топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бурҳонуддин Марғиноний (1123–1197)

Ўзлигим
Жамият
 
Буюк фақиҳ Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Фарғоний Риштоний Марғиноний 1123 йил 23 сентябрда туғилди ва 1197 йилда Самарқандда вафот этган. У Қуръон, ҳадис илмларини мукаммал эгаллаб, фиқҳ – ислом ҳуқуқшунослиги борасида бениҳоя чуқур илмга эга бўлгани ва бу соҳада беқиёс асарлар яратгани туфайли Бурҳонуддин (Ислом динининг далили) ва Бурҳонуддин Марғиноний (Марғинон – Марғилон шаҳрини ўрта асрларда араблар Марғинон деб аташган.) номлари билан машҳурдир.

Бурҳонуддин Марғиноний дастлабки таълимни Марғилонда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандга кўчиб борган ва умрининг охиригача ўша ерда яшаган. Мавлоно Бурҳонуддин Марғиноний ёшлик чоғлариданоқ Қуръони Каримни ёд олиб, ҳадисларни чуқур ўрганган.

У балоғат ёшига етганида мукаммал илмга эга бўлганига қарамай устозлардан таълим олишни давом эттирди. 1149 йили Бурҳонуддин Марғиноний ҳаж сафарига борди. “Китоб ул-машойих” (“Шайхлар ҳақидаги китоб”) асарида у ўзи таълим олган 40 дан ортиқ шайх ва алломани санаб ўтган. Бу рўйхатда Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад Насафий, Абул-Асир Байзовий, Абу Ёқуб Саярий, Абу Исҳоқ Навқадий, Жаъфар Ҳиндувонийларнинг номлари бор.
Бурҳонуддин Марғиноний мақбараси (www.qadamjo.uz)Бурҳонуддин Марғиноний мақбараси (www.qadamjo.uz)

Бурҳонуддин Марғиноний ислом динидаги тўрт мазҳаб олимларининг асарларини ўрганиш билан бирга ўзи ҳам фиқҳга оид бир қатор асарлар яратган. Бизгача етиб келган асарларидан “Бидоят ул-мубтадий” (“Бошловчилар учун дастлабки таълим”), “Кифоят ул-мунтаҳий” (“Якунловчилар учун тугал таълим”), “Нашр ул-мазҳаб” (“Мазҳабнинг ёйилиши”), “Китоб ул-мазид” (“Илмни зиёда қилувчи китоб”), “Маносик ул-ҳаж” (“Ҳаж маросимлари”), “Мажмаул-навозил” (“Нозил бўлган нарсалар тўплами”), “Китобулфароиз” (“Фарзлар китоби”) ва бошқалар маълум.

Ханафия мазҳабининг фиқҳ масалаларида асосий қўлланма-сига айланган Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари 1178 йили Самарқандда яратилди. Бу асар бутун мусулмон оламида машҳур бўлиб кетди, мусулмон ҳуқуқи – фиқҳ бўйича энг аниқ, изчил, мукаммал асар сифатида тан олинди.

“Ҳидоя”нинг асосини фиқҳ илми асосчиларидан бўлган Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит фатволари ҳамда унинг шогирд ва сафдошларидан Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (Имом Муҳаммад), Имом Зуфар ибн Ҳузайлларнинг асарлари, саҳобаларнинг ривоятлари ва улар хабар қилган ҳадислар ташкил қилади. Бундан ташқари, “Ҳидоя”да асосий фиқҳий масалаларнинг шарҳи ва ечимида Муҳаммад Баздавийнинг “Мабсут”, Термизийнинг “Жомеъ ул-кабир” (“Катта тўплам”), Қудурийнинг “Мухтасари Қудурий” каби асарларига ишора қилинади.

“Ҳидоя”да ҳуқуқий масалаларнинг ечими дастлаб йирик фиқҳ олимлари фикрларининг баёни ва унга бошқа муаллифлар зътирозлари ёки қўшилишларини изҳор этиш йўли билан берилган. Ана шу обрўли муаллифлар фикрларидан келиб чиқиб, муайян масалада энг маъқул ечимни танлаб олиш йўлига амал қилинган. Шу тариқа унда қонуннинг айнан ифодасигина эмас, балки унинг мукаммал шарҳи ҳам асослаб келтирилади.

“Ҳидоя” тўрт жуздан иборат бўлиб, биринчи жузга ибодат масалалари киритилган, булар: таҳорат, намоз, рўза, закот ва ҳаж китобларидир. Иккинчи жузга никоҳ, эмизиш, талоқ, қулларни озод қилиш, топиб олинган боланинг насабини аниқлаш, топиб олинган нарса, қочиб кетган қуллар, бедарак йўқолганлар, шерикчилик ва вақф мулки каби масалалар киритилган.

Учинчи жузда эса олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, пулни бировга ўтказиш, қозиларнинг вазифалари, гувоҳлик, берилган гувоҳлиқдан қайтиш, ваколат, даъво, иқрор бўлиш, сулҳ, бир ишда пул билан шерик бўлиш, пулни сақлашга бериш, қарз бериш, совға, ижара, муайян шарт асосида чекланган озодлик берилган қуллар, волийлик (оталиққа олиш), мажбур қилиш, ҳомийлик, қисман озод бўлган қуллар ва босқинчилик хусусидаги масалалар ўрин олган.

Тўртинчи жузда эса шафоат, мерос тақсимлаш, деҳқончилик ҳамда боғдорчилик хусусида шартнома, қурбонликка сўйиладиган жонзот ҳақида, умуман қурбонлик қилиш ҳақида, шариатга зид ёмон нарсалар ҳақида, ташландиқ ерларни ўзлаштириш хусусида, тақиқланган ичимликлар ҳақида, овчилик, гаровга бериш, жиноятлар хусусида, хун ҳақи тўлаш, васият каби масалалар ёритилган.

“Ҳидоя” бир неча асрлар давомида кўп мусулмон мамлакатларида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам ҳуқуқшунослик бўйича энг асосий қўлланма ҳисобланиб, совет суд тизими жорий қилингунча, амалда бўлиб келди. Ҳозирги кунда ҳам ислом шариати асосида иш юритадиган мусулмон мамлакатлар ҳуқуқшунослигида бу асардан кенг фойдаланилади.

2000 йилда Бурҳониддин Марғиноний таваллудининг 910 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Марғилон шаҳрида Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуаси бунёд этилди.
МАНБА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.