топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ватанга садоқат, мардлик ва жасорат мадҳияси

Блог им. mumtoz

Пойтахт Тошкент кўркига кўрк қўшиб турган, энг гўзал хиёбонларидан бирида барпо этилган муҳташам «Ватанга қасамёд» ҳайкали 2010 йил 12 январда очилган эди. Ҳа, бу тарихий воқеа Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида юз берган. Мамлакатимиз Президенти ташаббуси ва ғояси билан яратилган ушбу муаззам обида бугун юртдошларимиз учун қадрли гўшалардан бирига айланган.
Она Ўзбекистон шаҳар-қишлоқлари таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Шарқона гўзаллик билан уйғунлашиб кетган замонавий бинолар, кенг ва равон йўллар, кўприклар, серҳосил далалар, боғлар кўзингизни қувнатади. Истиқлолнинг хуш эпкинларидан юртимиз яшнамоқда, яшармоқда. Айниқса, пойтахт боғлари, хиёбонлари чиро­йидан кўз қамашади.

Мамлакатимизнинг бош майдони қай ҳолатда бўлганини катта авлод яхши хотирлайди. Мустақилликдан кейин у ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари майдон қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Майдон шарқона нафосат, улуғворлик касб этган. Айниқса, 2005 йилда бунёд этилган Эзгулик монументи унинг қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Бу ҳақда қаҳрамон шоиримиз Абдулла Ориповдан ўтказиб бир сўз дея олмаймиз:

Майдон мафтун этди кўпларни ғоят,

Бу жойда айтилди қанча ривоят.

Бир кун она-бола кириб келди-ю,

Майдон эгасини топди ниҳоят!

Ҳа, бугун майдону боғларимиз ўз эгасини топган. Пойтахтимиз кўрки ва ифтихорига айланган Амир Темур хиёбонининг барпо этилиш тарихини эсланг-а. Собиқ ҳамкасб­ларимиздан бири бу ўзгаришларни чуқур мамнуният билан қабул қилар экан, шундай деб эди: «Мустамлакачилар бу боғнинг кириш жойига ёзган «итлар ва сартларнинг кириши мумкин эмас» деган таҳқирли тақиқлари ҳақида ўқиганимда ориятдан, номусдан жоним бўғзимга келган. Агар бугунги ишларни битта ўзимга топширсалар ҳам жон-дилимдан бажарган бўлар эдим. Қўлларим ўзимга бўйсунмай ҳолдан тойганимда ҳам қарамлик сарқитлари илдизини тишларим билан битталаб қўпорган бўлардим…» Азиз замондош, буларни кўриб, «Ўзбекнинг ўз ниҳолин экканлиги рост бўлсин!» дея қалбингизни шукроналик туйғулари қамраб олиши шаксиздир.

Тошкентнинг энг кўркам гўшаларидан бирида қад ростлаган «Ватанга қасамёд» ҳайкали ҳам ҳуррият, эрк ва озодлик меваси ўлароқ яралган.

Қутлуғ айём – Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида ушбу муаззам монументнинг барпо этилганига беш йил тўлади. Бу унчалик катта муддат эмас. Аммо қисқа бир вақт ичида халқимизнинг бебаҳо маънавият хазинасидан жой олди.

Авваллари Қуролли Кучларимиз шарафига бунёд этилган бетакрор мажмуа ўрнида эски тузумдан қолган қиёфаси совуқ ҳайкал турганини, унинг атрофидаги боғ деб аталган жой кўз тушганда киши таъбини хира қиладиган, миллий менталитетимизга тамоман ёт ҳолат, манзаралардан иборат бўлганини кўпчилик яхши эслайди, албатта. «Ватанга қасамёд» ҳайкалининг бунёд этилиши, Қуролли Кучлар Давлат музейининг янгича қиёфаси, ўзида барча фасллар тароватини акс эттирган гўзал боғ, ҳашаматли шарқона дарвоза ушбу масканни том маънода нурафшон қилган. Эндиликда айнан ана шу бетакрор мажмуа туфайли Мирзо Улуғбек кўчаси юртимизнинг нурли манзилларидан бирига айланиб қолди.

…Тўрт ёшли жияним Аржумандбонунинг назарида гўзаллик билан Тошкент бир мазмунга эга. У ҳали бу шаҳарни кўрмаган, аммо муҳаббати чарақлаган кўзларида акс этиб туради. Фарзандларим «Ватанга қасам­ёд» ҳайкали пойида тушган суратларини синчиклаб кузатар экан, одатдаги саволларини бошлади. Давлатимизнинг бетакрор тимсоли бўлмиш байроғимизни кўзига тўтиё қилиб, Ватан ҳимоя­си учун, ота-боболаримиз хоки ётган мўътабар заминнинг ҳар қарич тупроғини асраш учун тайёрман, деб тиз чўкиб қасамёд қилаётган ўғлонни кўрсатиб, сўради:

– Бу аскар нима қиляпти?

– Аскар Аржумандбону опалари, дугоналари билан қайғу нималигини билмай, ўйнаб-кулиб юрсин, унинг онаси билан отаси яратган боғ ҳар доим серҳосил бўлсин, мен уларнинг тинчлигини ҳимоя қиламан, деб қасамёд қиляпти, – дедим унга тушунтиришга ҳаракат қилиб.

– Акам ҳам шундай қасамёд қилганми?

– Ҳа, ҳамма акалар шундай қасамёд қилишади, – дедим. У қувонч балқиб турган юзларини юзимга яқин келтириб, секингина сўради:

– Амма, битта гап айтсам, кулмайсизми?

