топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Энг буюк жасорат (1-қисм)

Президент Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида" асарини ўқиб...
Жамият
Президент ушбу бўлимда маънавий жасоратни, яъни умумэътироф этилган улкан маънавий қадриятларга суянган ҳолда, эзгулик йўлида ёниб яшаш, ўзининг бор куч ва имкониятларини ибратли ишларга сафарбар этиш аслида бу оламда яхшилик, адолат ва меҳр-оқибат, ўзаро ишонч туйғуларини асраб келаётган муқаддас фазилатлардан бири эканлигини таъкидлайди. Маънавий жасорат дунёдаги барча халқларга хос бўлган умумбашарий ҳодиса сифатида нафақат инсоният равнақига, керак бўлса, унинг ер юзида муносиб яшаб, ўз номини асраб қолишига ҳам хизмат қилиб келмоқда, деб қайд этади муаллиф. 
Маънавий жасорат, тарихнинг қайси босқичида рўй беришидан қатъи назар, бутун инсониятнинг эзгулик ва тараққиёт сари интилишининг ёрқин ифодаси бўлиб қолаверади. Муаллиф улкан маънавий жасорат соҳиблари бўлган аллома зотлар дунёнинг қаерида яшамасин, яхшилик ва ўқимишлилик йўлида ҳамиша одамларга ибрат бўлиб келганини алоҳида таъкидлайди. 
Булар қайси йўллар?
   
Муаллиф табиат, жамият ва инсон мавжудлигидаги уйғунликни, кўзга кўринмас мислсиз қудрат-энергияни, ўзида ифода этган маънавий жасорат тимсолида намоён бўладиган илоҳий қувватни инсонни том маънода инсон қиладиган омил, деб ёзади. Шу боис у ўз замондошларига, ватандошларига мурожаат қилиб, қандай вазиятда бўлмасин, инсон деган номни шарафга буркаб, доимо маънавий сафарбарлик асосида яшаган, шу йўлда ҳатто азиз жонидан кечишга ҳам тайёр бўлган буюк зотларнинг ҳаёт йўлини ёшлар учун ибрат ва намуна қилиб кўрсатади, мустақилликнинг маънавий асосини айнан ана шундай интилиш, ҳаётга эътиқод билан мустаҳкамлаш зарурлигига эътиборни қаратади.
Узоқ ва яқин тарихимиз шуни кўрсатадики, деб қайд этади муаллиф, халқимиз доимо маънавий жасорат ҳисси билан яшаган ва бу улуғ туйғу унинг ҳаётида йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора кучайиб, юксалиб бормоқда. Чунки халқ маънавияти шундай бир буюк чексиз чуқурликка ўхшаш жойки, ҳар қайси авлод ундан куч-қудрат, ғайрат ва илҳом олиб, ўзининг нақадар улкан ишларга қодир эканини намоён этади.
Бу чуқурликка ўхшаш жойнинг номи нима?


Асар муаллифи буюк цивилизация ва маданият бешиги бўлган, кўҳна ва ҳайратомуз тарихни ўзида мужассам этган Ватанимиздаги бебаҳо ёдгорликлар, осори атиқалар ҳақида сўз юритар эканмиз, шу заминда яшаётган барча инснлар уларни аввало халқимиз даҳосининг ёрқин намунаси, таъбир жоиз бўлса, унинг юксак маънавиятига қўйилган муаззам ҳайкаллар деб қабул қилади, деб ёзади.
Президент ўз асарида бу ёруғ оламда энг буюк жасорат нима деган саволга ҳеч иккиланмасдан, энг буюк жасорат – бу қандай жасорат, деб жавоб беради?
   
