топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бегона аёл ҳиммати

Ўзлигим
Жамият
ҲАЁТИЙ ҚАТРАЛАР

Сабохон тўнғич қизини чиқарди. Ёлғиз қўл эса-да, кам қилмади. Бироқ, девор жавоннинг яхшисига кучи етмади. Маҳаллий ҳунармандларникини олиб берди. Бу, қудага ёқмабди. Қизининг юзига солибди.

Тўй ташвишлари, кейинги борди-келдилардан ҳориган Сабохон буни кўтаролмай, диққатчиликка қон босими ортиб, ётиб қолди.

— Наҳот, қудам тушунмаса?.. Тўйгача «борингизга барака, озни кўп ўрнида кўрамиз», деган эди-я… Отаси бўлгандаям бир навийди...

Эртасига иккинчи қизи етовида поликлиникага борди. Одам кўплигидан узоқ навбат кутиб қолди. Бир пайт ёнида ўтирган аёл ҳол сўраб, сўз қотди.

— Айланай, рангингизда ранг қолмабди, нима бўлди?

— Давлениям қурғур ошиб кетибди, опа...

— Сиқилгандирсиз-да, айланай. Энди, одам, деган сал нарсага диққат бўлавермаслиги керак-да. Бу дунёнинг ташвишлари тугамайди...

Аёл унга тасалли бериш умидида гапираётганини тушунса-да, Сабохоннинг энсаси қотди. «Кийиниши жойида. Демак, ўзининг бошига тушган ташвишлар унинг учун бегона. Бундайлар насиҳатгўйликни қотиришади-да...»

— Ҳа, энди, ташвишлариям бор бўлсин, опа. Ҳозир қиз чиқарганнинг ғами нима бўларди...

Хуллас, гап гапга уланди. Савол кетидан савол ёғилди. Бир соат қандай ўтгани ҳам билинмади.

Сабохон докторга кўриниб чиқса, ҳалиги аёл кетмаган экан. Хайр-хўшлашиб кетмоқчи эди, у шундай деди:

— Эртага яна келасиз-а? Унда мен сизни шу ерда кутаман...

Нега кутади, нима иши бор? Сабохон буни ўйлайдиган аҳволда эмасди.

Эртасига текширув таҳлилларини топшириб бўлгач, маҳалла шифокори хонаси томон бораркан, йўлакда кечаги аёлни учратди.

— Яхшимисиз, — сўрашди аёл эски қадрдонлардек. — Анча яхшисиз, айланай. Бугун одам оз экан, дарров кириб чиқинг, кейин...

Доктор ҳузуридан чиққач эса, аёл унинг қўлидан тутди.

— Ҳозир икковимиз бир жойга бориб келамиз, — деди у.

— Нега?..

— Негалигини кейин биласиз...

Ҳар нарсадан шубҳаланиб юрувчи Сабохон бу сафар индамай, унга эргашди. Поликлиника дарвозаси олдидаги енгил машинага ўтиришиб, бир оз юришгач, аёл унга юзланди.

— Қизингизни қайга бергансиз?

Бу саволнинг берилиши унга ғалати туюлса-да, қизи тушган маҳалла ва кўча номини айтди. Ҳайдовчи (аёлнинг ўғли бўлса керак) унинг жавобидан сўнг қўл телефонда қайгадир қўнғироқ қилиб, нимадир, деди.

Машина қудаси дарвозаси олдида тўхтади. Ҳайрону лол ўтирган Сабохонни аёл тушишга таклиф этди.

— Энди гап бундай, айланай, — деди аёл. — Ҳозир қудангизникига кирамиз. Мен қизингизнинг аммаси, ўғлим эса тоғаси бўлади. Тушундингизми?

Йўқ, Сабохон тушунмади. Бу аёлнинг амма каби катта саватда сарпо ва ўғлининг тоға ўрнида хорижий девор жавон (у юкланган машинани кейин кўрди) олиб келаётганини дабдурустдан тушунолмади.

Қуда чақирилмаган меҳмонларни қошларини чимирганча кутиб олди. Кейин эса муддаони англаб ва усталар дарҳол девор жавонни машинадан тушириша бошлаганини кўриб, очилиб кетди. Сабохондан ноўрин гаплари учун узр ҳам сўради.

Қайтишда эса Сабохон аёлдан нима учун бундай қилганини сўради. Аёл эса Сабохоннинг ўнг қўлини кафтлари орасига олганча, мулойим оҳангда деди:

— Аллоҳ учун, айланай, Аллоҳ розилиги учун!..
Нажмиддин Икромий (Эргашев)

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.