топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Миллий маънавиятимиз тамойиллари

O`zbekiston Davlat San'at va Madaniyat instituti blogi
Илм-фан

       
Ўсиб келаётган ёш авлод онгида миллий маънавиятимиз ва ўзбек менталитети тамойилларини акс эттириш, замон билан ҳамнафас ҳолда яшаётган ёшларимизнинг турмуш кўзгусида асрий миллат аксини намоён эттириш вазифалари устувор саналади.

Бугун юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ёш авлод тарбиясида миллий ўзликни англаш, Ватан фарзандларини миллий урф-одатлар, саодатли қадриятлар руҳида камол топтириш йўлида саноқсиз қатор ислоҳотларни амалга оширмоқдалар. Буларнинг барчаси порлоқ келажак, ёруғ тонгларнинг бардавомлиги учун хизмат қилиши шубҳасиз. Ушбу ҳаракатларга ёшларимизнинг ўзлари ҳам муносиб ҳисса қўшаётганликлари қувонарли ҳолдир.
Самарқанд вилояти Қўшравот туманида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг иқтидорли талаба-ёшлари иштирокида институтнинг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан “Санъат ва маданият кунлари” лойиҳаси ташкил этилди. Ташкилотчилар “Ёш китобхон” Республика танлови ғолибаси Сарвиноз Саксонова ҳамда институт Ёшлар иттифоқи етакчиси Бобур Убайдуллаев тадбирнинг аъло кайфиятда ўтказилишини таъминладилар. Дастурга мувофиқ лойиҳада катта хайрия концерти, китобхонлик тарғиботи, спектакль намойиши, тадбиркорлик семинарлари, давра суҳбатлари ташкил этилди.
Тадбирлар аввалида Қўшравот тумани 5-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида 1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан институт талабалари “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Дилшод Каримов, истеъдодли ёш хонандалар Илҳом Жалилов, Нурмуҳаммад Турдалиевлар томонидан жонли ижрода концерт дастури ташкил этилди. Даврага йиғилган болалар кўзларида қувонч уфуриб, барчаси гўзал мусиқа оҳанглари остида шўх рақсга тушишди.
Лойиҳага кўра иккинчи кунда институтнинг “Камолот” тажриба театр труппаси томонидан режиссёр Достон Ҳақбердиевнинг Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг муқаддас хотирасига бағишланган “Озодлик” спектакли намойиш этилди. Залда йиғилганлар давомий қарсаклар билан спектаклни томоша қилишиб, иқтидорли талаба-ёшлар ижросига олқишлар айтишди.
Спектаклдан сўнг, “Ёш китобхон” Республика танлови ғолибаси Сарвиноз Саксонова мактаб ўқувчилари билан китобхонлик тарғиботини ўтказди, ўз шахсий кутубхонасидан бўлажак издошларига қизиқарли қитоблар улашди.
Етакчи Бобур Убайдуллаев ва иқтидорли талаба Нодир Матлабов билан биргаликда ўқувчилар, мактабнинг ёш ўқитувчилари ва тадбиркорлар учун махсус дастурлаштирилган “Инновацион ғоялар билан тўлдирилган” тадбиркорлик семинари бўлиб ўтди. Семинар давомида қизиқарли баҳс-мунозаралар бўлиб, соҳа бўйича фойдали режалар хусусида керакли маълумотлар ўртага ташланди.
Мазкур “Санъат ва маданият кунлари” лойиҳасини амалга оширишда Қўшравот тумани ҳокими Бахтиёр Мусулмонов билан туманнинг Ёшлар иттифоқи раиси ва етакчилари институт ёшлари билан бирга бўлишди. Иштирокчиларга мезбонлар томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширилиб, яна шундай ажойиб дастурларни кутиб қолишларини изҳор этишди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг иқтидорли талаба-ёшлари томонидан ташкил этилаётган мазкур тадбирлар биз юқорида кўзлаган эзгу мақсадлар йўлида албатта ўз самарасини беражак. Асосийси, бирдамликда қилинган эзгу ишлар саодатли кунларимизга муҳрланиб қолаверади.
 
Достонбек Раҳматуллаев
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият
институти матбуот хизмати котиби

1 изоҳ

avatar
Bunday Tadbirlar kubroq bo'lsin.
Yoshlarga Omad
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.