топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

"Акамдан рози эмасман"

Ўзлигим
Жамият
Нажмиддин Икромий (Эргашев)
***
Холматжон амакимнинг қўшниси эди. Ёши мен билан тенг. Ёзги таътил пайтида амакимникига бориб бир неча ҳафта турар, у билан бирга ўйнардим. Унинг бир акаси ва опаси бўлиб, отаси аёлванд одам эди. Шермат тоға болалик хотирамда энг ҳокисор ва сабрли инсон сифатида муҳрланиб қолган. Онаси Холида ая эса қийиқларга гул тикарди.

Уларнинг оиласидаги бир ҳол мени таажжубга солар эди. Фарзандлар ота-онага сенлаб мурожаат қилиши қандайдир ғайритабиий эди назаримда. Бир-икки бор Холматга бу ҳақда айтсам, бепарво қўл силтади.

-Қўявер, бунга улар ҳам, биз ҳам ўрганиб кетганмиз…
Йиллар ўтди. Бизлар улғайдик. Шермат тоға оғир касалликдан вафот этиб кетди. Холмат мактабни битириб, институтга ўқишга киролмади. Акаси Нормат билан юриб, шофёрликни ўрганди. Ҳар иккови ҳам уйланиб, бола-чақали бўлишди. Шундай бўлса-да, ҳамон бир ҳовлида яшашарди.

Бу орада мен институтни тамомлаб келдим. Яна Холмат билан борди-келдини йўлга қўйдик. У кўп ҳам дилидагини сиртига чиқармас, ичимдан топ, дейдиганлардан эди.

Кунларнинг бирида мени излаб келиб, бафуржа гаплашайлик, деб қолди. Шундоққина дарвозахонадаги меҳмонхонага кириб ўтирдик. Дуо-фотиҳадан сўнг соғлиқ, омонлик сўрашдик. Холмат бир оз танаффусдан сўнг гап бошлади.

-Энди, ошна, ўйлаб кўрсам, сендан бошқа дардимни айтадиганим йўқ экан. Ичимни бўшатмасам бўлмайди. Биласан-ку, акам...

Унинг айтишича, икки овсиннинг даҳанаки жанглари ака-укани ҳам бир-бирига тескари қилиб қўйибди. Нормат ака яхши пул топарди. Алоҳида участка ҳам қуриб қўйган. Торгина ҳовлида иккови оиласи билан яшашса-да, у чиқиб кетишни ўйламас экан. Аксинча, ҳеч вақоси йўқ уканинг чиқиб кетишини талаб қиларкан. Болаларининг ўртасига тушган она ҳам катта ўғилдан “насибаси”ни олибди. Катта жанжалдан кейин каталакдек ҳовлини бўлиб ҳам берибди. Куни-кечаги овсинлар уруши ака укани дўппослаши билан тугабди.

-Ҳаммаёғим зирқираб оғрияпти, ошна. Катта сўйил билан акам мени роса савалади. Бутун аъзойи баданим моматалоқ бўлиб кетган. Қара...

У шундай, дея кўйлагини кўтариб, баданларини кўрсатди. Ҳақиқатан соғ жойи йўқ эди. Кўкарган, шилинган, шишган...

-Дўхтирга бордингми?

-Дўхтири тугул мелисаям келган. Маҳалладагилар аралашишди. Акамга кўчиб кетиш шартини қўйишди. Энди у ҳовлининг ўзи яшаётган қисмини сотаман, деяпти. Шунга маслаҳатга келувдим...

-Нима ёрдам керак?

-Озгина пулдан қарашворсанг, девдим...

У айтган пул менда йўқ эди. Шундай бўлса-да, бирортасидан топиб беришга ваъда қилдим.

Холмат кетди. У кетдию, дарди мен билан қолди гўё. Эрталабгача деярли ухлолмадим. Азонда туриб уйдан чиқиб кетиб, бир-икки жойдан пул даракладим. Топиб, тушга қолмай, уникига етиб бордим. Яхшики, уйда экан.

Бироқ, нохуш хабар билан кутаётган экан бечора. Акаси ҳовлини унга сотмайман, дебди. Ўртага тушган онасини Нормат ака тепиб юборибди. Холида ая ўз боласини ёмон қарғабди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, аянинг вафот этганини эшитдик. Ўша кунги воқеадан кейин ётиб қолганча ўрнидан турмабди.

Фотиҳахонлик, маъракалар ўтгунча ҳам ака-ука бир-бири билан гаплашишмади. Маҳалланинг катталари уларни яраштиришга ҳаракат қилишди. Бироқ, ака унамади. Онанинг қирқи ўтгач, Нормат ака участкасига кўчиб кетди.

