топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Синфхоналарни ҳар йили таъмирлаш шартми?

Maqolalar
Илм-фан

Ўқувчилар таътилга чиққан бўлса-да, ўқитувчилар ва таълим муассасалари ходимлари мактаб атрофини ободонлаштириш, синфхоналарни тартибга келтириш билан банд. Айрим мактабларда капитал, айримларида жорий таъмирлаш ишлари кетяпти. Кимдир пардаларни ювиш, гултувакларни алмаштириш, синган стол-стулларни таъмирлаш, бўяш тараддудида. Мақсад эзгу – таълим даргоҳини янги ўқув йилига тайёрлаш. Лекин шу ўринда ҳақли савол туғилади: мактабни, синфхоналарни ҳар йили таъмирлаш шартми? Капитал реконструкция, капитал ва жорий таъмирлаш тартиби қандай, у қай тарзда ва қайси маблағлар ҳисобига амалга оширилади? Шу саволларга жавоб олиш мақсадида Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тоҳир Матёқубовга мурожаат қилдик.
— Мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича вилоят, туман (шаҳар) халқ таълими бошқаруви идоралари томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Капитал реконструкция ва капитал таъмир учун инвестиция дастури асосида, жорий таъмир учун эса маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилади. Пойтахтимиз мактабларини 2017-2018 ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун маҳаллий бюджетдан 20 миллиард 274 миллион 193 минг сўм ажратилди, — дейди Тоҳир Матёқубов.

Ушбу маблағлар ҳисобидан 103 та мактаб, 152 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та меҳрибонлик уйини жорий таъмирлаш режалаштирилган. Бу ишлар ҳудудий ишчи гуруҳ текшируви ва мактаб маъмуриятининг туман ҳокимияти ёки молия бўлимига ёзган талабномаси асосида амалга оширилади. Ички иссиқлик, канализация тизими, том қисми, санузеллар, сантехника қисмларини таъмирлаш, иситиш тармоғини босим остида тозалаш, дераза ромларини пластик профилли ромларга алмаштириш каби ишлар жорий таъмирлаш ишлари сирасига киради. Янги ўқув йилига ҳозирлик кўриш доирасида ҳар бир мактабда синфхоналар поли, парталари, деворларини бўяш, енгил таъмирлаш ишлари ҳам олиб борилади.

Янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёгарлик жараёнида мактаб маъмурияти томонидан ота-оналардан мажбурий тартибда пул йиғиш ҳоллари ҳам учрайдики, бу ота-оналарнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Аслида бу ишлар ихтиёрий равишда, мактабнинг васийлик кенгаши ҳамда ота-оналар қўмитаси қарори билан амалга оширилиши керак. Яъни, хоҳловчилар таълим муассасасининг таъмир ишлари учун имконияти даражасида ҳомийлик ёрдами кўрсатишлари мумкин.

— Мактаб ҳудудини ободонлаштириш, синфхоналарни талаб даражасига келтириш янги ўқув йилини кўтаринки кайфиятда кутиб олишга хизмат қилади. Шу маънода жорий таъмир зарур. Бунинг учун маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ ажратилади. Аммо айрим мактабларда янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида ота-оналардан оммавий тарзда “ремонт”га пул йиғиш ҳоллари учраб туради, — дейди Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори Барно Раҳимова. — Аслида бу ихтиёрий равишда, ҳомийлик асосида амалга оширилиши керак. Мактабимизда шундай тартиб жорий этганмиз. Барча таъмир ишларини ички имкониятимиздан фойдаланиб бажарамиз. Йил якунида синфхона, йўлаклардаги умумий аҳвол ўрганиб чиқилади. Сўнг давлат бюджетидан берилаётган маблағ асосида таъмирталаб жойлар тўғриланади. Бундай натижага эришиш учун, ўқувчиларга мактаб мулкини асраб-авайлаш, унга ўз мулкидек муносабатни шакллантириш жуда муҳим. Шунда таълим муассасаси мулки яхши сақланади ва таъмир учун кўп маблағ сарфланмайди.

Яшнобод туманидаги 69-мактаб директори Қизларсора Маҳкамованинг фикрича, бир синфда 30 дан зиёд ўқувчи ўқийди, баъзи фан хоналарига кунига 180 нафарга яқин бола кириб-чиқади. Ўқув йили охиригача пол ва парталарнинг бўёғи ўчиб, яроқсиз ҳолга келади. Шу боис ўриндиқларни пайвандлаш, пол ва парталарни бўяш, дераза синиқларини ямаш каби вазифаларни ҳар йили бажариш учун ота-оналардан ҳомийлик маблағларини йиғишга тўғри келади.

Чиндан ҳам аксарият таълим муассасаларига киришингиз билан деворларга муҳрланган беўхшов “битиклар”га кўзингиз тушади. “6-А” зўр!!!”, “6-В” ундан зўр!!!” “R + V = S”, “Гули, сени севаман!”. Бино деворлари, дераза токчалари, зина панжаралари, парталар юзи шундай ёзувлар билан бежалган. Бу, албатта, таълим муассасасида мактаб мулкини асраб-авайлаш, унга зиён етказмаслик бўйича етарлича тушунтириш ишлари олиб борилмаганидан дарак. Агар йил давомида мактаб мулкини асрашга оид меъёрлар болалар онгига сингдириб борилса, йил якунидаги оворагарчиликларга барҳам берилган бўларди. Шайхонтоҳур туманидаги 20-мактабда бу борада яхши анъана шаклланган — “Кўзгу” номли деворий газета ташкил этилган. Газетанинг ҳар бир сони мактаб фойесининг кўринарли, ўқувчи кўп тўпланадиган жойи¬га илинади. Мақолаларда фаол ва аълочилар ибрат қилиб кўрсатилади. Айрим ўқувчиларнинг паст кўрсаткичи танқид остига олинади. “Мактаб кўрки — менинг кўрким” номли доимий рукн ташкил этилган бўлиб, унда мактаб мулкига зиён етказган, партасига чизган, ёзган, дарахтлар ва гулларни синдирган, жамоат ишларида қатнашмайдиган ўқувчилар танқид қилинади.

— “Кўзгу” деворий газетамиздаги танқидлар ўқувчиларнинг феъл-атвори ва ўзлаштириши яхшиланишига хизмат қилмоқда, — дейди мактаб директори Шаҳноза Қосимова. — Ўғил-қизлар онгига мактаб мулкини асраб-авайлаш каби тушунчаларни шу тарзда сингдириб боряпмиз. Ҳар ўқув йили якунида юзага келган камчиликларни тўғрилаймиз. Ўқувчиларимизда мактаб мулкини асраш борасида кўникма шакллангани учун девор ва парталарга чизиш, столларни синдириш каби салбий ҳолатлар учрамайди. Ўз навбатида, янги ўқув йилига тайёргарлик кўришда қийналмаймиз. Ҳар йили давлат бюджетидан жорий таъмир учун ажратилган бўёқ ва бошқа қурилиш материалларидан оқилона фойдаланамиз. Мисол учун, кечагина 126 кг бўёқ олиб, йўлаклар, фан кабинетлари, спорт зал, фаоллар залини таъмирлашга киришдик.

Зилола МАДАТОВА,

“Ma’rifat” мухбири

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.