топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Буюк ишлар учун яралган умр

Поддержка акций ZiyoNET
Илм-фан


Тошкент темир йўл муҳандислари институтида “Ислом Каримов – янги давр ўзбек давлатчилигининг асосчиси” мавзуида Республика анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори А. Саидов, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси раиси ўринбосари Й. Назаров,“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Кадрлар бошқармаси бошлиғи Н. Эркинов ва Ўзбекистон Халқ артисти М.Йўлчиевалар иштирок этди.
Йиғилиш аввалида мамлакатимизнинг энг оғир ва мураккаб бурилиш даврида етакчилик қилишга ўзида куч топа олган инсон Ислом Каримовнинг ҳаёти, буюк маданият ва тарихга эга бўлган халқни ҳурликка етаклаган даврлари, мамлакат тинчлиги ва осойишталиги йўлида амалга оширган ишлари, Ўзбекистонни ҳеч кимдан кам бўлмаган давлатга айлантириши, қолаверса бугунги ёруғ кунларга элтишдаги собитқадамлиги ва жасорати акс эттирилган “Мустақил Ўзбекистон асосчиси” филми намойиш этилди.
Тадбирни институт ректори М. Расулов олиб борди. Йиғилганларни меҳмонлар билан таништириб, биринчи Президентимиз раҳнамолигида ўтган давр мобайнида темир йўл тизими ва институт ҳаётида амалга оширилган ислоҳотлар хусусида сўз юритди.
— Бугунги давр, Ислом Каримов бошчилигида озодликка эришган халқимизнинг миллий салоҳиятини янада юксак чўққиларга кўтариш, жамиятнинг турли соҳаларида бунёдкорлик ишларини амалга ошириш давридир, — дейди ректор Маъруфжон Расулов. — Шундай экан, биз зиёлилардан ислоҳотларга бефарқ бўлмаслик, талаба-ёшларни ватанпарвар, фидоий, ўзининг мустаҳкам фуқаролик позитсиясига эга, жамиятдаги ислоҳотларга дахлдор шахс сифатида тарбиялаш, ёрқин келажакка ишонч ҳамда ўз соҳамизда фаол бўлишимизни тақозо этади.
Учрашув давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Акмал Саидов Ислом Каримов билан боғлиқ хотираларини эслади, мустақиллик йилларида биргаликда амалга оширган ишларини гапириб берди.
—                   Мустақилликнинг илк йилларида давлатимиз танг аҳволга тушибқолган эди, — дейди академик Акмал Саидов. — Биринчи президентимиз юртимизни мана шундай тангликдан қутқариб, озод ва обод Ватанга айлантирди, яшаш тарзимиз яхшиланди. Буларнинг барчасида Ислом Каримовнинг хизматлари чексиз.
Шунингдек, Ўзбекистон Халқ артисти Муножат Йўлчиева ҳам сўзга чиқиб Ўзбекистоннинг биринчи Президенти хусусида фикрларини билдирди.
—              Франция давлатида туриб Ватанимда ўтказилган президентлик сайловида биринчилардан бўлиб Ислом Каримовга овоз берган эдим, — таъкидлайди Ўзбекистон Халқ артисти Муножат Йўлчиева. —Ўзбек фарзандлари она тили – ўзбек тилида гаплашишни унитаётган эди. Она тилимизга биринчи юртбошимиз раҳнамолгида давлат тили мақомининг берилиши билан бунга чек қўйилди. Бугун она тилимизда равон, эркин гапира оламиз. Буюк давлат арбобининг санъат ва маданият соҳаларида амалга оширган ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ниҳол» мукофоти, «Зулфия” номидаги Давлат мукофоти биринчи Президентимиз ташаббуслари билан таъсис этилгани барчамизга аён.
Шундан сўнг иштирокчилар шўбаларга мақолалар муҳокамасига таклиф этилди. Конференция ишида барча олий ва ўрта таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий-текшириш институтларининг илмий ходимлари, мустақил тадқиқотчилар, магистрлар ва иқтидорли талабалар иштирок этди. 250га яқин мақола 3 та: мустақиллик йилларида амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий-маданий ўзгаришлар, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг баркамол авлодни тарбиялаш концепсияси ҳамда ушбу мавзуларда иқтидорли талабалар шўбаларида тингланди. Анжуман ишининг хулосаси сифатида тақдим этилган ва шўбада маъқулланган илмий ишлар тўплам сифатида чоп этилиши белгиланган.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.