топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Муҳими – китобхонлик даражаси ва маданияти(давоми)

Maqolalar
Илм-фан
 
Сирасини айтганда, гап яна иҳоталаниш, чеклову таъқиқларга бориб тақалмоқда. Зеро, ҳамонки “тавсия этиладиган” ва “тавсия этилмайдиган” асарлар бўлар экан, ўз-ўзидан ўқувчиларнинг кейингилари билан танишиш имконини чеклаш зарурати юзага келади. Шўро даври чекловларидан безган муҳитда ҳар қандай чекловга нисбатан салбий муносабат шакллангани ҳам, бирон-бир чеклов жорий этилсаёқ Ғарбда “демократияга таҳдид”, “инсон ҳуқуқлари поймоли”, дея айюҳаннос солувчилар, ўзимизда бўлса, уларнинг ноғорасига ўйновчилар топилиши ҳам бор гап. Қизиқ-да, дажжол ноғорасига шох ташлаб ўйнашдан аввал ота-бувамиздан қолган “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” нақли эсланса-ку, олам – гулистон. Ҳа-да, бир танангга ўйла: “Фойданигина маслак билган кас нечук “менинг ҳуқуқларим ҳимояси учун” бунчалар харажатманд бўляпти? Маслагидан кечганми ва ё бошқа фойдани кўзлайдими?..” Шундай, бу нокас “юртинг дарвозаларини очиб қўй, истаган еримни топтайин!” деёлмайди – “демократ” деган оти бор ахир, бас, не-не савдолардан қолган “эркинлик” отлиғ сийқа тангалари билан кўнгил дарвозаларини очтирмоқ пайида бўлади, чунки руҳни булғай олса бўлди – измига олгани шу!.. Хуллас, бугунги дунё манзарасини кўз олдига келтириб, ундаги руҳимиз, маънавиятимиз, миллий ўзлигимизга таҳдидларни мушоҳада қилолганки, киши улардан иҳоталанишга нафақат ҳақли, балки бурчли эканига иймон келтиради. Зеро, иймонли одам икки-уч бўғин наридаги авлодлари бугунги Ғарбдаги каби маънавий муҳитда яшашидан ор этади, бунга йўл қўйгудек бўлса, охирати куйиб кетишини теран англайди.

Ҳеч шубҳа йўқ, “иммунитети ҳали етарлича шаклланмаган ёш авлодга қандай асарлар тавсия этиш” тарзида масала қўйилганини кўрибоқ мийиғда куладиган, шу ҳақда бош қотирувчиларни ижтимоий тафаккури қолоқ ёхуд шўро қолдиғи – “совок”ликда айбловчилар ҳам етарлича топилади. Афсуски, дажжол хизматига руҳан ҳозир бу тоифа минг йиллар давомида масала айни шу тарз қўйилиб келганини билмайди ё билса-да назарга илмайди – кибрга берилган. Афлотун дегудек бўлсам, балки “Унинг ким бўлибди?!” дейишдан ҳам тоймас, шундай бўлса-да айтай, қарийб икки ярим минг йиллар аввал Афлотун савол қўйган: “Болаларимизнинг дуч келган мифларни, қайсики – тайину нотайин каслар томонидан тўқилган, аксарияти биз улар улғайганларида онгида бўлиши керак, деб ҳисоблаган қарашларга зид келувчи мифларни тинглашлари, мурғак қалбларига сингдиришига осонгина йўл қўйиб бера оламизми?” Файласуф бераётган саволнинг жавоби ўзи билан бўлса-да, у суҳбат равишини шундай олганки, шогирд хулоса ясайди: “Биз бунга асло йўл қўймаймиз!” Йўл қўймаслик учун эса иккита асосий чора кўрсатилади: 1) “миф яратувчиларни назоратга олишимиз керак: агар уларнинг асарлари яхши бўлса, қабул қиламиз, йўқса – рад этамиз”; 2) “тарбиячилар ва оналарни болаларга фақат тан олинган мифларни ҳикоя қилишга кўндирамиз”. Камина кун сайин амин бўляпманки, Афлотун айтмиш чораларни замонамизга мослаган ҳолда қўллаш зарурати етилиб бормоқда. Сабр, “яна цензурами?!” дея айюҳаннос солмай туринг, ҳозирча махсус назоратчи идорани назарда тутмадим. Негаки, кўзланган мақсадга ношир ва муҳаррирлар масъулиятини ошириш билан ҳам эришса бўладиган кўринади. Дейлик, ноширларимиз ўзларини, аввало, зиёли, шундан сўнггина тадбиркор деб билсалар, муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўладигандек. Яна, муҳаррирлар юксак маънавиятли, бадиий диди инжаю фаросатли бўлсалар-да, бемаза китобда “муҳаррири фалончи” қабилида ўз исми-шарифининг кўрсатилишидан ор қилсалар… Ниҳоят, бизга “адабиёт” дея тақдим этилган “нашр маҳсулот”ларини элакдан ўтказиб, хулосалари асосида нашриётлар фаолиятига жиддий таъсир қила оладиган тақдимотлар киритишга ҳақли бадиий кенгаш бўлса…

