топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бахт нима?

Ўзлигим
Жамият

* Бахт — умр лаҳзаларидан бирининг исми
* Бахт инсондан ташқаридаги ҳодиса эмас
* Бахт — маънавий эҳтиёж
* Бахт — инсон кўнглининг энг чиройли мулки
* Бахт — инсонни юксалтиради, кунларига кўрк беради, севдиради.

Одам боласи ҳамиша ҳаракат майдонида яшайди. Унинг юраги, тафаккури, идроки ҳамиша йўлда. Орзу қилади, интилади, қоқилади, йўқотади, топади… Айрилади, куяди, соғинади, кутади, етишади… Инсон умри ана шундай бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган лаҳзалар маржони. Бахт эса ана шу лаҳзалардан биттасининг исми. Яъни инсон мутлоқ бахтиёр бўлиши (мутлоқ чемпион дегандай) мумкин эмас. У ҳаётнинг баъзи соатлари, баъзи кунлари, баъзи ойларидагина бахтли яшаши мумкин. Лекин ўша дақиқалар унинг қалбидан шунчаки ўтиб кетмайди. Бахтнинг ҳатто, хотираси ҳам тотли. Шунингдек, бахтни бирор қиёфа ё шаклга солиб, «мана шу!», деб ҳаммага тақдим этиб, барчани ишонтириб бўлмайди. Бу ҳиссиётнинг суврати, кўриниши, мезонлари ҳар кимнинг ўз кўнгил кенгликларига, тафаккур баландлиги, идрок теранликларига тенг.
Ўзимга келсак… Дадам уч яшар пайтимда қамалиб қолганлар. Хўжалик раиси бўлганлар. Кузда ҳосил кўтарилганда қайтариш шарти билан хўжалик аъзоларига (муҳтож бўлган аъзоларига) уруғлик буғдой берганлар. Бу ишни қонундан ташқари, одамгарчилик юзасидан қилганлар ва «дўст»лари чақувидан сўнг қамалганлар. Тўққиз йилга қамалиб, беш йилда қайтдилар ва тўрт ярим ойдан сўнг юрак хасталиги билан вафот этдилар. Бир умр ота соғинчи билан яшадим.
Ўқувчилигимда ҳақ талашадиган, саркашгина қиз бўлганман. Дарсдан сўнг доим қишлоқ хўжалик ишларига чиқардик. Ер текислаш, ўтоқ, ягана, қатқалоқ, чеканка, терим – тайёр текин хизматчи эдик. Баъзан ўзимча исён қилиб, дарсдан сўнг уч-тўрт нафар синфдошимни эргаштириб, уйга қайтардим. Шундай кунларнинг бирида синф раҳбаримиз: “Сен мактабни йиқитмоқчимисан? Бу феълинг бўлса, сендақаларни институт остонасидан қўлтиғингдан ушлаб ирғитиб юборади!” деганлар.
Институтга 3 та фандан (у пайтлар имтиҳон топширилар эди) «5» баҳо олиб, 15 балл билан кирганимда, осмонларга учганман. «Фикрим бор-у, чиройли ифода тополмайман», дея ўзимга ишонмай юрганимда – 1976 йил «Саодат» журналининг 11-сонида жаннатмакон устозимиз Зулфиянинг «Оқ йўл»и  билан  шеърий  туркумим  эълон  қилинган.
Илк  китобчамга онамга дастхат ёзиб жўнатганим, қизим, ўғлимнинг дунёга келган онлари, ўн йилдан сўнг ҳамкурслар билан учрашув, хуллас, ўтган кунларимни бирров варақласам, саодатли онларим кўп экан. Ўзгаларнинг бахтидан бахтли бўлган дақиқаларимни бунга қўшсам, эҳтимол, бахтимнинг йўллари, йиллари яна ҳам узаяр. Чунки одам ёлғиз ўзи бахтиёр бўлиб яшай олмайди. Унга, албатта, замондош, заминдошларининг кайфияти, руҳияти таъсир қилади. Демоқчиманки, ўз саодатингни ўзгалар саодати мукаммаллаштиради.
Бу – оддий бир инсоннинг юрак йўлидаги нурли бекатлар… Лекин ўзини юрт тақдири, миллат қисмати билан боғлаб яшайдиган инсонларнинг, «мен шу юрт, шу миллат учун жавобгарман» деб яшашга маънавий ҳуқуқи бўлган инсонларнинг бахт ҳақидаги тушунчалари меникидан кўп бора улканроқ бўлади.
Ҳарна бўлгандаям, бахт инсондан ташқаридаги ҳодиса эмас. У инсон кўнглининг энг чиройли мулки. Бир соатликми, бир ҳафталикми, инсонни оддий ер кишисидан юқориларга олиб чиқади, кунларига кўрк бағишлайди, атрофни, атрофда яшаётганларни кўзига чиройли кўрсатади, севдиради. Шу нуқтаи назардан, бахт – маънавий эҳтиёж ҳам. Бахт бўлмаса, бахт орзуси бўлмаса, одам маънан қашшоқ, суст бўлади.
Саодат  истаги  кишининг  ҳаракатларини  тезлаштиради,  қатъият бағишлайди. Шу мавзу атрофида ёзилган бир шеър эсимга келди:
Туйғу, туғёнларга юпқамиз ғоят,
Гулми ё майсанинг адашларимиз.
Кўнгилга қандайдир тушса бир соя,
Оқиб кетаверар кўз ёшларимиз.

Йиғлаймиз, аёзми ё қишларида,
Кўкарса, яшнаса соҳир бойчечак.
Қорга айланмай қор оғушларида,
Гул бўлиб яшаса ботир бойчечак.

Йиғлаймиз, қалдирғоч – кўзи сурмалар,
Кетган баҳорларни олиб қайтганда.
Оғзибир элатдай зичсаф турналар,
Осмонга арғимчоқ солиб қайтганда.

Қуллик, Эрк ораси яқинмас асли,
Эврилиб ётибди давру давронлар.
Дукчи эшонларнинг дордаги расмин –
Кўрганда ҳозир ҳам қоврилар жонлар.

Заҳарланган ишқи Кумушойимнинг,
Ҳануз оғриқ берар, беради озор.
Гоҳида суюниб, гоҳи койиниб,
Беҳол яшамаймиз, яшаймиз бедор.

Юрагин яшириб юрарми шоир,
Ёмғирми, офтобга ердай очиқмиз.
Шу миллат, шу юртга бўлса гар доир,
Қувонч, ҳасратига бирдай ошиқмиз.

Йиғласак, йиғлабмиз, кўнгилларда нур,
Кундузлар қуёшли, кечалар ойли.
Севинчимиз денгиз, кўз ёшимиз дур,
Бизга келгач, бахт ҳам, дард ҳам чиройли.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

“Ёшлик” журнали 2011 йил, 1-сон

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.