топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Оналик бахти

Ўзлигим
Жамият
ҚАТРАЛАР
Ибодатхон аянинг бу хонадонга келганига йигирма йил бўлди. Чоли раҳматли ажойиб одам эди. Ўн йил бирга яшашди. Ундан кейин ёлғизланиб қоламанми, дея ўйларди. Энди ана шуни эсласа, ўзидан хижолат тортади.

… Онаси қазо қилгач, катта ўғил Нодирбек укалари билан бамаслаҳат отасини уйлаб қўйишди. Ибодатхон ая ўшанда элликка кирган кўркам аёл эди. Фарзанд кўрмагани боис, турмушидан ажраб, укаси билан бирга яшарди. Нодирбекнинг хотини билан бирга келишиб, айтган гаплари хотирасига бир умр муҳрланиб қолди.

— Аяжон, отам етмиш бешга кирди. Агар унга яхши қараб, хизматини қилсангиз, биз сизни бошимизга кўтарамиз. Бизга оналик қилинг...

Аввалига рўйхушлик бермаганди. Кейин орқаворотдан улар оиласи ҳақида суриштиргач, кўнди. Қодиржон ота оиласи билан тотув яшаган, ҳамма фарзандларини уйлаб, жойлаган экан. Унга ёққани фарзандлару келинларнинг ота измидан чиқмаслиги бўлди.

Келини, ўртоқ-дугоналари Ибодатхонга гап ўргатишди.

— Чол ҳам, ўғиллари ҳам ўзига тўқ, бадавлат экан, — дейишди улар. — Икки-уч хонали уй олиб беринглар, кейин тегаман, денг. Чол ўлса, яна кўчада қоласизми?..

— Ҳозирдан шундай, десам, кейин у ерда ҳурматим қолмайди-да, — деди у. — Нима бўлса, пешонамдан кўрдим, Худонинг айтгани бўлади… Ана, Расулжон олиб берган домим бўш турибди-ку. Ортиқчасини нима қиламан?..

Укаси Расулжон опасининг гапини маъқуллади.

— Нодирбек ва унинг укалари бу даражада паст кетадиган йигитлар эмас. Қараб турасизлар, улар опамнинг ҳурматини жойига қўйишади...

Нодирбек сўзида турди. Ука-сингиллар ва келинлар ҳам уни яхши қабул қилишди, ҳурматини ўз онасидек жойига қўйишди. Оиланинг каттаси сифатида тўй-тўркин, издиҳомларнинг тўрида юрди.

Орадан кўп ўтмай, чоли ётиб қолди. Ибодатхон ая бу дилкаш ва сўзамол, бир гапириб, ўн куладиган беозор қарияга шу даражада суяниб қолган эдики, хаста ётган уч ой унинг учун оғир кечди. У чолидан ажраб қолишдан қўрқарди. Бироқ, ҳамма вақт ҳам бандасининг айтгани бўлмас экан...

Чолининг қирқи-маъракалари ўтгач, бир куни катта келинга «мен домга бориб тураман, қизим, Нодирбекка айтинг, мендан хафа бўлмасин,» дедию, кийимларини бир тугунга жойлаб, йўлга тушди. У ёққа боргач, тўйиб йиғлади. Диванга ёнбошлаган кўйи бир оз мизғибди. Тушига чоли раҳматли кирибди. Кўришай, деса, кўришмас. юзини терс бурармиш… Туйқусдан уйғониб кетди. Шу пайт эшик таққиллаб қолди.

Чиқиб очса, остонада Нодирбек турарди.

— Келинг, болам...

— Ая, сизга нима бўлди? Нега бундай қилдингиз? Келинлар ё укаларим хафа қилишдими? Мен нима дегандим, ая? Нега менга ҳеч нарса демай...

Ибодатхон ая унинг саволларига жўяли жавоб топа олмасди. «Барибир, бир кун уйингга сиғмай қоламан. Ҳурматимнинг борида кўчимни йиғиштира қолганим яхши,» десинми?

— Туринг, кетдик, ая! — Нодирбекнинг сўзлари қатъий, шунчаки кўнгил учун айтилмаётганини Ибодатхон ая сезиб турарди.

— Болам, мени тўғри тушунинг...

— Юринг, уйда гаплашамиз… Яна бир онамиздан ажралишни бизлар хоҳламаймиз...

Нодирбекнинг олдига тушиб, уйга қайтишдан ўзга чораси қолмади. Уйда эса уни ҳамма кутарди. Неваралари йиғлаб, бўйнига осилишганида, қизлар, ўғиллар, келинлар қучоқ очиб кутиб олишганда, ая хато қилганини тушунди.

— Эси йўқ онангизни кечиринглар, болаларим...

Кўзларида ёш ила шундай дедию, Ибодатхон ая ўзининг оналик бахтини шу хонадонда топганига яна бир бор иқрор бўлди.
манба

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.