топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Тил - миллатнинг руҳи

Ўзлигим
Жамият
Ҳар бир миллат ўз келиб чиқиш тарихига эга ва шу қаторда ўша миллатнинг тили ҳам унинг ривож топишида муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Зеро, Абдулла Авлоний айтганидек ,,Ҳар бир миллатнинг борлигини кўрсатадурғон ойинайи ҳаёти- бу тил ва адабиётдир”.

Шу ўринда сўз мулкининг султони Алишер Навоийни ҳам тилга нақадар эътиборли бўлганлигини айтиб ўтиш жоиз. У ўз асарларида қадимги туркий тилнинг нақадар жозибадор эканлигини ва бошқа тиллардан ҳеч қолишмаслигини исботлаб берган. Бунга мисол қилиб ,, Хамса” сини олиш мумкин. А.Навоийгача бўлган хамсанавис шоирлар форс-тожик тилида асар яратиб келган бўлса, Навоий бу анъанани давом эттирмаган ҳолда, бошқа йўлдан борди. У туркий тилда ҳам асарлар ёзиш мумкинлигини кўрсатиб берди. ,, Хамса” нинг биринчи достони ,, Хайрат ул-аброр”дир. Панд-насиҳат руҳида ёзилган мазкур достондаги ҳар бир жумла китобхонга тушунарли қилиб битилган. Асарда ранг-баранг мавзулар мужассамлашган бўлиб, унда нафақат инсонларга балки тилга, хусусан адабиётга ҳам эътибор қаратиш кераклиги ҳақида фикрлар келтирилган.

Навоий тилнинг, қолаверса сўзнинг аҳамиятиҳақида айтиб ўтади. Унда сўзнинг қанчалик қудратга эга эканлиги, унинг нақадар юксак даржадалиги ҳақида гап боради. Жумладан қуйидаги мисраларида ҳамбуни кўришимиз мумкин:

Тил бу чаманнинг лоласи,

Сўз дураридан бўлубон жоласи.

Яънитил чамандаги бир лола бўлса, сўз ундаги шабнамдир. Бу билан шоир тилни бир чаман-боғдаги лолаларга қиёс этади. Сўз эса унга қўнган шабнамга тенглаштирилган.

\

Жон бўлиб ул руҳ анинг қолиби

Ким танида руҳ анинг толиби.

Бу мисраларда шоир сўзни жон деб атаган, аммо шундай жонки оддий жонлар унга жасад саналади, деб муболаға даражасига олиб чиққан.

Навоий ,, Хамса”сидаги асарларни ўқир эканмиз у сўзни нақадар улуғ санаганлигини ҳатто уни жавҳар-яъни гавҳарга тенглаштирганининг гувоҳи бўламиз. Келажак авлодга қолдирилган бу улкан мерос орқали ҳар бир китобхон ўз саволларига жавоб топади. Қолаверса, она тилимизнинг нақадар бой ва кўҳна эканлигини англаб етади. Зеро тил бу миллатнинг руҳидир.

Зулхумор Холдарова,

АДУ филология факультети
2-босқич талабаси

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.