Муаллиф жаҳон тарихига назар ташлаб, қалбида, юрагида ана шундай жасорат ҳисси ниҳоятда кучли бўлган инсонлар ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам адолат ва ҳақиқат йўлида ўзини аямай, Эл-юрт учун, Ватан учун қандай ибратли ишларни амалга оширганини таъкидлайди.
Асарда антик даврга мансуб Юнон файласуфи Платоннинг ҳаёт йўли тасаввур қилинади. Маълумки, Платон бутун умрини илму-маърифатга бағишлаган улуғ донишманд – Соқрат ўлимидан кейин Юнон фалсафасининг тақдири хавф остида қолади. Фақатгина Платоннинг фидоийлиги ва беқиёс хизматлари эвазига бу фан янги босқичга кўтарилади. Унинг қанчадан-қанча қийинчилик, сарсон-саргардонликдан сўнг бор мол-мулкини сарфлаб, Афина шаҳри яқинидан махсус ер сотиб олиб, олимлар тўпланиб, баҳс-мунозара олиб борадиган жой – академия ташкил этиши чинакам маънавий жасорат намунаси эди. Платон асос солган бу илмий маскан минг йил давомида нафақат Юнон, балки бутун Шарқу Ғарб оламининг ривожига кучли таъсир ўтказади, инсоният тафаккур тараққиётининг бир жиҳатини белгилаб беради.
У тараққиётнинг нимасини белгилаб берган эди?
 
Президент И.Каримов асарда бундан 1000 йил муқаддам ташкил топган Хоразм Маъмун академияси хусусида тўхтаб, 1997 йилда унинг қайта ташкил этилиб, илмий тадқиқотлар асосида муҳим илмий ва амалий аҳамиятга эга бир қатор илмий натижалар олинганлиги, тадқиқот натижаларини амалиётга жорий қилиш юзасидан тегишли илмий-ташкилий тадбирлар амалга оширилиб, қатор илмий натижалар амалиётга жорий қилинганлигини ёзади.
Олимларнинг изланишлари туфайли Хоразм вилоятида 210 минг гектар экин майдонида жорий этилиб, бир йиллик иқтисодий самара 1,78 миллиард сўмни ташкил қилди; Вилоятда маккажўхорининг уруғчилик тизими яратилди, коллекцион участкалар ва уруғчилик хўжаликлари ташкил қилинди. Биологик хусусиятлари ва хўжалик белгиларига қараб 19 тур ўсимликнинг 38 нави экишга тавсия этилди.
Илмий тадқиқотлар натижасида 1061 та илмий иш, жумладан, 30 та монография, 8 та рисола, 460 та илмий мақола ва 473 та тезис (илмий мақола ва маъруза тезисларининг 76 таси хорижда) нашр этилди, деб таъкидлайди муаллиф. Асарда 20 хилдаги маҳаллий ўсимликнинг шифобахш қисмларидан тайёрланган шифобахш бир бальзамни ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги қайд этилади. У қандай бальзам?


Асарда мустақиллик шарофати билан буюк аждодларимизнинг маънавий меросидан баҳраманд бўлиш ва уларнинг номини абадийлаштириш имкониятига эга бўлинганлиги қайд этилиб, XII аср тасаввуфининг энг ёрқин ва энг улуғ намоёндаларидан бири бўлган мутафаккир бир инсонни ана шундай буюк зотлардан биридир, дейди. У киши “Ватан ҳимояси йўлида шаҳид бўлмоқ — Худо васлига ноил бўлмоқдур”, деган ўзларининг бу олийжаноб фикрларини нафақат ёзганлар, балки ўз даврларида амалда, ўзларининг хайрли ва ўта ибратомуз ҳаётларида қойилмақом тарзда исботлаганлар.Душман қўшинлари шаҳарни қамал қилган пайтда, у шаҳар мудофаасида фаол иштирок этиб, “ё Ватан, ё шафқатли ўлим” шиори билан бутун халқни эргаштирган. 
Шафқат нималигини билмаган душман сардори бу ҳазратга марҳамат кўрсатиб, қамалдан чиқиб кетиши мумкинлиги тўғрисида хабар юборади.
Бу ҳазрат таклифни рад этиб, ватан мудофаасига чоғланган меҳнаткаш халққа бошчилик қилади. Асарда ибрат сифатида намоён этилган бу жасур инсон ким?
 
Қ. Эргашев, И.Шодмонқулов, ТДИУ

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.