топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Жамият барқарорлигини таъминлашда диний манбалардаги бағрикенглик ғояларини ўрганишнинг аҳамияти

"Ёшларга оид давлат сиёсати Дастури" янгиликлари
Қонунчилик
Юртбошимиз Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида таъкидланганидек, «Барчамизга яхши маълумки, дин азалдан инсон маънавиятининг таркибий қисми сифатида одамзотнинг юксак идеаллари, ҳақ ва ҳақиқат, инсоф ва адолат тўғрисидаги орзу-армонларини ўзида мужассам этган, уларни барқарор қоидалар шаклида мустаҳкамлаб келаётган ғоя ва қарашларнинг яхлит бир тизимидир». Дарҳақиқат, Инсоният тарихида дин маънавий ҳаётнинг таркибий қисми бўлиб келган. Дунёдаги йирик динларда уларнинг асосий таълимотларини ўзида мужассам қилган муқаддас манбалари мавжуд. Ушбу муқаддас манбалар мазкур динга эътиқод қилувчиларнинг ҳаёт тарзини муайян даражада белгилаб берган.
Учта жаҳон дини – буддавийлик, христианлик, ислом динларининг муқаддас манбаларини ўрганиш асносида уларнинг асл моҳияти эзгуликка чақиришини кўриш мумкин. Мазкур манбаларда ўз аксини топган юксак инсоний фазилатлар орасида бағрикенглик, ўзгаларга раҳм-шафқат, меҳр-оқибат кўрсатиш алоҳида ўрин тутади. Бу борада буддавийликнинг муқаддас манбаси бўлмиш  Трипитакадаги баъзи боблар бунга яққол мисол бўла олади. Хусусан, «Метта сутта» бобида айтилишича, бағрикенг, бошқаларга меҳр кўрсатувчи киши қуйидаги 11 хислатга эришиши таъкидланади. Улар:
Ø    СОКИН УХЛАЙДИ;
Ø    ОСОН УЙҒОНАДИ;
Ø    ЁМОН ТУШЛАР КЎРМАЙДИ;
Ø    УНИ ОДАМЛАР ЯХШИ КЎРАДИ;
Ø    БОШҚА МАВЖУДОТЛАР ҲАМ ЯХШИ КЎРАДИ;
Ø    ИЛОҲИЁТ ҲИМОЯСИДА БЎЛАДИ;
Ø    УНГА ОЛОВ, ҚУРОЛ ВА ЗАҲАР ТАЪСИР ҚИЛМАЙДИ;
Ø    У  ФИКРИНИ ТЕЗ ЖАМЛАЙ ОЛАДИ;
Ø    ХУШРЎЙ  БЎЛАДИ;
Ø    ҚИЙНАЛМАЙ ВАФОТ ЭТАДИ;
Ø    РУҲИ  БРАХМА ДУНЁСИ БИЛАН БИРЛАШИБ КЕТАДИ[2].
Христианлик муқаддас манбаси «Библия»да келган Исо Масиҳ билан юз берган қуйидаги ҳикоя бағрикенгликка ёрқин мисол бўла олади. Унда айтилишича, яҳудий уламолари Исонинг ҳузурига зинокорлик устида қўлга тушган бир аёлни келтирадилар.
– Мусо Қонун китобида бундайларни тошбўрон қилишга буюрган, – деб уни жазога тортишни талаб қиладилар. Исо уларга босиқлик билан шундай жавоб беради:
– Орангиздан бир бегуноҳ киши чиқиб, унга тош отишни бошлаб берсин.
Шунда атрофда йиғилганлар бирин-сирин тарқалиб кета бошлайди. У ерда Исо ва аёлдан бошқа ҳеч ким қолмайди. Шунда Исо аёлдан сўрайди:
– Сени айблаганлар қани?
Аёл дейди:
– Улар йўқ.
Исо дейди:
– Унда мен ҳам сени айбламайман. Бор, энди гуноҳ қилма[3].
Ҳикоядан маълум бўладики, инсон бировни айблашдан аввал ўзи бегуноҳми-йўқми, унинг ўрнида ўзи бўлганида нима қилган бўларди, шулар ҳақида ўйлаб кўриши лозим. Ана шунда ўзгаларни тушуниш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари  ва қарашларини ҳурмат қилиш хислати шаклланади.
Ислом дини муқаддас манбаси Қуръонда қайси динда бўлишларидан қатъи назар инсонларга ёмон муносабатда бўлишдан қайтарилган. Жумладан, «Анъом» сурасида: «Аллоҳдан ўзгага сиғинадиганларни сўкмангиз!...»[4] дея, ўзга диндагиларнинг ўзларини ҳам, эътиқодларини ҳам ҳақорат қилмасликка буюрилган. Оят давомида ўзга эътиқод вакилларига адоват назари билан қараш уларда ҳам эзгулик сари ўзгариш ўрнига орадаги ёмон муносабатларнинг авж олишига ва натижада, ислом динига нисбатан ҳам салбий муносабатларнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланади.
