топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

"Ислом Каримов — мустақиллик меъмори” мавзусида хотира кечаси

ОЎМТВ ҳузуридаги "Маънавият ва маърифат" маркази
Илм-фан
2017 йил 31 январь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказида “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуганиевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги 2017 йил 25 январдаги ПҚ-2744-сон Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд топган кунига бағишлаб “Ислом Каримов – мустақиллик меъмори” мавзусида хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази директори А.Эшмуродов, “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими Қ.Шоназаров, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуратов, Республика Маънавият тарғибот маркази бўлим бошлиғи Гулчеҳра Маткаримова, Республика Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази бош мутахассиси Отабек Бозоров, сиёсий фанлари номзоди, доцент Шерзодхон Қудратходжаев ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Хотира кечасига Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари тингловчи сифатида таклиф этилди.
Ўзбекистон давлатининг мустақиллигига асос солган инсон Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов мамлакатимизда оғир ижтимоий-сиёсий вазиятлар моҳиятини чуқур англаган. Мамлакатимиз тарихи, миллий қадриятларимиз ҳамда маданиятимизни ривожлантирган ва эл-юрт учун ўз жонини фидо қилган инсондир.
Ислом Каримов собиқ иттифоқ ҳудудидаги ижтимоий-сиёсий ходисаларни таҳлил қилиб, бировга қарам бўлиб яшашнинг олдини олиш учун ўз халқини озодликка олиб чиқди. 1991 йилда иттифоқдош республика ичида биринчи бўлиб ўз мустақиллигини эълон қилди. Собиқ иттифоқ таназзулга учраган вақтида, оғир бир даврда Ислом Каримов ўз халқига ишониб самимий туриб “Мен шу бугундан эътиборан 1 сентябрни жумҳуриятимизда мустақиллик куни умумхалқ байрами деб эълон қиламан деди ва ўз сўзида турди. Бу кунни халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўз Қонунини яратди. Яъни давлатимиз Конституцияси, Давлат байроғи, Гимни ҳамда Гербини ишлаб чиқишда И.Каримов ўз ҳиссасини қўшди.  Юрт учун, миллат истиқболи учун халқ ўртасида соғлом ишончга асосланган самимий муносабатларни ўрнатди. Собиқ иттифоқ даврида ўзбек миллати ғурури топталган бир даврни бошидан кечираётган эди.
У давлатни бошқара туриб, халқнинг дардига шерик бўлиб, керак бўлса шу Ватан учун жонини тиккан Юрт отаси қалбимизда мангу қолажак.
И.Каримов юртимиз келажаги бўлган забардаст ёшларга алоҳида эътибор қаратган. 1991 йил 20 ноябрь санасида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғриси”даги Қонунни қабул қилди. Юртимиздаги барча ёшларни “Менинг фарзандларим” деб алоҳида таъкидлар эди. Ёшларнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, жамиятда соғлом авлод бўлиб улғайиши ва ўз иқтидор ва салоҳияти билан кўзга кўринган ёшларни қўллаб-қувватлади.
2005 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази ҳам Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ва шу даргоҳни очилиш куни келганда ёшлар билан шунчалик самимий суҳбатлашадиларки, ҳаттоки Тошкент давлат техника университети талаба қизларидан бири Президент кетар чоғида: "Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич" деб ортларидан чақиради, ўша пайтлар ТошДТУ маънавият-маърифат ишлари бўйича проректори Қ.Шоназаров минг бир хаёлда «энди нима бўларкин» деб турганида «илтимос биз билан эсдалик учун суратга тушмисизми» деб талаба қизнинг журъат этгани бу юртбошимизнинг ёшлар билан дилдан суҳбат қурганларига гувоҳи бўлишимиз мумкин.
   Мазкур тадбир якунида Ислом Каримов ҳаёти билан боғлиқ ҳужжатли фильм намойиш этилди  ва И.Каримов ёзган асарлари китоб ярмаркаси ташкиллаштирилди.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.