topik, blog, fotoset yoki yo`naltirgich yaratish

Эзгулик – бахтли ҳаёт асоси  

O`zbekiston Davlat San'at va Madaniyat instituti blogi
Ilm-fan
 

Эртамиз эгалари бўлмиш қалби беғубор болажонларга юксак санъат асарлари орқали бахтли ҳаёт мазмунини уқтириш олий вазифадир. Тинч ва осойишта кунларимизни қадрлаш, болаларнинг мурғаклигидан бошлаб шукрона айтиб яшаш каби эзгу инсоний хислатлар қўғирчоқ спектакллари моҳиятига жо бўлса қадри баланд, умрбоқий бетакрор саҳна асарлари яралади. Республика қўғирчоқ театрларининг XI анъанавий кўрик-фестивали ҳам айнан мана шундай улкан мақсадларни кўзлаган ҳолда ташкил этилаётгани кишини қувонтиради.

Кўрик-фестивалнинг иккинчи куни Ўзбекистон Ёшлар театри саҳнасида Андижон вилояти қўғирчоқ театрининг япон халқ эртаги асосида саҳналаштирган “Турна пати” спектакли намойиш этилди. Постановкачи режиссёр Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Хўжаев инсценировка муаллифи Иброҳим Содиқов билан биргаликда саҳнада бугунги кунда болаларимиз учун фалсафий-дидактик тарбияга хос бўлган ажойиб асарни яратишди. Спектаклга япон халқининг миллий руҳини берувчи махсус куйлар танлангани, асар ғояси ва қўғирчоқ персонажлар характерига мос равишда мусиқий сайқалларнинг ўрин топганлигида композитор Баҳодир Зокировнинг ўзига хос ёндашувини кўриш мумкин. Либослар бўйича мутахассис Ольга Лебедованинг моҳирона танлови, рассом Лилия Ахунова томонидан эса асар персонажларидаги ташқи кўриниш, спектаклдаги декорациялар ўзгача дид билан ишланган. Овоз режиссёри Дилшодбек Турсунов, балетмейстр Дилмурод Холматов, театрнинг адабий эмакдоши Мансурбек Рўзиев каби барча ижодкорларнинг юксак маҳорати гўзал спектакль намойишида кўринди. Актёрлар Рашит Чўққиев, Нигора Казакова, Дадажон Отажонов, Мавлуда Парпиева, Ҳаётбек Алибоев ва бошқалар ўзига хос талқинларда қўғирчоқларни гавдалантиришди. Япон халқининг миллий рақслари ва оҳанрабо куйлари асар бош қаҳрамони оқкўнгил Турнаойнинг тақдири, ўзгаларга эзгулик қилиш йўлидаги мардона ҳаракати кўнгилларни ларзага солди. Мазкур спектакль нафақат болалар, балки катта ёшдаги томошабинлар учун ҳам тарбиявий аҳамиятга эга эканлиги билан алоҳида ажралиб туради.
Она табиатнинг фарзанди бўлмиш инсон тақдири, мол-давлатга ўч ҳолда нафсга қуллигининг салбий оқибати, эзгулик – бахтли ҳаёт асоси эканлиги Андижон вилояти қўғирчоқ театрининг ижодий жамоаси томонидан тақдим этилган “Турна пати” спектаклида гўзал тасвирини топди. Намойишдан сўнг, залда томошабинлар олқишлари ижодкорлар руҳини янада тўлқинлантириб юборгани сир эмас. Мазкур спектакль юртимизда ўтказилаётган Республика қўғирчоқ театрларининг XI анъанавий кўрик-фестивали доирасидаги совринга муносиб асарлар қаторидан ўрин олади. Барчага муваффақиятлар тилаймиз!
 
Достонбек Раҳматуллаев
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият
институти матбуот хизмати котиби

0 izoh

Ro'yhatdan o'tganlar va tasdiqlanganlargina izoh qoldirishlari mumkin.