– Йўқ, кулмайман, – дедим.

– Аскарнинг орқасидаги аёл катта энамга ўхшайди…

Ростини айтсам, лол бўлиб қолдим. Ўз қўрғони олдида туриб, ҳарбий хизматга отланган жондан азиз жигарбандига оқ фотиҳа бериб, оқ йўл тилаб турган Ватан тимсоли бўлмиш мунис ва мўътабар она… Беихтиёр юқоридаги сўзларни эсладим: «Бу бетакрор мажмуани бир кўрган одам, ўйлайманки, юраги жизиллаб, унинг маъносини тушуниб…» Қизалоқ мен тушунтира олмаган энг муҳим нарсани жажжи юракчаси билан илғаган кўринади. Азизлар, ушбу гўзал обида ижодкорлари энг ўткир мунаққидларнинг ҳам юксак эътирофига сазовор бўлган. Ушбу обидани оддий суратда кўриб, «катта энамга ўхшайди», деган тўрт яшар қизалоқнинг баҳоси ҳам эътиборга лойиқ деб ўйлайман.

Шу ўринда бу улуғвор мажмуани бунёд этган ҳайкалтарош ҳақида ҳам сўз юритишни лозим топдик. У яратган кўпдан кўп муҳташам ҳайкаллар дунёнинг қатор шаҳарларига кўрк бериб турибди.

Дунё маданий меросини, инсоният тафаккур меросини ҳазрат Алишер Навоийсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабабли дунёнинг кўпгина мамлакатларида улуғ шоир ижоди ҳамон катта қизиқиш билан ўрганилади, унга эҳтиром кўрсатиб келинади. Москва, Токио, Боку шаҳарларида бунёд этилган ҳазратнинг ҳайкаллари ана шу эҳтиром белгисидир. Навоий сиймосини таниқли ҳайкалтарош бир қатор нуфузли халқаро мукофотлар соҳиби Жалолиддин Миртожиев яратган. Шунингдек, Хитойдаги Камолиддин Беҳзод, Москва, Рига шаҳарларидаги Мирзо Улуғбек, Қоҳира шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкалларини ҳам у яратган.

Бундан ташқари, Жалолиддин Миртожиев яратган муҳташам ҳайкаллар мамлакатимизнинг бир қанча шаҳарларида юксакликда қад ростлаб турибди. Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулҳамид Чўлпон ҳайкаллари, Бухородаги Фитрат, Самарқанд шаҳридаги Рудакий, Мирзо Улуғбек, пойтахтимиздаги Абу Райҳон Беруний, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Зулфия, Ойбек, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова ҳайкаллари шулар жумласидан.

«Ватанга қасамёд» ҳайкали ҳам унинг кўплаб асарлари қаторида маънавиятимиз хазинасидан муносиб жой олди. Эндиликда мазкур мажмуа ҳаётини Ватан ҳимоясига бағишлаган юрт фарзандлари учун бениҳоя қадрлидир. Уни кўриш учун юртимизнинг турли чеккаларидан турли ёшдаги инсонлар ташриф буюришади. Чунки у ҳар биримизнинг кўнглимизга яқиндир. Унда бепоён Ўзбекистон тимсоли акс этган, унда Ватан акс этган…

Ҳарбий қасамёд Қуролли Кучларимизнинг энг яхши анъанасидир. У шунчаки расмий тадбир эмас, балки йигитлик шаъни, ору номусини ўртага қўйиб, она Ватан олдидаги шарафли бурчини адо этиш учун аҳду паймон қилиш маросимидир. Орият, ғурур ва садоқатни буюк аждодларидан мерос қилиб олган халқимизнинг энг сара ўғлонлари Ватан ҳимоясига бел боғлайдилар. Айнан «Ватанга қасам­ёд» мажмуаси пойида она Ватанга садоқат баётини айтиш ҳар қандай инсонга мисл­сиз ғурур ва ифтихор туйғуларини бахш этади. Унинг пойида Ҳарбий қасамёд қабул қилиш кўпларнинг орзусидир.

«Ватанга қасамёд» оддий ҳайкал эмас. У тошга йўнилган, тошга жон ато этган ўлмас бадиий тимсолдир, юртимиз эртаси, умиди бўлган ҳар томонлама етук, мард инсонлар тимсолидир. Унда ўзини она Ўзбекистон ҳимоясига бағишлашга шай турган минг-минглаб миллат ёшларининг юксак орзу-интилишлари ўз ифодасини топган.

СЎНГ СЎЗ ЎРНИДА

Саидкамол Ҳасанов Шаҳрисабз туманидаги 17-умумтаълим мактабининг тўртинчи синфида ўқийди. Қишки таътилда бувиси Шаҳодат опа билан пойтахтга қариндошлариникига меҳмон бўлиб келди. Таассуротлар бир олам. Айниқса… буви ва набира «Ватанга қасамёд» ҳайкалини зиёрат қилар эканлар, бола ҳайкалга термулганича орзумандлик билан бувисига шундай деди:

– Бувижон, катта бўлганимда мен ҳам қўшнимиз Жалол акага ўхшаб шу ерда Ҳарбий қасамёд қабул қиламан. Сиз ҳам худди шу онага ўхшаб мени дуо қиласиз… Шунақа ҳолатда расмга тушиб, сингилларимга юбораман…

– Бувиси эса мижжаларига қалқиб чиққан кўзёшларини набирасига билинтирмасдан артишга уриниб, пичирлади: иншооллоҳ, иншооллоҳ, болам ниятига етсин…

Инобат ИБРОҲИМОВА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.