Ишга андармон бўлиб, Холмат билан кўришмаганимга ҳам анча бўлди. Бирров кўриб келай, деб, ишдан сўнг уникига бордим. Дарвозани катта ўғли очди.

-Дадам йўқ, баннисада, — деди у қовоғи солинганча.

-Нега? Нима бўлди?

-Амаким урди… Ёмон урди, — дея жавоб берди йиғламсираб.

Ундан дадасининг қайси шифохонада ётганини билиб, тезда етиб бордим. Холмат бош, юзлари бинтланганича ётарди. Гапиришга ҳам ҳоли йўқ. Мен билан сўзсиз қўл узатибгина кўришди. Унга қараётган хотини кейин бор гапни айтиб берди.

Уч кун илгари Нормат ака янги харидорни бошлаб келибди. Бироқ, баҳосига келиша олишмабди. Буни эшитган Холмат чиқиб, “Қўйинг, ака, уйни сотманг, бўлмаса, менга сотинг”, дебди. Шу арзимас гапдан бошланган жанжал охирида яна ака укани калтаклаш билан тугабди.

Бир-икки ҳафтада Холмат анча соғайиб қолди. Бир куни кўргани борсам, шундай деди:

-Акам ҳовлини сотолмай, уйларни бузиб олиб кетибди. Катта-кичик дарахтларгача кесиб ташлабди. Сотолмасам, сенга ҳам бўлмасин, дегани-да бу...

Унинг товуши жуда ғамгин эди. У чуқур хўрсинди-да, гапини давом эттирди.

-Энди сен манави сўзларимни эшитиб ол, ошна: мен акамдан у дунёю бу дунё рози эмасман. Маҳалладагилар келганда ҳам айтдим. Ҳаммага айтяпман. Менинг бунақа акам йўқ...

Мен унга тасалли бериш мақсадида сабр қилишга ундадим. Бўлмади, у сўзидан қайтмади.

Орадан бир неча йил ўтди. Холмат бутунлай тузалиб кетолмади. Беланги бўлиб қолди. Элликка кирмай, белини тик тутиб юролмайди. Ишга ҳам яролмай қолди. Яхшики, ўғиллари эс-ҳушли, қобил чиқишди. Ёш бўлишса ҳам бозорда у-бу сотиб, топганига рўзғор тебратишяпти.

Акаси Нормат икки йил илгари ўғлини уйлантирди. Куёвнинг бир неча ўртоқларини айтмаса, тўйига ҳеч ким келмади. Унинг устига, дастурхон тузалиб, об-овқат пишай, деганда, жала ёғиб, ҳамма нарсани расво қилди. Авжи саратонда ёмғир қайдан пайдо бўлди, деб ҳамма ҳайрон.

-Э худо, мен сенга нима қилувдим?..

Нормат аканинг бу ноласини эшитгувчи, унга далда бергувчи топилмади. Чунки, ҳамма уй-уйига тарқаб бўлган эди.

Яқинда Нормат ака қазо қилди. Айтишларича, қийналиб жон берибди. Ота бўлиб койигани учун ўғли роса калтаклаган эмиш. Нормат ака милицияга шикоят ёзиб берибди. Калтаклар зарбидан икки кун ўтиб вафот этгач эса суд падаркуш ўғилга беш йиллик қамоқ жазосини тайинлади.

Акасининг жанозасига Холмат бормади. Маҳалла аҳлининг илтимосига ҳам кўнмади.

-Ўша гапим – гап, — деди у. – Мен ундан рози эмасман. Қайси ишига рози бўлай? Уриб, мени ногирон қилиб қўйганигами? Ёки онамни уриб ўлдирганигами? У боласидан тортиши керак эди, шундай бўлди. Онам уни сениям боланг урсин, деб қарғаган эди...

Нормат аканинг майитини қабристонга олиб боришиб, қабрга қўймоқчи бўлишса, сиғмабди. Қабр оғзини кенгайтиришса ҳам бўлмабди. Охири, катталардан бири йиғилгандан сўрабди.

-Акаси ё укаси бўлса, сўранглар-чи, рози-ризолик қилишганмикин?..

Эски маҳалласидан жанозага борганлар бўлган воқеаларни айтиб беришибди. Шундан сўнг амал-тақал қилиб, майитни жойига қўйишибди.

...Ҳар сафар буни эслаганимда, юрагимда оғриқ туяман. Бир-бири билан арзимаган нарсага жанжаллашаётган ака-укаларни кўрганимда эса уларнинг ўртасини Аллоҳнинг ўзи ислоҳ қилиши, шу каби тақдирни рўбарў келтирмаслигини сўрайман.
МАНБА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.