топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Аҳмад Яссавий (1105–1167)

Ўзлигим
Жамият
Ислом дини пайдо бўлгандан сўнг унинг доирасида, Қуръон ва ҳадис аҳкомига мос равишда пайдо бўлган тасаввуфий таълимотлар Х–ХI асрларга келиб Мовароуннаҳрда ҳам кенг тарқала бошлади.

Тасаввуф – Яқин ва Ўрта Шарқ халқларининг маънавий ҳаёти тарихидаги энг мураккаб, ўзаро зиддиятларга тўлиб-тошган ва муҳим ҳодисалардан бири бўлиб, унинг учун таркидунёчилик, бу дунё бойликларидан ва нозу неъматларидан воз кечиш, Аллоҳ васлига етмак мақсадида пок, ҳалол, ўз меҳнати ила яшаш, ихтиёрий равишдаги фақирлик характерли хусусиятлардан ҳисобланган.

Марказий Осиёда тасаввуфий таълимотларнинг пайдо бўлиши Юсуф Ҳамадоний (1048–1140) номи билан боғлиқдир. Юсуф Ҳамадоний Марв ва Бухорода хонақо ва мадраса қурдириб, кўплаб туркигўй, форсигўй шогирдлар тайёрлади. Бухородаги шогирдлари орасида Ҳасан Андоқий, Абдулло Барақий, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Аҳмад Яссавий алоҳида ажралиб турарди. Кейинроқ бу тўрт истеъдодли шогирд Ҳамадоний мактабини муваффақият билан давом эттирдилар.

“Яссавия”, “Нақшбандия” тариқатлари Ҳамадоний таълимоти асосида шаклланди.

ХII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий 1105 йилда Сайрамда, Шайх Иброҳим оиласида дунёга келган. Унинг вафот этган вақти кўпгина қўлёзма манбаларда 1167 йил деб ёзилган. Аҳмад ёшлигида онасидан, сўнг отасидан ажралади. Уни бобоси Арслонбоб тарбиялаб вояга етказади. Аҳмад дастлабки таълимотини Яссида машҳур олим Шаҳобиддин Исфижобийдан олади. Сўнгра бобоси Арслонбоб кўрсатмаси билан Бухорога бориб Юсуф Ҳамадонийдан таълим олади. Аҳмад Яссавийнинг ўзи устоз Юсуф Ҳамадонийнинг ҳузурига 23 ёшда борганини ва унинг тарбиясига ноил бўлганлигини эътироф этади. У ерда тасаввуфдан таълим олиб, сўнг ўз юрти Туркистонга қайтади, ўз таълимотини тарғиб этиб, шогирд, муридлар тайёрлай бошлайди.

Ривоятларга кўра, Яссавий 63 ёшга етгач, ер остида ҳужра ясатиб, “чилла”га кирган, қолган умрини тоат-ибодат қилиб, қимматли ҳикматлар ёзиб, риёзатлар чекиб, ер остида ўтказган.

Яссавий Марказий Осиё маданияти тарихида илк туркийзабон мутасаввиф шоир сифатида маълумдир. Унинг тасаввуфни тарғиб зтувчи туркийда ёзилган шеърлари тилининг халққа яқинлиги, оҳангдорлиги билан тезда машҳур бўлиб кетди.

Хожа Аҳмад Яссавий жуда кўп мутасаввиф донишмандларни тарбиялаб вояга етказган. Маълумки, “Яссавия” тариқатидан кейин Марказий Осиёда “Нақшбандия” (Хўжагон), “Бектошия” каби икки йирик тариқат пайдо бўлади.

“Яссавия” тариқатининг барча ақидалари Аҳмад Яссавийнинг асосий асари бўлмиш “Ҳикмат”да муфассал баён этилган. ХII асрдаги туркийзабон шеъриятнинг ажойиб намунаси бўлган, кейинги даврлардаги туркий адабиётга катта таъсир кўрсатган “Ҳикмат” асарида “Яссавия” таълимотидаги поклик, ҳалоллик, тўғрилик, меҳр-шафқат, ўз қўл кучи, пешона тери ва ҳалол меҳнати билан кун кечириш, Аллоҳ таоло висолига етишиш йўлида Инсонни ботинан ва зоҳиран ҳар томонлама такомиллаштириш каби илғор умуминсоний қадриятлар ифода этилган.

Яссавий ҳам ўзининг пири бузруквори Шайх Юсуф Ҳама-донийга ўхшаб мол-дунё тўплашга мутлақо қизиқмаганини, камбағалпарвар ва ғарибпарвар бўлиб яшаганлигини унинг баъзи бир ҳикматларидан ҳам билса бўлади. Мол-дунёга, бойликка ва давлат орттиришга муккасидан кетган, хасис ва очофат кишиларни Яссавий беаёв танқид қилади:

Бешак билинг бу дунё барча халқдан ўтаро,
Ишонмағил молингга, бир кун қўлдан  кетаро,
Ото, оно, қариндош қаён кетди, фикр қил,
Тўрт оёқлик чўбин от бир кун  санго етаро.

Дарҳақиқат, Хожа Аҳмад Яссавий Марказий Осиёдаги илк тасаввуфий тариқат – “Яссавия”нинг асосчиси, нафақат Хуросон ва Мавароуннаҳр, балки туркийзабон халқларнинг маънавий тарихида кенг маълум бўлган, мутасаввиф донишманд, инсонпарвар шоир ҳисобланади.
МАНБА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.