топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Маҳмуд Кошғарий (1030–1127)

Ўзлигим
Жамият
Маҳмуд Кошғарий Марказий Осиёда илк ўрта аср маданиятининг буюк арбобларидан бўлиб, тилшунослик соҳасида, хусусан, туркий тилларни ўрганиш соҳасида машҳур бўлди ва тарихда ўчмас из қолдирди.

Маҳмуднинг отасини исми Ҳусайн, бобосиники Муҳаммад бўлиб, келиб чиқиши ва тилига кўра Кошғарий нисбатини олган. У яшаб ижод этган даврда Мовароуннаҳрда Сомонийлар ўрнини Қорахонийлар сулоласи эгаллаган, туркий адабий тил минтақада кенг урф бўла бошлаган эди. Ҳатто Аббосийлар халифалиги марказларида, азалдан араб ва бошқа сомоний халқлар яшаб келган ўлкаларда туркий элатлар намояндалари кўпайиб, туркий тилга эътибор ошган эди. Маҳмуд Кошғарий ҳам ўзининг узоқ йиллар давомида яратган “Девону луғатит турк” китобини 1075 йилда тугаллаган. Асарнинг асосий матни ўша даврда кенг минтақа мусулмон Шарқида, бутун Яқин ва Ўрта Шаркда дин, фан тилига айланган араб тилида ёзилган бўлиб, туркий тилнинг бойлигини, мазмундор ва ранг-баранглигини тушунтириш учун ёзилган.

Маҳмуд Кошғарий Баласоғунда туғилиб, шу ерда йигитлик чоғларини кечирган бўлса ҳам, узоқ йиллар Қошғардан бошлаб бутун Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона, Бухоро, ҳозирги Шимолий Афғонистонга қадар чўзилган туркий ўлкаларни, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кезиб чиқди, турли шева ва лаҳжа хусусиятларини ўрганди, уларни адабий тил билан чоғиштирди, ўз иши учун ниҳоятда бой материал тўплади. Луғат тузишда араб тилшунослари яратган анъанадан унумли фойдаланган ҳолда, ишга ижодий ёндашди, туркий тил қонуниятларини биринчи навбатда инобатга олиб китобига тартиб берди.

Кошғарий асари, ўзи таъкидлашича, “… олдин ҳеч ким тузмаган ва ҳеч кимга маълум бўлмаган алоҳида бир тартибда” тузилган. Унда кўп шевашуносликка оид қиёсий қоидалар, грамматик, морфологик, лексик, семантик аломатлар кўрсатилган. Асар фойдаланувчиларга осонлик туғдириш учун содда ёзилган. Унда қадим турк алифбоси, фонетик қонуниятлар ва орфографик қоидалар пухта тушунтириб берилган. Луғатда туркий сўз тузилиши анъаналари, жумладан сўз тартиби, феъл шакллари, сўз этимологиясига оид фикрлар баён этилган.

Муаллиф кўрсатишича, китоб бўлимдан, муқаддима ва хулосадан иборат. Ҳар бир бўлимда от-исм сўзлар, феъллар қулайлик учун алоҳида ажратиб берилган. Асарда 7500 дан ошиқ туркий сўз ва иборалар изоҳланган. “Девону луғатит турк” ҳам адабий тил, ҳам асосий туркий шеваларни қамраб олган бўлиб, ундаги адабий тил, шева унсурлари нисбати ўртача адабий тилдаги 10–12 сўзга, шевага оид бир сўзга тўғри келади, яъни умумтуркий адабий тилга айрича аҳамият ажратилган. Бу ҳолат ўша давр ислом минтақасида туркий адабий тил қанча кенг тарқалгани ва мустахкам мавқега эга бўлганини тасдиқловчи қатъий далилдир.

Луғатда юзлаб киши исмлари, шаҳар ва қишлоқ, ўлка номлари, дарё, тоғ, яйлов, водий, дара, йўл, довон, кўл, сой каби географик атамалар, турли қабила, уруғ, элат, сайёра, юлдузлар, фасллар тилга олинади. Асарга Маҳмуд Қошғарий тузган дунё харитаси, дунёнинг доира шаклидаги тасвири ҳам илова қилинган. Унинг марказида Марказий Осиё жойлашган. XI аср география илмининг намунаси бўлмиш бу харита Қошғарийнинг қомусий олимлигининг далилидир.

Туркий халқлар тарихига оид қадимий афсона ва ривоятлар, 300 га яқин мақол ва маталлар, ҳикматли сўзлар, 700 сатрдан ошиқ шеърий парчалар ушбу асар саҳифаларидан ўрин олган. Шеърий парчаларнинг кўп қисми туркий халқлар оғзаки ижодига хос тўртликлардан иборат. Аммо “Девон”да келтирилган шеърий сатрлардан 150 сатрга яқини ислом даври шеъриятига хос бўлган “байт” типидаги маснавий, қасида, ғазал, қитъа парчалари бўлиб, уларни Кошғарий ўзи ҳам кўпинча “байт” деб атайди.

Китобда 7 та эпик достон, ишқий қўшиқлар, пандномалар, коинот яратилишига оид асотир, шеърлар, табиат манзаралари тасвири, мадҳиялар, фалсафий мушоҳадалар учрайди. Кошғарий девонда келтирилган VIII–ХI асрларга оид туркий шеърият намуналарида у ёки бу даражада аруз вазнига ўтиш мойиллиги сезилади.

Маҳмуд Кошғарийнинг исломдан илгариги ва илк ислом даври туркий маданият обидаларини тадқиқ этиш, тўплаш ва авлодларга етказиб беришдаги хизматлари ниҳоятда улкандир. Унинг тарих, этнография, география хусусидаги кенг билим доираси, тил ва адабиёт соҳасидаги қомусий салоҳияти, тадқиқ қудрати бугунги кунда ҳам ҳайратланарли даражададир. Унинг китобида жамланган аниқ-равшан маълумотлар VIII–ХI асрлар ҳам туркий адабий тил ва бадиий адабиётнинг, ҳам оғзаки халқ ижоди ва турли лаҳжаларнинг бой манбаи саналади. “Девону луғатит турк”ни ўша даврларда Марказий Осиё минтақасида яшаган туркий халқлар ҳаёти ҳақидаги қомусий асар деб аташ мумкин.
Манба

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.