topik, blog, fotoset yoki yo`naltirgich yaratish

Ўзбекистонда шахсий маълумотлар ҳимояси давлат томонидан кафолатланади

Ўзлигим
Jamiyat

Шахсий иш, шахсий буюм, шахсий ҳаёт… Уларга кимдир дахл қилишини истайсизми? Йўқ, албатта! Президентимиз фармони асосида тасдиқланган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида ишлаб чиқилиши белгиланган “Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси шу мақсадни кўзлайди.

Хўш, қонун қайси шахсий маълумотларни муҳофазага олади? Уларни қандай тартибда ҳимоя қилади? ЎзА мухбири бу саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиевга мурожаат қилди.

– Шахсий маълумотлар, деганда шахсни бевосита ёки билвосита аниқлаш имконини берувчи ҳар қандай маълумот – унинг исми, бармоқ излари, оиласи ҳақидаги маълумотлар, яшаш манзили, иш жойи, телефон рақами ва ҳ.к. тушунилади.

Қонунчилигимизда шу пайтга қадар шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга оид бир қатор нормалар бўлса-да, бу соҳадаги муносабатларни яхлит қонун даражасида тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас эди.

Президентимиз фармони асосида тасдиқланган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида ишлаб чиқилиши белгиланган “Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида шахсий маълумотларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланади. Уларни ҳимоя қилишнинг яхлит механизми яратилади.

Қонунда шахсий ва оилавий сир дахлсизлигига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, “Электрон ҳукумат” тизими ривожланиши муносабати билан жисмоний шахсларга оид маълумотлар билан ишлаш жараёнида улар ошкор қилинишининг олдини олиш чоралари ва бошқа қоидалар назарда тутилади.

Қонуннинг пировад мақсади фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларини, шахсий дахлсизлиги, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, номга бўлган ҳуқуқи, тасвирга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилади.

Мазкур қонун лойиҳаси Давлат дастури бўйича 2018 йил 1 декабрга қадар Давлат персоналлаштириш маркази, Ахборот технологиялари вазирлиги, ИИВ, Бош прокуратура, МХХ, Олий суд, Конституциявий суд, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.

Бу борада Германия, Франция, Буюк Британия, Россия тажрибалари ўрганилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА

0 izoh

Ro'yhatdan o'tganlar va tasdiqlanganlargina izoh qoldirishlari mumkin.