топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ёшлар маънавиятига интернетнинг мафкуравий таъсири

ОЎМТВ ҳузуридаги "Маънавият ва маърифат" маркази
Илм-фан
Инсоният ахборот оқими тобора тезлашган, ер шари аҳолиси кайфиятини, руҳиятини, мақсад ва интилишларини, қолаверса, бутун тафаккур тарзини ўзгартиришга қодир бўлган ахборот технологияси вужудга келган бир даврда яшамоқда. Бу ҳозирги замон цивилизациясининг ўзига хос ютуғи. Халқлар, мамлакатлар, давлатлар ўзаро муносабатларини тобора яқинлаштиришга, жаҳон ижтимоий-сиёсий жараёнларини бошқаришга, дунёвий кайфият, дунёвий руҳият ва маслакнинг вужудга келишига хизмат қиладиган мўжизакор ҳодисадир. Бироқ цивилизациянинг ана шундай улкан, кенг миқёсли ва серқирра ютуғидан ким қандай мақсадларда фойдаланаяпти? Уни беқиёс ва қудратли кучини нималарга ишлатаяпти? — деган ҳақли савол ҳам муаммога айланмоқда. Умуман олганда инсоният тафаккури кенгайиб, фан-техника тараққиёти жадаллашгани сайин инсоният ўзининг буюк яратувчилик қудратини намоён этмоқда. Шу билан бирга ўзининг бошини ўзи оғритадиган, ўз ҳаётига ўзи таҳдид соладиган, ўз истиқболини мавҳумлаштирадиган ҳолатларга ҳам дуч келмоқда.

 
Шу мақсадда 2016 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда Тошкент фармацевтика институти Мажлислар залида турли ёт ғоялар ва таҳдидларга қарши курашиш, мафкуравий иммунитетни шакллантириш мақсадида профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар ўртасида тарғибот тадбир ташкил этилди.
Тадбирда институт профессор-ўқитувчилари, факультет деканлари ва маънавий-маърифий ишлари бўйича муовинлари, ижтимоий-гуманитар фанлар кафедра мудирлари ҳамда 250 нафардан ортиқ талаба-ёшлар  иштирок этишди.
Бугун ахборот тарқатиш ниҳоятда замонавий қиёфага кирди. Интернет тармоғининг жадал ривожланиши жамият ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди.  Замонавий одам иш кунини интернетдан бошлаб, у билан тугатадиган бўлиб қолди. Глобал тармоқ шиддат билан ривожланиб, унинг имкониятлари тобора кенгаймоқда.
Глобал тармоқ афзалликларини инкор этмаган ҳолда, унинг ёшлар маънавиятига мафкуравий таъсири, ҳавф-хатарлари тўғрисида ҳам сўз юритишга тўғри келади. Муайян кучлар глобал тармоқнинг ахборотларни тез, сифатли узатиш, тарқатиш бўйича имкониятларидан фойдаланиш орқали жамоатчилик фикрини тўғри йўлдан уриш, ёшларни ўзлари тарғиб этаётган бузғунчи ғоя ва мафкуралар томон йўналтиришга ҳаракат қилишмоқда. Чунки ёшлар интернет аудиториясининг энг фаол аъзолари бўлиб, улар интернетга янгиликларни излаш, дўстлар билан танишиш, мулоқот қилиш, мусиқа ёзиб олиш ва ўзларига керакли маълумотлар олиш учун кирадилар.
Аммо виртуал макондан ёғилаётган ахборот оқими шунчалик кўпки, унинг қайси бири фойдали, тўғри ва қайси бири ғаразли эканлигини ажратиб олишга ҳар бир ёш йигит-қиз ҳам қодир эмас. Айниқса, ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган ёшларнинг дунёқарашига, ғоявий тарбиясига ўта салбий таъсир кўрсатувчи интернет тизими материалларининг маълум бир қисми асосан нохолис, шубҳали кўринишда бўлиб, ахлоқий бузуқлик, тажовузкорлик ва зўравонликка ундайди. Хозир интернет орқали тарқатилаётган ва йил сайин тобора кенг, хилма-хил тус олаётган виртуал зўравонликка, шунингдек электрон оммавий ахборот воситаларида тасвирланаётган жангари манзаралар, оммавий маданият ниқоби остидаги ғоялар ёшларнинг маънавиятига таъсир қилмоқда.
Бугунги глобаллашув даврида интернет тармоғи мафкуравий таҳдид объекти сифатида ёшлар маънавиятига таҳдид солмоқда.
Ёшларнинг келажакдаги тақдири ва истиқболи хақида ўйлар эканмиз, интернетнинг моҳияти унинг тараққиёти, инсоният ҳаётига таъсир ўтказиш омилларини, ахборот хавфсизлиги муаммоларини чуқурроқ ўрганишни, ноҳолис ахборотларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантиришни тақозо этади. Бу ўринда ёшлар маънавиятига интернетнинг мафкуравий таъсирини камайтириш учун қуйидаги таклифларни бериш ўринли:
1.          Ёшларни зарарли ахборот оқимларидан ҳимоялаш учун, улар онгида мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш лозим ва вояга етмаган ёшларни интернетдан фойдаланишини чеклаш лозим;
2.          Ёшларда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш ва интернет тармоғида маънавий-маърифий, мафкуравий тарғиботни кучайтириш зарур;
3.          Ёшлар порталлари ва бошқа янги веб ресурсларни яратиш;
4.          Ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш учун спорт тўгараклари ва фойдали машғулотларга кенг жалб қилиш;
5.          Ёшлар назоратини амалга ошириш учун оила, таълим муассасалари ва маҳалла ҳамкорлигини янада кенг йўлга қўйиш лозим.      
Ҳулоса қиладиган бўлсак, бугунги кунда мамлакатда ёшларнинг унумли меҳнат қилишлари, самарали билим олишлари учун ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар яратилган. Бугунги глобаллашув жараёнида интернет ёшларни тарбиясига, маънавий ривожига катта таъсир қилмоқда. Бу ўринда ёшларда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш ва ахборот дунёсидан ижтимоий тараққиётга хизмат қилувчи маълумотларни саралаб олиш борасидаги билимлар, қобилият ва малакани шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Ёшлар интернетдан умуммиллий манфаатга хизмат қиладиган ва тараққиётга ёрдам берадиган ахборотларни танлаб, таҳлил қилиб фойдалансалар салбий, ноҳолис ахборотлар таъсирига тушиб қолмайдилар. 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.