топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Узбекистон конституцияси – энг илғор, инсонпарвар ва адолатли конституция

Поддержка акций ZiyoNET
Илм-фан
Ситорабегим МУХАМЕДЖАНОВА –БухМТИ ўқитувчисi Ўзбекистон Республикаси Конституцияси дунёдаги энг илғор, энг инсонпарвар, адолатли Конституциялардан деб атасак мубалаға бўлмайди… Келажаги буюк давлат қуриш, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш, ҳаётимизни тараққий топган давлат ва халқларнинг ҳаёти даражасига кўтариш сингари эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқишида Асосий қонунимиз – Ўзбекитон Республикаси Конституцияси ҳал қилувчи роль ўйнайди. Конституциямизнинг давлатимиз, жамиятимиз ва ҳар бир инсон саъй-ҳаракатларини, уларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб ва чегаралаб берувчи қомус сифатидаги аҳамияти беқиёсдир. Конституциямиз асосида қабул қилинган қонун ва фармонларнинг ҳукмронлиги, Конституциямиз олдида барчамизнинг тенглигимиз ва масъулиятимизни таъминлаш, Асосий қонунимизнинг ўрни ва аҳамияти ҳамда маъно-моҳияти тўғрисидаги таъриф ва тарғибот бугунги кунда янгича мазмун касб этмоқда. Конституция атамаси қадимда сиёсий тузум маъносини англатган. Конституция хуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақил юртнинг биринчи Конституцияси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1990 йил 20 июнда бўлган иккинчи сессиясида мустақиллик деклорацияси қабул қилинди. Деклорацияда Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эълон қилинди. 1991йил 31-августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида Қонун қабул қилинди. Бунда Мустақиллик Декларацияси ва Баёнот асос бўлиб хизмат қилди. Ушбу қонун 17 моддадан иборат бўлиб, ҳужжатда Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида қўйган илк қадамларининг ҳуқуқий асоси яратилди. Ўз моҳиятига кўра уни Муваққат Кичик Конституция деб таърифлаш мумкин. Мазкур қонуннинг ютуғларидан бири биринчи марта Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги жорий этилди.Ушбу қонунда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллатидан қатъий назар бир ҳил фуқаролик ҳуқуқларига эгалиги ҳамда уларнинг Республика Конституцияси ва Қонунлари ҳимоясида бўлиши қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 12-чақириқ,11-сессиясида (1992йил, 8-декабрь) хуқуқий ва аҳамиятга молик хужжат-Мустақиллик конституцияси қабул қилинди. У иқтисодиётда, ижтимоий-сиёсий муносабатлар ва маънавий хаётда чуқур ислоҳатлар ўтказиш учун пухта худудий пойдевор яратди. Мустақил Ўзбекистон Конституцияси жахон ҳамжамиятининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқларини тўла мужассам қилади. Ушбу Конституция инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча муҳим қоидаларни, инсоннинг яшаш, эркинлик ва шаҳсий дахлсизлик ҳуқуқи, мулкдор бўлиш ҳуқуқи ва бошқа шу каби ҳуқуқларни ўз ичига олгандир. Бизнинг Конституциямиз нафақат юридик ҳужжат, балки у миллий мафкурамизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий асосини ташкил этувчи умуминсоний ғояларга хизмат қилади. Давлат ва жамият ривожланишининг муҳим йўналишларини ва уларнинг тузилишларини белгилаб берадиган, тартибга келтирадиган олий юридик ҳужжат конституциядир.Конституциямизни нафақат таърифлаганда, балки қоидаларни моддама-модда рўёбга чиқариш асосида уни ҳаётимиз Қомуси деб билишимиз ва қадрлашимиз катта аҳамиятни касб этади. Конституциямизда халқимизнинг ҳуқуқий демократик давлат адолатли фуқаролик жамияти, эркин ва фаровон ҳаёт қуришдек орзу-ҳаваси ўзининг тўла ифодасини топган. Унда ҳаётимизнинг гарови бўлмиш тинчлик, осойишталик, тотув ҳаётнинг асослари белгилаб берилган. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари бир – бирига уйғунлаштирилган. Энг муҳими, инсон ҳуқуқи, инсон эркинлиги мустаҳкам муҳрлаб қўйилган. Конституциямизда энг олий қадрият сифатида асосий эътибор давлат ва ижтимоий тузумга эмас, балки инсон манфаатларига қаратилган. Унинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа даҳлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади, деб белгилаб қўйилган. Бундан ташқари инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари эълон қилинибгина қолмасдан, шу модданинг ўзида демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилишни ҳам мустаҳкамланган. Асосий қонунда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари мазмунини бевосита очиб берувчи 34 та модда мавжуд. Унинг муқаддимасидан тортиб, якунловчи қоидаларига қадар инсон тўғрисида, унинг фаровонлиги тўғрисида ғамхўрлик ғоялари сингдирилган. Ҳар қандай давлат органининг, ҳар қандай мансабдор шахснинг фаолияти инсон манфаатларига бўйсундирилади. Мустақиллик йилларида биз ҳалқимиз ва давлатимизнинг Конституцияси аҳамиятини аниқ тасаввур қилдик ва аввало нимадан воз кечиб, нималарни қўлга киритишимизни англаб етдик. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки шу билан бирга уни ҳимоя қилувчи қалқон жамиятимизнинг асосий хуқуқий пойдевори ҳисобланади. Энг муҳими конституция туфайли Ўзбекистон Республикаси янги демократик давлат сифатида дунё сиёсий харитасидан муносиб ўрин эгаллади. Президентимиз Ислом Каримов Конституциянинг моҳиятига таъриф берар экан, шундай деб таъкидлаб ўтган эди, — “Дунёдаги ривожланган демократик давлатларда ҳеч бир фуқаро, ҳеч бир одам ўз ижтимоий шахсий хаётини ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши конституциясиз тасаввур эта олмайди”. Фикримизга якун ясар эканмиз, давлат ва жамиятимизнинг таянчи ҳисобланган Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг маънавий, маданий мерос, миллий тафаккур, муқаддас исломий қадриятлар ва кўп асрлик ўзбек давлатчилиги тажрибаси ҳамда ҳуқуқий анъаналарига асосланган ва уларнинг бой ижобий тажрибасини ўзида акс эттирган қонуний ҳужжатдир.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.