topik, blog, fotoset yoki yo`naltirgich yaratish

Она Ватаннинг мард ўғлони

O`zbekiston Davlat San'at va Madaniyat instituti blogi
Ilm-fan
Юртимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидори ва маҳоратини янада юксалтириш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-5106-сонли Фармонига мувофиқ “Мард ўғлон” давлат мукофоти таъсис этилганлиги ҳам диққатга сазовордир.

 
Жорий йилнинг Ёшлар куни арафасида мазкур мукофот ўзининг ўқиш ва иш фаолияти давомида мамлакатимизда буюк аждодларимизга муносиб бўлган, мардлик ва жасорат, қатъиятлилик, ҳалоллик, ватанпарварлик каби фазилатларга эга мард ўғлонларимизни тарбиялаш ҳамда жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида юқори натижаларга эришиб келаётган билимли, ташаббускор, ишбилармон, шижоатли ва фидойи йигитларни рағбатлантириш мақсадида асл эгаларига топширилди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Халқ ижодиёти” факультети, “Халқ ашула ва рақс ансамблларига раҳбарлик” таълим йўналиши 4-курс талабаси Одилхўжа Қаюмхўжаев Икромхўжа ўғли ҳам ушбу фахрий мукофотга лойиқ деб топилди. Мазкур ютуқ давлатимиз раҳбарининг республикамизда санъат ва маданият соҳаларига берган юксак эътибори ҳамда эътирофи натижаси ҳисобланса ажаб эмас.
“Мард ўғлон” мукофоти соҳиби Одилхўжа Қаюмхўжаев 1994 йили Сирдарё вилоятида туғилган. Болалигидан анъанавий созандалик ва ижрочилик соҳаларига қизиқиб келади. 2008 йили Тошкент шаҳрида анъанавий хонандалик бўйича ўтказилган Муҳиддин Қориёқубов номидаги Республика кўрик-танловида олий ўринни, 2014 йили Санкт-Петербург шаҳрида анъанавий созандалик бўйича ўтказилган “Балтийский берег” халқаро танловида фахрли 1-ўринни, 2015 йили “Созлар навоси” Республика танловида бош совринни қўлган киритган. Ҳозирда олий таълим муассасасида ўз қобилиятларини янада шакллантириш йўлида юқори малакали ўқитувчи-профессорлардан сабоқ олиб келмоқда.
Одилхўжа Қаюмхўжаев ўзидаги ёрқин истеъдодни янада шакллантириш ҳамда “Мард ўғлон” давлат мукофотига эришиш йўлида устозлик қилган Республика Маданият коллежи катта ўқитувчиси Нажотхон Тўрахўжаев, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти фахрий профессорлари Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Комилжон Мирзаев ҳамда бошқа педагогларнинг ҳиссалари катта бўлди. Мусиқий билимларни эгаллаш, ўзбек миллий чолғу асбобларини юқори маҳорат ила чалиш, соҳанинг сир-асрорларини чуқур ўрганиш тамойиллари битирувчи талабанинг ҳаёт шиорига ва келажак мақсадига айланган.
Одилхўжа Қаюмхўжаев муҳтарам Президентимиз мукофот учун таъсис этган рағбатлантирувчи пул маблағларини келгуси ижодий ишларига, мусиқий билим ва қобилиятларини янада ривожлантиришга сафарбар этмоқчи. Она Ватаннинг мард ўғлонига улкан ижодий парвозлар, самарали ютуқлар тилаймиз!
 
 
Достонбек Раҳматуллаев
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият
институти матбуот хизмати котиби

0 izoh

Ro'yhatdan o'tganlar va tasdiqlanganlargina izoh qoldirishlari mumkin.