топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўқувчиларнинг севимли тармоғи

"Ёшларга оид давлат сиёсати Дастури" янгиликлари
Қонунчилик
Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 11 миллиондан ошди. Таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларнинг ахборотга бўлган талаб-эҳтиёжини ҳар томонлама қондириш, интернет тармоғининг миллий сегментида таълим ва билим берадиган ахборот ресурсларини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ZiyoNET таълим тармоғи бугун чин маънода ўқувчиларнинг севимли порталига айланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан ишлаб чиқилган ZiyoNET таълим тармоғи мамлакатимизда ўн икки мингга яқин таълим муассасасини миллий сигментга бирлаштирган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги «ZiyoNET таълим ахборот тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ахборотлаштиришнинг миллий тизимини, қулай ахборот маконини шакллантириш, замонавий, ишончли, хавфсиз маълумотлар базасини яратиш, ёшларни интернетнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаётир.
 

Қирқ мингдан зиёд маъруза матни, илмий ишлар, рефератлар, ўқув дастурлари, маданий-маърифий тадбирлар, қонунчиликка оид маълумотлар, ўқув дарсликлари, спорт, болаларга мўлжалланган ахборот веб-ресурслари тармоққа жойлаштирилган. Видео, блоглар, форум ва бир қанча лойиҳалардан иборат ziyonet.uz портали қисқа муддатда кенг оммага мўлжалланган йирик интернет ресурсларидан бирига айланди. 

Тармоқнинг янги uTube.uz лойиҳаси доирасида фаолият бошлаган бўлимда қирқдан зиёд йўналишдаги 14 мингга яқин видеолавҳа жой олган бўлиб, табиий, аниқ ва ижтимоий фанлар, ота-оналар, болаларга мўлжалланган видеолавҳалар фойдаланувчиларнинг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган. 

… Абдуқодир Ҳакимов Учтепа туманидаги 81-умумтаълим мактабининг 7-синфида ўқийди. У ўтган йили “Билимлар беллашуви”да математика фани бўйича ғолибликни қўлга киритди. Уйга вазифаларни мустақил тайёрлаш, қўшимча маълумот олиш, юртимиз ва хорижий янгиликлардан бохабар бўлиш, чет тилларини ўрганиш мақсадида ZiyoNET таълим тармоғидан унумли фойдаланади. Ҳатто порталда ташкил этиладиган танловларда ҳам фаол иштирок этмоқда. 

– Биз бу порталдан оилавий фойдаланамиз, – дейди Абдуқодир. – Институтга киришдан олдин акаларим тармоқнинг «Абитуриентлар» бўлимидан фойдаланган бўлса, айни пайтда талаба бўлиб, манба излаб «Кутубхона»га мурожаат этишади. Мактабда информатика ўқитувчимиз Шаҳноза Абдиева, немис тили ўқитувчимиз Нодира Жўраева тармоқдан унумли фойдаланиш бўйича бизга ўрнак кўрсатмоқда. 

ZiyoNET таълим тармоғининг ёшлар учун фойдали томонларини порталнинг ҳар бир бўлимида кўришимиз мумкин. Фойдаланувчиларни рўйхатга олиш ZiyoNET порталининг ўзида амалга оширилади. Улар рўйхатдан ўтиши билан ID.UZ идентификация тизимида шахсий кабинетга ва uMail.uz тизимида почта қутисига эга бўлади. Жойланган ҳар бир файл медиа-омборда сақланади. Барча медиа-материаллар – фото, видео, аудиоларни media.ziyonet.uz манзилидан топиш мумкин.

ZiyoNETда ташкил этилган “Гуруҳлар” бўлими ижтимоий тармоқ вазифасини бажариб, ундан ўқувчилар ҳам фойдаланиши, янгиликлардан хабардор бўлиши, ўз фикрларини шу ерга жойлаб бориши мумкин. Бу хизматдан фойдаланган ёшлар хорижий ижтимоий “тузоқ”ларга тушиб қолмайди. Миллий тармоқдаги суҳбатдош дўстлар ҳам бегона эмас.

