топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Биттагина ёзувчи бор эди...

Ўзлигим
Жамият


 
Тула губернияси Ёзувчилар уюшмасининг инқилобдан кейинги йиғилишида сўз олган нотиқ ғурур билан бир маълумотга урғу беради:
– Инқилобгача бизда биттагина ёзувчи бор эди. Ҳозир улар мингдан ортиқ!
Шу пайт залдагилардан бири луқма ташлайди:
– Ўша биттагина ёзувчи ким эди?
Бу сафар нотиқнинг овозидаги салобат бирданига йўқолади:
– Лев Толстой.
 
Юксак эҳтиром
 
Ҳейнрих Ҳейне оғир хаста бўлганида ҳам такаллуф билан сўзлашни тарк этмаган. Бир гал қаттиқ оғриб, тўшакка михланиб қолганида эски таниши шоирни йўқлаб келади. Бу пайтда хизматкор аёллар Ҳейнени чойшабга солиб, кароватга олиб ўтишаётган эди. Дўстига бундай ноқулай ҳолатда кўринган шоир вазиятни шундай лутф билан “қоғозга ўрайди”:
– Кўряпсизми, ошна, аёллар мени ҳалиям қўлларида кўтариб юришади.
 
Ҳаммаси аён бўлиб қолди...
 
Детектив асарлари билан дунёга машҳур Артур Конан Дойл бир куни йирик банкирларга телеграмма жўнатади. Ёзувчининг ҳазил хабарномаси қисқагина эди: “Ҳаммаси аён бўлиб қолди. Тезда яширининг”. Эртаси куни хабар жўнатилган 12 нафар банкирнинг барчаси Лондондан жуфтакни ростлайди...
 
Нега мен тирикман?
 
Бир куни таҳририятнинг Марк Твен ишлайдиган бўлимига ўртамиёна муаллифнинг бир даста бемаза шеъри келиб тушади. Уларга “Нега мен тирикман?” деган умумий сарлавҳа қўйилган эди. Ёзувчи қўлёзмани эгасига қайтарар экан, сарлавҳа остига шундай изоҳ ёзиб қўяди: “Чунки сиз таҳририятга шеърларингизни ўзингиз олиб келмадингиз, почта орқали юбордингиз”.
 
Шахсий китобларни асраш учун
Таниқли француз ёзувчиси, адабиёт йўналишида Нобель мукофоти совриндори Анатол Франс ўткир фикрлари, лутфлари, кинояли-кулгили сўзлари билан ҳам шуҳрат қозонган. Жумладан, унинг шахсий китобларни асраш ҳақидаги ушбу тавсияси эътиборга молик:
“Китобларингизни ҳеч кимга берманг. Акс ҳолда, уларни қайтиб кўрмайcиз. Масалан, менинг кутубхонамда бировлардан ўқиб туриш учун олинган китобларгина қолган, холос”.
 
Орифжон МАДВАЛИЕВ

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.