топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ёш олимларнинг тадқиқотлари амалиётга жорий этилади

"Ёшларга оид давлат сиёсати Дастури" янгиликлари
Қонунчилик
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ёшлар билан мулоқот: муаммо ва ечимлар” мавзусига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва “Республика ёш олимлар Кенгаши” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуманда Ўзбекистондаги БМТ ваколатхонаси, БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) ва Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти” вакиллари, ёш олимлар, тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этдилар.

Конференциянинг ялпи мажлисида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер, YUNESKOнинг вақтинча вазифасини бажарувчи Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Бадарч Дендев ҳамда YuNISEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижтимоий-сиёсий бўлим бошлиғи Юлия Олейник ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган анжуманда ёшлар муаммолари ва сабабларини тадқиқ этиш, уларни бартараф этишнинг илмий-амалий ечимларини ишлаб чиқиш, шунингдек, бу борада олиб борилаётган ишларни тизимли равишда ташкил этишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини янада такомиллаштириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Ёш тадқиқотчилар фаолиятига бағишланган видеороликда акс этган ғоялар, янги ишланмалар анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
– Конференция доирасида ташкил этилган ёш тадқиқотчиларнинг инновацион ғоя ва моделларининг кўргазмасида замонавий технологиялар асосида яратилган роботлар, ўзиюрар машиналар, шаҳарсозлик намуналари барчада катта қизиқиш уйғотди,– дейди ЎзМУ Ёшлар иттифоқи Кенгаши раиси Шукурилло Анваров. – Бу кашфиётларнинг муаллифлари асосан республикамиз олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшлардир. Улар орасида Миллий университетимиз талабалари ҳам ўз ўрнига эга эканликларидан фахрланамиз. Ўқув даргоҳимизда бундай иқтидор соҳиблари янги-янги инновацион ғоялар устида изланишлари учун барча имкониятлар яратилмоқда.
Илмий-амалий конференция “Ёшларда юксак таълим-тарбия ва маънавий дахлдорлик ҳиссини шакллантириш”, “Ёшларни ахборот-психологик хуружлардан ҳимоя қилишнинг замонавий усуллари”, “Ёшлар муаммоларини бартараф этишда институтционал ҳамкорликни ривожлантириш”, “Ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш омиллари”, “Ёшлар ишсизлигини олдини олиш ва бандлик муаммоларини бартараф этиш” деб номланган шўъбаларда ўз ишини давом эттирди. Уларда ёш олимлар ўзаро фикр алмашдилар.
– Китоб ўқиётган, бирор кашфиёт устида изланаётган инсоннинг маънавий олами ҳам шунга яраша бўлади,– дейди ёш тадқиқотчи Азиза Усмонова.– Бугунги илмий-амалий анжуман ёшларни маънан камол топишига, улар онги ва қалбини турли ёт ғоялардан, мафкуравий таҳдидлардан асрашда муҳим ўрин тутади. Зеро, китоб – ҳаётимиз учун энг ёрқин маънавий офтобдир.
Конференцияга тақдим этилган 500 дан ортиқ долзарб мавзудаги мақолалар сараланиб, алоҳида тўплам ҳолида нашр этилади.
Анжуманда ёш олимларнинг илмий изланишлари натижаларини келгусида амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан фикрлашиб олинди.



 
Дилрабо Чоршанбиева, ЎзМУ Журналистика факультети магистранти,
Республика Ёш олимлар Кенгаши етакчи илмий ходими

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.