топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ифтихоримизга айланган ижодкор

O`zbekiston Davlat San'at va Madaniyat instituti blogi
Илм-фан
 
Ўз билими, ёрқин салоҳияти ҳамда тенгсиз маҳорати ила дунё ҳамжамиятини лол қолдираётган Ўзбекистон ёшлари ҳар жабҳада Ватан тараққиёти учун илдам қадамлар ташлашган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бугун юртимизда ёшларимизни илм олиши, жамиятда мустаҳкам ўринларини топишлари учун қатор ислоҳотлар амалга оширилаётгани қувонарлидир.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институтида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти докторанти, институт Ёш олимлар кенгаши раиси Эльдар Юлдашев санъатшунослик бўйича фалсафа доктори “PhD” илмий даражасини қўлга киритди.
Эльдар Юлдашев Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил 4-июндаги Қарорига асосан ташкил этилган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг илк докторанти ҳисобланади. Унинг “Ўзбекистон креатив саноати контекстида овоз технологиялари” номли диссертация иши овоз режиссураси соҳасидаги Ўрта Осиёдаги ягона дастлабки докторлик иши бўлди. Мазкур диссертацияда Ўзбекистон санъатида овоз режиссёрлигини ривожлантириш, овоз сифати ва савиясига таъсир кўрсатувчи аудио-техник таъминлашни ўзгартириш ва модификация қилиш усуллари, юксак продюсерлик маҳорати, экран маданияти, клип эстетикаси, арт-хаус фильмларда янгича тенденциялар, замонавий телевидение тараққиётига оид илмий тадқиқот ишлари ёритилган бўлиб, докторант томонидан мавжуд масалаларни ривожлантириш учун қатор таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан янги ташкил этилиши режалаштирилаётган Миллий кинематография институти таркибида алоҳида мустақил “Овоз режиссёрлиги” кафедрасини ташкил этиш тўғрисида керакли тавсиялар берилган.
Эльдар Юлдашев фан доктори илмий даражасига етишишида устозлик қилган профессорлар Ўзбекистон санъат арбоби, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Жўра Тешабоев, олий тоифали овоз режиссёри Игорь Иосис, илмий маслаҳатчи Россия Фанлар академияси академиги, техника фанлари доктори, профессор Абдурашид Хасанов ушбу илмий тадқиқотнинг бугунги кун учун актуал мавзуда ёритилишига, келгусида ёш кадрларни тайёрлашда муҳим илмий-услубий манба бўлиб хизмат қилишига эътибор қаратишган.
Докторант ўз соҳасига ўта қизиқувчан ва масъулиятли ёшлардан бўлиб, ҳозирда унинг муаллифлигида Хорватия, Бельгия, Испания, Туркия давлатлари билан ҳамкорликда 4 та халқаро дастур ишга тушган. Мазкур фаолият юртимизда овоз режиссурасини ривожлантириш борасидаги қатор инновацион ғоялар ишлаб чиқишда муҳим дастур бўлиб хизмат қилмоқда.
Эльдар Юлдашев бугун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида малакали педагог сифатида талаба-ёшларга овоз режиссураси ва овоз операторлиги, мультимедия асослари, овозлаштириш санъати борасида билим бериб, зарурий амалий кўникмаларни шакллантириб келмоқда. Қолаверса, турли халқаро доирадаги илмий-амалий конференцияларда ҳамда республика форумларида ўзининг илмий мавзудаги мақолалари билан фаол қатнашади. Эльдар Юлдашев санъатшунослик бўйича фалсафа доктори “PhD” илмий даражасини 32 ёшида олганлиги нафақат унинг, балки, бугун юртимизда илмий тадқиқот олиб бораётган барча ёшларнинг ютуғи ҳамдир. Ифтихоримизга айланган ижодкорнинг келгуси ишлари ўзбек миллий санъатида овоз режиссураси тараққиёти учун хизмат қилаверсин. Мазкур ҳодиса эса ёшларимизга янада илҳом ва куч-қувват бағишлайди!
 
 
Достонбек Раҳматуллаев
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият
институти матбуот хизмати котиби
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.