топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ана шунақа

Ўзлигим
Жамият
 
“Платон”нинг маъноси нима?
Шарқ оламида Афлотун номи билан машҳур Қадимги Юнон файласуфи Платон Суқротнинг шогирди, Арастунинг устози эди. У асарлари бизгача тўлиқ шаклда етиб келган биринчи файласуфдир.
Тарихчи Диоген (II-III асрлар) маълумотига кўра, Платоннинг асл исми Аристокл бўлиб, “Энг яхши шон-шуҳрат” деган маънони билдиради. Қабрга ҳам шу ном билан қўйилган. Платон эса тахаллус бўлиб, “кенг”, “кенг елкали” деган маънога эга. Бўйи баланд, елкалари кенг бўлгани ва курашларда кўп ғалаба қозонгани учун файласуфга бу номни устози Суқрот берган.

“Даволай олмайман...”

Машҳур олмон врачи ва микро­биологи, физиология ва тиббиёт соҳасида Нобел мукофоти совриндори Роберт Кох (1843–1910) нинг ҳузурига башанг кийинган димоғдор бир аёл кириб келади.
– Нима шикоятингиз бор, азизам? – деб сўрайди врач.
– Жаноб профессор, – дея нафратланган қиёфада гап бош­лайди ҳалиги аёл. – Бу нима адабсизлик? Ким билан гаплашаётганингизни биласизми? Менга ҳамиша “муҳтарама хоним” деб мурожаат этишади. Бошқача чақиришларига ўрганмаганман.
– Минг афсус, мен бу касалликни даволай олмайман, – деб қуруққина жавоб беради Кох ва эшикка юзланади: – Навбатдаги ким?

Одамлар нимадан нафас олган?

Болгар биохимик олими ва ёзувчиси Асен Златаров бир шаҳарчада маъруза ўқийди. Профессор табиат ва унинг бойликлари ҳақида гапирар экан, кислород 1773 йилга келибгина кашф этилгани, усиз ҳаёт кечириш мумкин эмаслигини эслатиб ўтади. Шунда залдагилардан бири ҳайқириб юборади:
– Наҳотки! Унгача одамлар нимадан нафас олган?!


Кредит оламан деб...

Таниқли япон автомобил компанияси асосчиси Соичиро Ҳонда катта иш бошлаган пайтларидаги кулгили-қайғули бир воқеани шундай ҳикоя қилади: у 1951 йили бизнесдаги шериги Такео Фужисава билан кредит сўраб “Mitsubishi” банкига мурожаат қилади. Уларнинг иқтисодий аҳволи жуда танг эди. Охирги пулларини тўплаб, зиёфат уюштиришади ва банк мутасаддиларини таклиф этишади. Нима қилиб бўлса ҳам молиячиларнинг кўнглини олиш ва кредит ундириш зарур эди. Меҳмонлар еб-ичади, Ҳонда ва Фужисава ҳам улар билан бирга яйраб ўтиради. Ҳатто қўноқларни хушнуд этиш учун кичик саҳна кўриниши ташкиллаштириб, аскиябозлик ҳам қилишади.
Ишбилармонлар эртаси куни банкка катта ишонч билан кириб боришади. Бироқ талабномаларига рад жавоби берилганини билиб, тарвузлари қўлтиқларидан тушади. Банк қарорида шундай сўзлар бор эди:
“Банк иккита масхарабоз раҳбарлик қиладиган фирмага ишона олмайди”.

Ориф Толиб
тайёрлади.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.