топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Куёвга аталган матиз

Ўзлигим
Жамият
ҚАТРАЛАР

Холдоржон қизини узатди. Бадавлат эмасми, қирқ кунгача топганини тўрт-беш маҳал куёвникига пайдар-пай жўнатиб турди. Қуда томон ҳам “бўлди, керак эмас,” демади, у ҳам тўхтатмади.

Мана, эртага куёвнинг туғилган куни экан. Эрталаб қизи телефон қилиб, онаси билан суҳбатлашаётган пайтда бехосдан “оғзидан чиқиб кетди”. Буни хотинидан эшитган Холдоржон мийиғида кулиб қўйди.

Ишхонасига боргач эса, тузукроқ совға жўнатиб, ҳам куёви, ҳам қизини хурсанд қилмоқчи бўлди. Бир кўнглида хотинига қўнғироқ қилиб, нима олишни маслаҳат қилишни ҳам ўйлади.
-Йўқ, — ўйлади у, — Розияга қолса, қимматбаҳо нарса тугул оддий игнани ҳам олдирмайди. Фотиҳа тўйида қуда аёлнинг бетга чопарлигидан кўнгли қолганди. Шунинг учун индамай...

Автосалонга йўл солди.

-Юрган йўли, турмушлари сутдай оқ бўлсин!

У шундай яхши ниятлар билан сутдай оппоқ “Матиз” олди. Ундан сўнг универмагга кирди. Дўкондаги энг қимматбаҳо жемперни харид қилди. “Ажойиб сюрприз бўлади-да...” Машинанинг бир дона калити жемпернинг чўнтагидан жой олди. Кейин бозорга кириб, сархил мевалардан қўшиб, қуданикига жўнатди. “Матиз”ни эса эртага ўз қўли билан куёвга топширишни ният қилди.

Холдоржон эртасига қизи тушган ҳовли рўпарасига келиб тўхтагач, юраги ҳаприқди. Машинада бир оз ўтириб, ҳаяжонини босиб олгач, дарвозани қоқди. Озгинадан сўнг уни қизи очди. Зумрадхон дадасини кўрдию, йиғлаб, бағрига ўзини отди. “Соғинган-да, хурсандлигидан йиғлаяпти”, ўйлади ота. Бироқ, гап бошқа ёқда экан.

Қизи қисқа вақт ичида бор гапни айтиб берди. Аёл қуданинг жемпердан ичи чиқмабди. “Янги куёв бўлса, тузукроқ нарса қилмабди-да отангиз,” деб, анча аччиқ-тиззиқ гапларни айтибди. Зумрад эндигина уйга қўнғироқ қилиб, бошқа совға жўнатишларини айтмоқчи бўлиб турган экан.

-Қани, ичкарига бошла… Қайнонангни, куёвингни чақир!..

Дадасининг илкис буйруғи Зумрадни лол қолдирди. Чунки феълини билади. Шундай бўлса-да, бўйсуниб, йўл бошлади.

Қудалар, қайнота, куёв бир-бирлари билан салом-алик қилишди. Соғлиқ-омонлик сўрашишди.

-Қуда ая, бизнинг совғамиз, наҳотки, сизларга ёқмади? – Холдоржон аёл қуданинг жавобини ҳам кутмай, куёвга юзланди: — Жемпернинг чўнтакларини қараб кўрмадингизми, ўғлим? Ахир, одатимиз бўйича куёв сарпонинг чўнтакларига нимадир солиб қўйиларди… Зумрадхон, жемперни олиб чиқ, қизим...

Жемпер қўлига теккач, Холдоржон унинг ўнг чўнтагидан бир дона калит олди.

-Бу, — деди у, — қўлимдаги мана шу калитнинг шериги эди. Дарвозангиз тагидаги “Матиз” эса… Майли, ўғлим, зоримиз бору, зўримиз йўқ. Яхши ниятлар билан олувдим, лекин, нимаям қилардик, машина сизга насиб этмаган экан… — Сўнгра қизига ўгирилиб, паст товушда гапини давом эттирди: — Ўзи фотиҳадаёқ тўйни тўхтатиб қўйсак, бўларкан. Хотин кишилигига борди, деб, онангнинг гапига кирмаган менда айб… Бор, кийиниб чиқ, қизим, уйга кетамиз...

Зумрад бир отасига, бир қайнонаси ва эрига боққанча, туриб қолди. Кейин эса дадил қадамлар билан уйга кириб кетди. Қизи чиққунча Холдоржон на куёв ва на унинг онаси сўзига қулоқ солди. Қайнона қанча ялинмасин, куёв узр айтмасин, Холдоржон жаҳлидан тушмади. Ота ва қиз куёвга аталган “Матиз”да уйга қайтишди.
МАНБА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.