни ҳам хилма-хил теран тадқиқотлар оқимини тақозо этиши;


— Бадиий адабиёт нечоғлик санъат саналмасин, инсонга қанчалик завқ-шавқ улашмасин, у ҳамиша ахлоқий тарбия воситаси ҳамда маънавий тарбия жараёни экани;


— Ёш авлоднинг бугунги маънавий эҳтиёжига жавоб бера оладиган, турли ёшдаги фарзандларимизга мўлжалланган, мавзулари ранг-баранг китоблар яратиш миллий адабиётнинг энг муҳим вазифаларидан бири эканлиги;


Адабий жараёнда, хусусан, адабиёт илми ва адабий тарғиботда ҳам улкан  вазифалар кўплиги, уларда шоир-ёзувчиларнинг ўрни;


-маънавий юксалиш ва Ватан тараққиётида сўз ва адабиётнинг аҳамияти каби мавзуларда ёшларга ҳаётий сабоқлари ва мисоллар орқали тушунча берди.


Дарҳақиқат, юқоридаги муаммоларни ҳал этиш янги авлодларимизнинг маънавий камолотига ёрдам беради.Шарқона анъаналар билан етук умуминсоний қадриятлар уйғунлиги асосида янгиланиш адабиётимизнинг тўғри ва ўзини оқлайдиган йўлидир. Мақбул интилишларгина адабиётни юксалтиради ва унинг тарғиботи авлодлар маънавий комиллигига хизмат қилади. Давримиз ижод аҳлидан, олимлар ва мураббийлардан чуқур идрок, ёрқин ақл-заковат шижоат ва катта салоҳиятни талаб этаётир. Истиқлол аталмиш неъматнинг масъулияти шундай жиддий ва залворли бўлиши табиийдир албатта.


Шунингдек, юқоридаги фикрларни мантиқан давом эттириб, Юртбошимизнинг “Маънавият — инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир, десак, менимча, тарихимиз ва бугунги ҳаётимизда ҳар томонлама ўз тасдиғини топиб бораётган ҳақиқатни яққол ифода этган бўламиз...” деган пурмаъно сўзларини келтирсак мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлаймиз.


 


Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга  жавоб олдилар.


Қуйида ушбу тадбирдан лавҳалар:


0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.