топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Тўғри тарбия, соғлом маънавий муҳит, сифатли таълим

Maqolalar
Илм-фан

Тўғри тарбия, соғлом маънавий муҳит, сифатли таълим бунга оила — маҳалла — таълим муассасасининг яқиндан ҳамкорлигини таъминлаш орқали эришилади.

“Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта, бахт­ли бўлишлари шарт!”. Президентимиз томонидан айтилган бу улкан мақсад мустақил тараққиёт йўлини танлаган халқимизнинг барча орзу-ниятларини ўзида мужассам этган. Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимиз ёшлари таълим-тарбиясини кучайтириш, маънавиятини юксалтириш, она Ватанига содиқ, ўз келажагини унинг истиқболи билан уй­ғун тарзда тасаввур этадиган, ўз мустақил фикрига эга – Баркамол авлодни вояга етказиш борасида изчил ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари, йирик дастурлар асосида яратилган тўкис шарт-шароитлар ҳамда мунтазам равишда ташкил этилаётган оммавий тадбирлар юртимиз ёшларини бир мақсад йўлида бирлаштириб, уларга баланд марралар сари дадил интилишда қанот бўлмоқда.
Албатта, ёшлар таълим-тарбиясида таълим-тарбия муассасалари билан оила, маҳалланинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим ўринга эга. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги “Баркамол авлодни тарбиялашда оила инс­титути ва фуқароларнинг ўзи­ни ўзи бош­қариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қа­ро­рига биноан Халқ таълими вазирлиги ҳузурида “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгаши фаолияти йўлга қўйилди.

Халқ таълими вазирлигида Жамоат кенгашининг 2015 йилга мўлжалланган иш режаси ижроси ҳамда 2016 йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган навбатдаги мажлиси видеоселектор тарзида ташкил этилди. Унда республика ҳамда ҳудудий Жамоат кенгашлари аъзолари, тегишли вазирлик, идора, жамоат ташкилотлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларининг вакиллари иштирок этди. Мажлисни халқ таълими вазири, жамоат кенгаши раиси Улуғбек Иноятов олиб борди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Жамоат кенгашининг ўтган уч йиллик фаолияти давомида ҳамкор ташкилотлар томонидан ёшларни таълим-тарбия жараёнига кенг жалб этишда оила, маҳаллаларнинг фаоллигини таъминлаш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қиладиган, назарий ҳамда амалий асосларни ўзида мужассам этган ўқув-услубий, методик адабиётлар яратилди. Жумладан, ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги ўрни, мажбурияти, масъулияти ва ўзаро муносабатларини мус­таҳкамлашга қаратилган 7 номдаги тавсиялар (“Оилада соғ­лом турмуш тарзини шакллантиришда ота-онанинг роли”; “Болалар тарбияси бузилиши ва унинг олдини олиш юзасидан ота-оналарга маслаҳат”; “Оилада ота-она ва фарзандларнинг бурч ва масъулияти”; “Ота ва она бўлиш масъулияти”; “Қиз боланинг қирқ ҳунари бўлса”; “Психологларнинг оналарга маслаҳати”; “Гулу лолам алла”), умумтаълим мактабларининг 9-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг 1—3-босқич ўқувчиларига мўлжалланган “Шарқона тарбия” номли қўлланма ҳамда ўқувчи қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган умумтаълим мактаблари 1—4, 5—7, 8—9-синфлари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг 1—3-бос­қич ўқувчилари учун алоҳида-алоҳида “Ораста қиз ёндафтарчаси” номли қўлланма ишлаб чиқилиб, барча таълим муассасаларига етказилди. Шунингдек, ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган бир қатор йўриқнома, услубий тавсия, буклет ҳамда слайдлар тайёрланди.

Жамоат кенгашлари аъзолари учун ҳудудий ўқувлар ташкил этиш, методик ёрдам кўрсатиш ва ил­ғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ресурс маркази ташкил этилди.

Таълим-тарбия жараёни самарадорлигини оширишда оила, маҳалла ва жамоатчиликнинг иштирокини кенгайтиришга қаратилган, доимий равишда ташкил этиладиган бир қатор тадбирлар жорий этилди. Жумладан, таълим муассасалари ва маҳаллаларда “Бир болага етти қўшни ота-она” шиори остида “Оила — муқаддас тушунча”, “Оилавий анъаналар”, “Маҳалла ва оила маънавиятининг мустаҳкамлиги”, “Ота ва она — оила таянчи”, “Оилада шарқона садоқат” мавзуларида суҳбатлар ва савол-жавоб кечаларини ўтказиш йўлга қўйилди. “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши билан ҳамкорликда таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган 12 номдаги тадбирларни ўтказиш тизими яратилди.

Хотин-қизлар қўмитаси масъуллигида ўқувчи-қизларнинг соғлигини мунтазам назорат қилиб бориш, эрта турмушга чиқишнинг олдини олиш, уларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги тушунча ва билимларини бойитиш мақсадида барча таълим муассасаларида “Қизлар маслаҳатхонаси” ва “Ораста қизлар” тўгаракларининг фаолияти йўл­га қўйилди. Ҳозир Наманган вилояти халқ таълими муассасаларида жорий этилган ўғил болалар учун “Маслаҳатчи отахонлар” ва қиз болалар учун “Бувижонлар мактаби” фаолиятини оммалаштириш режалаштирилган.

Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбе­кистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ҳар ойда республикадаги таниқли ёзувчи ва шоирлар билан “Онлайн мулоқот”лар ва “Биринчи китобим” тақдимот кечалари бўлиб ўтмоқда. Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда таълим муассасаларида “Болам бахт­ли бўлсин, десангиз...” номли ўқув-тренинг машғулотлари ташкил этилди. Тошкент ислом университети ва Республика Маънавият тар­ғибот маркази томонидан таълим ва маҳалла тизимидаги маънавий-ахлоқий тарбия ишлари бўйича масъул ходимлар учун “Диний экс­тремизм ва терро­ризм­га қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари ҳамда ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш” мавзусида қисқа муддатли малака ошириш ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши ва бош­қа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўқувчи-ёшларнинг таълим муассасаларига мунтазам қатнаши, бўш вақтларини салбий оқибатларга олиб келадиган бефойда ишларга сарфламаслигини таъминлаш мақсадида “Ўқувчи”, “Давомат” каби рейдлар ташкил этилмоқда. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳар бир жиноятга фавқулодда вазият сифатида қаралиб, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида хизмат суриштирувлари ўтказилмоқда.

Йиғилишда ўтган йилда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, Жамоат кенгашлари фаолиятини ўрганиш, таҳлил этиш асосида аниқланган муаммолар, камчиликлар ҳамда уларнинг ечими, бартараф этиш йўллари тўғрисида фикрлашилди, амалий таклифлар ўртага ташланди.

Таъкидланганидек, бугун дунёда юз бераётган хунрезликлар, глобаллашув жараёнида тобора авж олиб бораётган экстремизм, терроризм, турли ёт ғоялар, “оммавий маданият” хуружлари ёшларни ўз таъсир доирасига тортишга ҳар доим шай турибди. Инсон онги учун кетаётган бу курашда ҳамиша огоҳ, ҳушёр бўлиш, ҳали оқ-қорани ажрата олмаган ғўр ёшларни бундай оқимлар домига тушиб қолишдан асраш таълим-тарбия ишига масъул бўлган ота-онадан тортиб, барча ташкилоту идоралар, кенг жамоатчиликнинг энг муҳим вазифаси бўлиши зарур.

Шундай бир вазиятда таълим муассасаларида ёшлар билан иш олиб боришда асосий эътиборни ўғил-қизларда мус­тақил фикрни шакллантириш, ўз иқтидорини намоён этиши учун имкониятларни янада кенгайтириш ҳамда яратувчанлик туйғусини юксалтиришга қаратиш лозим. Шу мақсадда ташкил этиладиган тадбирларни пухта тайёргарлик асосида, мақсадни, кутилаётган натижани аниқ белгилаган ҳолда ўтказиш, бунда расмиятчиликдан холи бўлиш, ўқувчиларнинг қизиқиши, қабул қилиш даражасини ҳисобга олиш самарадорликни таъминлашга хизмат қилади.

Ўқувчиларда юксак инсоний ҳис-туйғуларни, эстетик дидни тарбиялаш, ижодкорлик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида бир ойда камида битта бадиий китоб ўқиши, битта спорт тури билан маш­ғул бўлиши, синф раҳбарлари ва ота-оналар кузатувида маданият масканлари(театр, музей, истироҳат боғлари, тарихий қадамжолар)га боришини тизимли равишда йўлга қўйиш ҳам муҳим тадбирлардан саналади.

Мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиб, келажакда жамиятда ўз муносиб ўрнини эгаллаши учун барча шарт-ша­роитлар яратилган. Ёшларни ўз қобилияти, қизиқишига мос ҳолда касб-ҳунарга йўналтириш, умумтаълим мактаблари битирувчиларини таълимнинг ке­йинги босқичига тўлиқ қамраб олишда ҳам таълим муассасаларининг оила ва маҳалла билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш муҳим ўрин тутади.

Оила, маҳалла ва таълим муассасаларида барқарор соғ­лом ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этадиган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор, тарбияси оғир, таълим муассасаси ва ички ишлар идоралари профилактика рўйхатига олинган, дарсларга мунтазам қатнамайдиган ўқувчилар, нотинч оилалар фарзандларига тажрибали педагоглар, маҳалла фаоллари, профилактика инспекторларини бириктириш ҳамда масъулларнинг бола одоб-ахлоқи, юриш-туришидаги ўзгаришлар хусусидаги ҳисоботларини доимий эшитиб бориш бу борада олиб бориладиган ишларнинг изчиллигини, самарасини таъминлайди.

Йиғилишда ҳозирги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда Жамоат кенгашлари фаолиятига танқидий нуқтаи назардан баҳо бериш, хулосалар чиқариш, самарадорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Шу ўринда жойлардаги илғор тажрибаларни ўрганиш асносида Жамоат кенгашлари фаолиятини янгича ташкил этишга доир намунавий услубий йўриқнома ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Жамоат кенгаши йиғилишида билдирилган таклиф-мулоҳазалар асосида 2016 йилда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалар белгилаб олинди. Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги Жамоат кенгаши аъзоларининг ҳудудий Жамоат кенгашлари томонидан вазифаларнинг бажарилишини мунтазам равишда ўрганиб, аниқланган муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этишга эришишлари муҳимлиги таъкидланди.

Халқимизда “Боланинг бегонаси бўлмайди” деган нақл бор. Президентимизнинг “Биз ёшларимизни ҳеч кимга бериб қўймаймиз, уларни ўзимиз тарбия қиламиз, вояга етказамиз” деган фикри фарзанд ўстираётган ҳар бир ота-онанинг, ўғил-қизларимизнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар ўрганиши, умуман, жамиятдан муносиб ўрин эгаллашига масъул бўлган барчанинг қатъий қарорига айланмоғи лозим.

Абдусамад РАҲИМОВ

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.