Хўп, “нимани тавсия этмаслик” масаласини-ку, шу тарз ҳал қилайлик ҳам, бундан-да долзарб “нимани тавсия этиш” масаласи кўндаланг бўлади. Хўш, ўша “иммунитети ҳали етарлича шаклланмаган”ларга тавсия этгулик нимамиз бор? Борингки, бизлар ўқиб катта бўлган асарларнинг бир қисми эҳтиёжни қисман қондирар ҳам. Қолганини-чи? Ахир, бугунги болалару ўсмирларнинг интеллектуал савияси шу ёшдаги бизлардан чандон баланд, бас, эҳтиёжлари ҳам шунга яраша эмасми?! Афсус, тан олиш керак, ҳозир шу эҳтиёжларни қондиришга қодир ёзувчи-шоирларимиз йўқ ҳисоби. Негаки, “болалар адабиёти”га бироз менсимайроқ қараш урф бўлган. Энди бу ҳолни тубдан ўзгартириш, ёш авлод тарбияси билан бевосита боғлиқ соҳа ривожига жиддий, балки давлат миқёсида эътибор қаратиш, амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур кўринади. Жумладан, соҳа мутахассислари иштирокида ёш хусусиятларига мос асарлар рўйхатлари тузилса; миллий адабиётимиз хазинасидаги сара дурдоналарни олиш билан бирга хорижий адабиётлардан сайлаб таржималар қилинса; ниҳоят, болаларимизга мўлжалланган китоблар оммавий тиражларда чоп этилсаю энг чекка қишлоқларгача арзон нархларда етиб борса… ҳақиқий маънода адабиётга “яқин” бўлиш йўлидаги дадил одим, адабиёт макон тутмоғи учун миллионлаб қалблар эшигини очиб бермоқ ва зиммасидаги эзгу миссияни бажаришига пухта замин бўлур эди.

— Умидбахш ва тушкун адабиётнинг ўқувчи ва жамиятга таъсири масаласида нималар дея оласиз? Замонавий дунёнинг бугун қандай адабиётга эҳтиёжи бор?

— Ноумид – шайтон, дейдилар. Фикримча, буни “умидсизлик шайтондан” деб тушунган тўғрироқ бўлади. Умидсизликка тушганнинг шайтон қутқусига берилиши осонроқ, чунки, агарки у умидсиз экан, Раҳмонга ишончи дарз кетган, ундан йироқлашган. Менга қолса, тушкун асарлар асли дилларидаги умидсизликни енгишга чоғланган муаллифларнинг мағлубияти ҳосиласидир. Яъни, масалан, Камю асарлари ёзувчи дилини чулғаган абсурд туйғусини енгишга ҳаракат бўлгани каби, фақат, бу интилиш самараси турлича. Дейлик, “Қаландар ишқи”дек дилбар ғазалда Чўлпон умидсизликни енгиб ўтолмаган. Бироқ бунинг узрли важҳи бор: лирика оний кайфиятни чизади, яъни оннинг ўзи сингари кайфият ҳам ўткинчи. Шеърхон кўнглида ҳам шу оний кайфият кечиб ўтади ва ўзидан кейин аксар (некбин кишиларда) умид соғинчини қолдиради. Қолаверса, ҳаётида шу каби онлару уларни келтириб чиқарган омиллар нечоғли кўп бўлмасин, шоир дилидаги чўнг умид умидсизлик билан олишиб ва енгиб яшаган: тушкунликка бўй бераёзган кўнглига қарата “Кўнгил, сен бунчалар нега Кишанлар бирла дўстлашдинг?”, деб бошланувчи машҳур хитоби бунга далил. Энди ўйлаб боқинг: тушкун руҳга йирик эпик асар, дейлик, роман йўғрилган бўлса-чи? Табиийки, бу ижодкордаги оний кайфият ифодаси бўлмаганидек, ўқувчи дилида ҳам ўткинчи эмас, аксинча, у кўнгилни тамом эгаллаш пайида. Иммунитети паст кўнгил бунга қаршилик қилишга ожиз, оқибат шайтанат учун енгил ўлжа бўлиб қолади.

Замонавий, яъники биров “глобал исиш”дан, бошқаси “кичик музлик даври”дан, тағин бирови “астероид билан муқаррар тўқнашув”дан башорат қилиб турган дунё, ҳеч шубҳасиз, умидбахш адабиётга эҳтиёжманд. Умид – башариятнинг олисдаги нурга тиккан кўзи, адабиёт эса киприк мисоли уни чанг-ғубордан асрашу томчидори каби ювиб равшанлантирмоққа масъулдир. Зеро, ўша нурни кўролмай қолиш хавфи қаршисида зикр этилган ваҳимали башоратлар сохта пўписачалик ҳам қўрқинч эмас.

