топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Инсон қалбига йўл (5-қисм)

Президент Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида" асарини ўқиб...
Жамият
Муаллиф оммавий ахборот воситалари орқали миллий истиқлол ғоясини сингдиришнинг яна бир муҳим жиҳати мавжуд, деб ёзади. Бу жиҳат — ахборот террорига, мафкуравий таҳдидларга муносиб жавоб бериш, маънавий-мафкуравий жиҳатдан халқимизни тобе этишга интилишларнинг пайини кесиш ва Ўзбекистон фуқаролари онгида бир нарсани шакллантириш билан боғлиқ.
Бу шакллантирадиган нарса нима?
 
Асарда таъкидланишича, сўнгги пайтларда информацион хуружларнинг тез-тез уюштирилаётгани аслида урушга муносабатнинг ўзгарганлигидан, қуролнинг янги тури кашф қилинганидан дарак беради. Бу қурол – ахборотдир. Бундай қурол ёрдамида олиб бориладиган информацион урушларда инсоннинг онги ва қалби нишонга олинади. Гарчи у дайди ўқ сингари инсонни жисмонан йўқ қила олмаса-да, унинг қўпорувчилик кучи, келтирадиган талофотлари ҳар қандай оммавий қирғин қуролиникидан кам эмас. 
Чунки бу қурол ёрдамида онгга берилган зарбалар кишини адаштиради, уни ўз манфаатларига зид ҳаракат қилишга ундайди ва демак, инсонни бошқариш, унинг устидан ҳукмронлик қилиш имконини беради. Аслида ахборот мақсадга эришишнинг энг арзон воситаси ҳам саналади. Ҳақиқатан ҳам, информацион ҳуружлар уюштириш учун у қадар кўп меҳнат, у қадар кўп ҳаракат, у қадар кўп ҳаражат талаб этилмайди. Гарчи бундай мафкуравий экспансия отишмалар ва қон тўкишларни келтириб чиқармаса-да, миллий бир жараённи заифлаштириш эвазига таназзулга олиб келади.
Бу миллий жараённинг номи катакчаларда яширинган?


Президент асарда Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Маргарет Тетчернинг: “Оммавий ахборот воситалари – террорчилар учун кислород вазифасини ўтайди”, деган сўзини эслатади. Муаллиф фикрини давом эттириб, бу гапнинг мағзини чаққан одам “оммавий ахборот воситалари террорчилар учун ҳаводек зарур экан”, деган хулосага келади. Бир қарашда бу фикр мантиқсиздай туюлади. Чуқурроқ ўйлаб кўрсак-чи? Аслида террорчилар бир қанча инсонларни шафқатсизлик билан ўлдириш орқали миллионларда қўрқув ва даҳшат уйғотишга интиладилар.
Демак, уларнинг мақсадлари — ўлдириш эмас, жамоатчиликка кучли таъсир қилишдир, деб таъкидлайди. Таассуфки, баъзи оммавий ахборот воситалари ўзлари билмаган ҳолда терроризмнинг бузғунчилик, қўпорувчилик таъсирини янада оширишга “хизмат” қилиб қўядилар. Уларнинг террор оқибатлари ҳақидаги ваҳимали ахборотлари инсонлардаги қўрқувни, даҳшатни, ҳимоясизлик ҳиссини янада кучайтириб юборади. Бу каби ахборотларга қарши қандай ишни уюштириш зарурати туғилади, дейилади китобда?
   
Инсоннинг, маънавий оламини кашф этадиган яна бир қудратли восита сўз санъати, бадиий адабиётдир. Адабиётни инсоншунослик деб, шоир ва ёзувчиларнинг эса инсон руҳининг муҳандислари, деб таърифланиши бежиз эмас, дейди Президент И.А.Каримов.
Асарда мустақиллик йилларида юртимизда маънавиятимизнинг ғоят муҳим ва узвий қисми бўлган адабиётни ривожлантириш, шоир ва ёзувчиларимизнинг эзгу меҳнатини қадрлаш ва муносиб рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз ҳосилини бераётганлиги, бадиий адабиётимиз мавзулар кўлами жиҳатидан ҳам, жанрлар нуқтаи назаридан ҳам ранг-баранг бўлиб бораётганлиги, адабиёт майдонида янги-янги номлар пайдо бўлаётганлиги китобхон халқимизни албатта қувонтиради, деб таъкидланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, «Агар биз Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этмоқчи, унинг қадимий тарихи ва ёруғ келажагини улуғламоқчи, уни аводлар хотирасида боқий сақламоқчи бўлсак, авваламбор буюк ёзувчиларни, буюк шоирларни, буюк ижодкорларни тарбиялашимиз керак. Нега деганда, улуғ адиб, Чўлпон айтганидек, адабиёт яшаса – нима яшайди»?


Инсоннинг руҳий кмолоти ҳақида гапирар эканмиз, албатта бу мақсадга мусиқа санъатисиз эришиб бўлмайди, деб қайд этади муаллиф.
Мусиқа садолари қайси халқ ёки миллат вакили томонидан ижро этилмасин, энг эзгу, юксак ва нозик инсоний кечинмаларни ифода этади.
Мустақиллик йилларида улуғ боболаримизнинг анъаналарини давом эттирган ҳолда, мамлакатимизда мусиқа санъатини кенг ривожлантиришга қаратилган дастур ва режалар амалга оширилмоқда.
Президентимиз асарда республикамизда бир мусиқа жанри иборасининг маъно-мазмунига алоҳида эътибор бериш зарурлиги, уни ҳар қандай бегона таъсирдан, айниқса, «оммавий маданият» руҳидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишимиз табиий, деган хулосага келадилар.
Бу қайси мусиқа жанри?


Президентимиз асарида маънавиятимизнинг узвий қисми бўлган кино ва театр санъати хусусида сўз юритилади.
Шахсан ҳар сафар Президентимиз «Тоҳир ва Зуҳра», «Ўтган кунлар», «Сен етим эмассан», «Маҳаллада дув-дув гап» каби мумтоз фильмларни кўрганида бу ҳақиқатга ишонч ҳосил қилишини айтиб ўтадилар.
Кино санъатининг инсон онги ва тафаккури, жамият ҳаётига беқиёс эканини ҳисобга олган ҳолда, истиқлол йилларида миллий кинематграфияни ҳар томонлама ривожлантириш, бу борада зарур моддий ва маънавий шарт-шароитларни яратиш бўйича амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли янги-янги фильмлар суратга олинмоқда, улар орқали тарихимиз ва бугунги ҳаётимиз билан боғлиқ турли мавзулар ёритилмоқда. Асарда бу борадаги камчиликларга тўхталиб, лекин ёшлар тарбиясига чуқур таъсир кўрсатадиган замонавий қаҳрамон образи кино эрканларимиздан ҳали жой топгани йўқ, миллий кинодраматург ва режиссёрлар тайёрлаш ҳам долзарб масала бўлиб қолмоқда, деб таъкидланади. Президент ўз асарида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг театрни бир ном билан атаганлигини эслашнинг ўзи ўринлидир, деб қайд этадилар.
М.Беҳбудий театрни нима деб атаган эди?
 
Қ. Эргашев, И.Шодмонқулов, ТДИУ

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.