топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Оқ йўл, битирувчилар!

"Ёшларга оид давлат сиёсати Дастури" янгиликлари
Қонунчилик
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида битирувчиларга мутахассислик дипломларини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда давлат ва нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, битирувчи ёшларнинг ота-оналари иштирок этди.
Институт ректори С.Юнусов ва бошқалар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш борасидаги ишлар иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини юксак интеллектуал салоҳиятга эга малакали мутахассислар билан таъминлашдек улуғ мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади.

 
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда дастуриламал бўлмоқда.
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Марказий Осиёда тўқимачилик, енгил ва пахта саноати соҳаси учун юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлайдиган ягона олий таълим муассасасидир. Институтда уч мингдан зиёд талаба ўн икки йўналиш бўйича бакалавриатда, ўн етти мутахассислик бўйича магистратурада замонавий таълим стандартлари асосида таҳсил олмоқда.
– Институтимиз малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фаннинг илғор тажрибаларини амалиётга жорий этиш мақсадида жаҳоннинг ўнга яқин мамлакатидаги таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда, – дейди Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори Улуғбек Абдуллаев. – Буюк Британия, Хитой, Германия, Япония, Греция, Жанубий Корея, Россия ва бошқа мамлакатлардаги нуфузли саноат корхоналари ва етакчи компания мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари уюштирилаётгани талабаларнинг соҳага доир билим ва тажрибасини оширишга хизмат қилмоқда. Институтимиз педагог кадрлари ва иқтидорли талабалари хорижий давлатларнинг нуфузли ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари билан ўзаро тажриба алмашиб келмоқда.
Жорий йилда олий ўқув юртини 942 бакалавр ва 124 магистр битирди.
– Институтда замонавий билимларни ўзлаштириш, изланиш учун яратилган шароит ва имкониятлар, фидойи, талабчан устозларимизнинг меҳнатлари самарасида мустақил ҳаётга қадам қўймоқдамиз, – дейди битирувчи Даврон Сатимов. – Аввалдан тузилган уч томонлама шартномага мувофиқ, «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компаниясида иш бошламоқдаман. Мақсадимиз – мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшиш учун бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишдир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.