— Ўтмиш меросни ҳар бир замон ўз мезонлари чиғириғидан ўтказиб туриши керакми? Нима учун?

— Инсон ўтмиш меросига ҳамиша сайлаб муносабатда бўлади. Яъни у ўтмиш меросининг барини эмас, ундаги ўзи учун ижтимоий-шахсий аҳамият, қиймат касб этувчи нарсаларнигина қадрият санайди. Бевосита адабий меросга келсак, бунда қиймату аҳамият, биринчидан, асарда муҳрланган (кодланган) МАЪНО кўлами билан; иккинчидан, ўша кодлар (белгилар)нинг МАЪНОнинг янги қирраларини жилвалантириш ва ё янгиланган МАЪНОни ташишга қай даражада қобиллиги билан белгиланади. Бошқача айтганда, гап инсон учун аҳамиятли (кўламидан қатъи назар) ва эзгу мазмунни гўзал шаклда ифодалаш ҳақида бормоқдаки, бадиий қадриятни сайлашнинг бош мезони шудир. Агар шу мезон қўйилар экан, биринчидан, бугун ўтмишда яратилган асарларнинг бари ҳам; иккинчидан, битта ижодкор, у нечоғли улкан истеъдод эканидан қатъи назар, яратган асарларнинг бари ҳам қадрият бўлолмайди. Яъни, қиёс жоиз бўлса, адабий-бадиий қадрият мисоли тонналаб руда ичидан ажратиб олинган ёмби маъдандир. Албатта, оддий ўқувчида тонналаб рудани титкилашга на вақт, на тоқат ва на малака бор. Демак, меросимиздан дурдоналарни саралаб, гўзаллигию қийматини намойиш этган ҳолда кенг оммага тақдим этиш ва шу тариқа халқимизнинг бадиий бисотини кўпайтириш вазифаси бевосита мутахассислар зиммасига тушади. Фикримча, бу борада муваффақият қозонишнинг яна бир муҳим шарти – мактаб адабий таълимининг айни шу асарларни ўрганиш асосига қурилишидир. Ҳар икки ҳолда ҳам, яъни тадқиқот ва таълимда белгиланган мезондан оғишмаслик, муносабат ва баҳода холислик ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

— Инсон тирик экан, ҳар доим танлов қаршисида туради. Худди уч йўл бошидан чиқиб қолган эртак қаҳрамони каби. Ҳар қанақа мулозаматни бир четга суриб қўйиб айтганда, тўғри танлов қилишда адабиётнинг роли борми-йўқми, бўлса, қай даражада?

— Албатта, танловга жуда кўп омиллар, жумладан, адабиётнинг ҳам таъсири бор. Дейлик, тадбиркор қаршисида танлов имконияти юзага келди: манави ишга сармоя тиксанг, ўттиз фоиз фойда кўрасан, бунисига тиксанг – юз фоиз. Фақат кейингисида сағирлар ҳақига озроқ хиёнат бор… Ёки мана бунисига тик – юз эллик фоиз фойда кўрасан, фақат эл манфаатига озгина зид томони бор… Тез бойимоқ тиласанг, бунисига тик – уч юз фоиз фойда кўрасан, фақат ҳамюртларингга оғу тарқатишинг керак… Албатта, адабиёт танловнинг арифметик ё иқтисодий томонига таъсир қилмайди, бироқ унинг маънавий-ахлоқий томонини белгилашга жиддий таъсир қилади. Яъни агар тадбиркор мавжуд йўллардан кам фойда келтирса ҳам ҳалолини танласа, билингки, бунда бошқа маънавий-ахлоқий омиллар қатори адабиётнинг ҳам хизмати бор. Бу – адабиётнинг потенциалидаги инсонни маънан юксалтириш, жамият ҳаётини тозартириш, ижтимоий муносабатларни ислоҳ қилиш, қисқаси – одамни ўзгартириш орқали оламни ўзгартира олиш имконига бир мисол, холос. Ушбу имкон рўёбга чиқиши ва тўла куч билан ишлаши учун эса, юқорида айтдик, китобхонлик даражаси ва маданиятини юксалтириш, адабий таълимни ислоҳ қилиш каби долзарб вазифаларни уддалаш тақозо этилади.



“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 1-сон

Дилмурод Қуронов 1960 йилда туғилган. Филология фанлари доктори, профессор. Андижон Давлат Тиллар педагогика институтини тамомлаган. Олимнинг “Руҳий дунё таҳлили”, “Истиқлол дарди”, “Адабиётшуносликка кириш”, “Чўлпон насри поэтикаси”, “Адабиёт надир?”, “Ғарб адабий-танқидий тафаккури тарихи очерклари” (ҳаммуаллифликда), “Адабий жараёнда мом синдроми”, “Адабиётшунослик луғати” (ҳаммуаллифликда), “Завқимдан бир шингил” каби китоблари нашр этилган.

— — -

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.