Тизимдаги манбалар ишончли, холис ва ҳақиқий маълумотларга суянади. Синфдош ёки курсдошлар учун алоҳида гуруҳ очиш, уларни қидириш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Иштирокчилар гуруҳларда мавзу очишлари ва шарҳлар қолдиришлари мумкин. Фойдаланувчилар тармоқда янги ташкил этилган онлайн “Савол-жавоблар” бўлимидан ўзини қизиқтирган саволларга жавоб топиши, ўз мулоҳазаларини тенгдошларига йўллаши мумкин. 

– ZiyoNET тармоғи таълим самарадорлигини оширувчи, ишончли маълумотларни етказиб берувчи асосий манбалардан бирига айланиб улгурди, – дейди Учтепа туманидаги 81-умумтаълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси Шаҳноза Абдиева. – Ахборот ва технологиялар асрида яшар эканмиз, компьютердан самарали фойдаланмаслик замондан орқада қолишдир. ZiyoNET тармоғидаги электрон кутубхона, янги ўқув адабиётлари, инновацион ишланма ва методик тавсиялар бизга жуда қўл келмоқда. Ундан энг тўғри, безарар ва фойдали маълумотларни олиб, ўқувчига етказа оламиз. 

Педагоглар ZiyоNET кутубхонасидан унумли фойдаланмоқда. Ҳозирги вақтда электрон кутубхонада 71 мингдан ортиқ электрон ресурслар жамланган бўлиб, улар ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, инглиз ва бошқа тилларда жойлаштирилган. Кутубхонадан фойдаланувчилар ўзларига керакли бўлган материалларни қидиришда ортиқча вақт сарфламасликлари учун материаллар категориялар бўйича жойлаштирилган ва фильтрлаш функцияси жорий этилган. 

Тармоқдаги “uRadio” ўқувчиларнинг мумтоз адабиётимиздан парчалар, ҳикматлар, АКТ янгиликлари, тарихимиз, миллий қадриятлар ва урф-одатларимизга оид қимматли маълумотлар билан мунтазам танишиб бориши учун катта имконият яратмоқда. “Аудиокитоблар” хизмати тармоқнинг яна бир ютуғи бўлиб, ўқувчига яқин ёрдамчидир. 
Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ZiyoNET тармоғида «Чет тиллари» бўлими ташкил этилди. Ушбу бўлимда инглиз ва бошқа хорижий тилларга оид 4 мингдан ортиқ материал, жумладан, ўқув қўлланмалари, интерактив дарслар, ўйинлар, видео ва аудиолавҳалар жамланган. 

– Яқинда тармоғимизда “Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси” акцияси эълон қилинди, – дейди Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги ZiyoNET ресурс маркази бўлими бошлиғи Улуғбек Тайлоқов. – Мазкур акция мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари, миллий қадрият, анъана ва маданий мероси, тарихий ёдгорликлари тўғрисидаги маълумотларни жамлаш ва кенг оммага етказишга ҳисса қўшади. Акциянинг якуний босқичида юртимиздаги ҳар бир ҳудуддан еттита энг жозибадор ва диққатга сазовор, тарихий ва маданий объектлар ҳамда туристлар учун қизиқарли саналган объектлар интернет тармоғи фойдаланувчилари томонидан овоз бериш йўли орқали танлаб олинди. 

Акция натижаларига кўра, Самарқандаги „Регистон“ ансамбли, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Амир Темур мақбараси, И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи, Тошкент телеминораси, „Ўзбекистон“ халқаро анжуманлар саройи ҳамда Хивадаги Ичан-қалъа ёдгорлиги мамлакатимизнинг етти мўъжизаси, деб топилди.

Онгу тафаккури, дунёқараши шаклланаётган навқирон авлоднинг маънавий олами дахлсизлигини асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ёшларни интернет ресурсларидан тўғри фойдаланишга, маънавиятимиз, одоб-ахлоқимиз ва урф-одатларимиз, қадриятларимизга зид бўлган ахборотларни инкор қилишга даъват этишимиз, интернетдан ахборот олиш ва таҳлил этиш маданиятини муттасил шакллантириб боришимиз зарур. Бу борада ZiyoNET муҳим ва ишончли ёрдамчидир. 
Азима Қиёсова, ЎзА 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.