Шунингдек, Қуръони каримда бошқа дин вакиллари билан яхши муносабатда бўлиш тарғиб қилинади: «Динлaрингиз тўғрисидa сизлaр билaн урушмaгaн вa сизлaрни ўз диёрлaрингиздaн (ҳaйдaб) чиқaрмaгaн кимсaлaргa нисбaтaн яxшилик қилишлaрингиздaн вa улaргa aдoлaтли бўлишлaрингиздaн Aллoҳ сизлaрни қaйтaрмaс. Aлбaттa, Aллoҳ aдoлaтлилaрни сeвaр»[5] дея, ёмон ниятда бўлмаган инсонлар билан, улар ким ёки қайси динда бўлишларидан қатъи назар, уларга яхшилик қилиш, адолатли муносабатда бўлишга чақирилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) эса, ҳузурларига келган нажронлик христианларга мисли кўрилмаган лутф билан муносабатда бўлганлар. Уларни ўз масжидларига тушириб, ҳатто ибодат қилишларига ҳам тўсқинлик қилмаганлар.
Яна «Рум» сурасининг 22-оятида: «Унинг оятларидан (яна бири) – У зот осмонлар ва ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хил қилиб қўйгандир. Албатта бунда барча оламлар учун оят-ибратлар бордир»[6], дея марҳамат қилинади. Ҳанафий мазҳабининг машҳур тафсирларидан бири бўлган Имом Насафийнинг «Мадорик ат-танзил» асарида мазкур оят тафсири хусусида инсонларнинг тиллари, сўзлашувларининг турфалиги, терилари рангларининг хилма-хиллигидан кўзланган ҳикмат уларнинг ўзаро танишишлари ва ҳамжиҳат ҳаёт кечиришлари экани, бунинг акси эса ҳар томонлама ҳам манфаатларга зид экани таъкидланган.
Шу билан бирга, ислом динининг асосий манбаларидан яна бири ҳисобланмиш ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир»[7]. Имом Дайламий томонидан ривоят қилинган ушбу ҳадис инсонни ҳар қандай мутаассибликдан қайтаради ва бағрикенгликка чақиради.
Имом Бухорийнинг «Ал-адаб ал-муфрад» асарида Мужоҳиддан келтирилган ривоят бор. Мазкур ривоятда Абдуллоҳ ибн Амрнинг ўзининг қўй сўяётган хизматкорига ишни тугатиши билан гўшт тарқатишни яҳудий қўшнидан бошлашни буюради. Мазкур нақлдан қўшниларга уларнинг дини ва миллатидан қатъи назар доимо яхши муносабатда бўлиш лозимлиги келиб чиқади.
Хулоса қилиб айтганда, дунё динларининг муқаддас манбаларини тадқиқ этиш кишилик жамияти тарихи билан танишишда, қолаверса, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик маданиятини ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этади. Ҳозирги кунда бу каби диний манбалар борасида турли хил тушунчалар мавжуд. Бундай манбаларда келган хабарларни нотўғри талқини ижтимоий адоват ва беқарорликка олиб бормаслиги учун муқаддас китобларни шарҳлаш борасида ишлаб чиқилган шартларга риоя этиш талаб қилинади. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон, жамият ва  миллат башариятнинг турли туман урф-одат, маданият ва қадриятларини ҳурмат қилган ҳолда муносабатда бўлишлари зарур. Зеро, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.
 
 А.Тошбоев, ТИУ магистранти

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.