топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Огоҳлик – соғлом муҳит гарови

"Ёшларга оид давлат сиёсати Дастури" янгиликлари
Қонунчилик
Тошкент давлат юридик университетида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда турли ёт ғоялар ва таҳдидларга қарши курашиш, миллий иммунитетни шакллантириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда маънавият тарғиботчилари, ҳуқуқ-тартибот соҳаси мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Мамлакатимизда ёшларни баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, ёт мафкуралар, хуружлардан асраш, уларда турли ғоявий таҳдидларга қарши курашиш кўникмаларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш давлатимиз юритаётган сиёсатнинг муҳим йўналишларидан эканлиги алоҳида таъкидланди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари айтганидек, ёшлар бизнинг нафақат ишончимиз ва келажагимиз, улар бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир.

Давра суҳбатида турли иллатлар, ёт ғояларнинг сабаб ва оқибатлари, айрим бузғунчи кучларнинг ёвуз мақсадлари, аҳиллик, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳитига рахна соладиган гуруҳларнинг кирдикорлари хусусида батафсил маълумотлар берилди. Шу юртда истиқомат қилаётган барча фуқароларни дини ва миллатидан қатъи назар, она Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш каби долзарб масалалар муҳокама этилди.

Бу каби тадбирлар ёшларда миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик, олижаноблик, сахийлик каби маънавий-ахлоқий фазилатларни камол топтириш, уларнинг маънавий оламини юксалтиришга хизмат қилади. Ёшларни огоҳлик ва сергакликка чорлайди.

– Ахборотлар тезкорлиги, глобаллашув жараёнлари кучаяётган бугунги даврда турли мафкуравий таъсирлар, айниқса, ёшлар тафаккурини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучаймоқда, – дейди университет талабаси Нурбек Тошканов. – Бу каби хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Айниқса, биз бўлажак мутахассислар тенгдошларимизга, укаларимиз, сингилларимизга бу воқеа-ҳодисаларнинг ҳуқуқий жиҳатларини тўғри тушунтира олишимиз зарур деб ҳисоблаймиз.

Давра суҳбатида таълим-тарбия жараёнида эътиборга олиниши лозим бўлган масалалар, интернет тармоғида маънавиятимизга ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди. Ёшларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.