топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ота уй

Ўзлигим
Жамият
Негадир бугун ота уйимизга боргим келди. Бошқа жой қилиб, чиқиб кетганимга анча бўлди. Ҳозир бу ерда уч укам оилалари билан туришади. Онамиз ҳаётлигида тез-тез келиб турардим. У ҳам ўтиб кетгач, бу уйнинг «ўз эгалари» пайдо бўлди. Кўнгил тусаганда, дарвозани таққиллатмай, кириб келишлар барҳам топган.

Бугун ота уйга келишимга хотинимнинг бир гапи сабаб бўлди. У кеча ҳали ёшига тўлмаган кичик ўғлимни олиб, онасиникига кетган эди. Ҳар сафар тушга яқин шошилмай келадиган одам эрталабдаёқ терлаб-пишиб кириб келди. «Тинчликми», десам, сўраманг, дегандай, қўл ишорасини қилди. Сал нафас ростлагач, булбулигўёдек сайрай кетди. -Энди бунингиз билан ҳеч қаерга бормайман, — гап бошлади у иддао билан.

-Демак, уйда ўтирасизлар экан-да, — дедим мен ҳам оловга керосин сепгандек.

-Йўқ, — деди хотин, — мен онамникига борсам, ўғлингизни олиб сиз ўтирасиз…

-Нега?

-Бунингиз кечаси билан ҳеч кимни ухлатмади… Ер синадими ё бошқами, хуллас, туни билан юриб чиқдик. Бирор ери оғрияптими, деб «Тез ёрдам» ҳам чақирдик. «Боланинг оддий хархашаси, холос», дейишди улар. Шунақа гаплар…

-Бошқа жойда ҳам шунақа қиладими, — сўрадим мен. – Масалан, биз томонларга борганда…

Хотин рўмолча билан ўзини елпиганча, пича ўйланиб турди.

-Йўқ, ҳеч қачон… Фақат бизникига борганда, қилади…

-Биззи ўғилча ўзиникиларни, ўз ота уйини танийди-да, — дедим фахр билан.

-Ўтган сафар борганимизда, бувим(менинг онам)нинг уйида пишшиллаб ухлаган эди. Мен бувимга шуни айтдим. Бизникига борсак, ухламай, хархаша қилиб чиқади, дедим. Бувим нима, деди, денг…

-Нима, деди?

-Бу ерда отасининг ҳиди бор, деди… Қизиқ, шу жинқарча буни билмаса, нимайди-я…

Хотинимга қулоқ солганча, онам раҳматлининг бир гапини эслаб кетдим.

Янги участка солиб, кўчиб чиққан пайтларимиз эди. Унгача ўн йил кўп қаватли уйда ўтирган бўлсак, онам бизникига кам борарди. «Тепага чиқишим қийин, мени қийнама, болам», дерди. Ҳовлига тез-тез бориб турарди. Аммо, узоқ қолиб кетмас эди. «Уйимни соғиндим», деб кетиб қоларди. Шу гапни айтдими, тамом, ҳеч ким уни ушлаб қололмасди.

Бир йили онам оғриб қолди. Операция қилиб, ўтини олиб ташлашди. Шифохонадан жавоб беришгач, тўғри уйга олиб кетдим. Уч ойгача бизникида турди. Оёққа туриб, ўзи бемалол юра бошлагач, яна «кетаман»га тушиб қолди. У, десам-да, бу, десам-да, кўнмади. Эр-хотин бирга ялиндик, унамади..

— Шу ерда тураверсангиз-чи? Ана, укаларим келиб туришибди-ку…

-Болам, укаларингни келиши бўлак… Мен бормасам, бўлмайди…

— Ўша уйингизда нима бор, она?

Бир оз иддао билан берилган бу савол тўғри бўлдими ёки йўқ, ўша пайтда ўйламаган эдим. Онамнинг жавобидан кейин нотўғри эканини сездим.

-У уйда отангнинг ҳиди бор, болам!..

-Отамнинг ўтиб кетганига йигирма йилдан ортди-ку… Шунча йилда ҳиди қоптими?..

Буниси биринчисидан ошиб тушганини эса онам мийиғида кулганидан билдим.

-Қолган, болам, қолган… Мен ўша ҳидни ҳар куни туяман. Эрталабдан кечгача у менга ҳамроҳ бўлади. Сенлар кириб келганда, набираларим «бувижонлаб» мени қучоқлаганда, туяман… Дастурхон ёзилганда, дуо-фотиҳа қилинганда, туяман… Ҳар замонда сандиқни очиб, дадангнинг кийимларини кўздан кечирганимда, худди эртага келиб, киядигандек, офтобга ёйиб, кейин яна жойига солаётганимда, туяман…

Онамнинг мижжаларида ёш кўринди. Бу, отам дийдорининг соғинчи эканини тушуниб, ўзимни унинг қучоғига отдим.

-Мени кечиринг… Билмай айтиб қўйдим…

-Хафа бўлганим йўқ, болам… Энди мени обориб қўй. Сизлар яхши ўтиринглар. Келин билан шунча қарадинглар, раҳмат, болаларингнинг роҳатини биргаликда кўринглар. Мен сизлардан розиман…

…Мана, бугун отам қурдирган сўрида ўтирганча, ўша кунни, онамнинг сўзларини эсларканман, димоғимга ажиб бир ис урилди. У на гулнинг, на атирнинг ифорига ўхшарди. Бошқача… Тасвирлай олмайман… Бу, — мен бола шууримда туйганим, кейин йўқотиб қўйганим – отамнинг ҳиди эди. Кейин онамнинг ҳам ҳидини туйдим. Улардан баҳраманд бўлиш истагида тўйиб-тўйиб, чуқур нафас олаётганимни кўриб, лекин, аҳволи руҳиямни сезмаган катта укам сўради:

-Тинчликми, ака, нима бўлди? Ҳаво етмаяптими?..

Унга жавоб айтишга улгурмадим. Қўшнининг магнитофоними, радиосида тўсатдан янграган қўшиқ дил-дилимни титратиб юборди:

-Соғинсам, отажоним, излайин қаерлардан,

Соғинсам, нуржаҳоним, излайин қаерлардан?..

Ҳовлимиз саҳнисида излари қолганмикан,

Ўғлининг оқ юзида ислари қолганмикан…

Атайин биз учун ижро этилгандек, ака-ука иккимиз қўшиқни охиригача сўзсиз тингладик. Кейин хайрлашар чоғда бағримга босганимда, укамда ўша ҳидни туйдим. Уни қучоғимдан узоқ вақт қўйиб юбормадим. Бирам енгил тортдим…

Туғилиб, ўсган ота уйда падари бузрукворинг, волидаи муҳтарамалар ҳиди ҳамиша туришига ўшанда амин бўлдим. Ота уйга боринг-а, албатта, уни туясиз…
Нажмиддин Икромий (Эргашев)

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.