топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Муҳими – китобхонлик даражаси ва маданияти

Maqolalar
Илм-фан

“Шарқ юлдузи” журнали: — Бадиий асар тарбия воситасими? Яхши китоб эзгуликка, ёмони ёвузликка етаклашига ишонасизми?

Дилмурод Қуронов: — Бадиий асар – тарбия воситаси десак, балки предмет кўламини бирмунча торайтиргандек бўлармиз-у, аммо тарбиявийлик адабиётнинг қон-қонига сингган хусусият экани бор гап. Ахир, кўҳна Шарқ бежиз уни “гўзал хулқлар” маъносини берувчи “адаб” сўзи билан атамаган-да! Зеро, адабий асарлар “панднома” ва ё “дидактик” унвонларига эга бўлса-бўлмаса, ҳамиша тарбия қилиб келган ва мудом шундай бўлади. Негаки, чинакам санъаткор ҳамиша эзгулик томонида, борлиқни шу мавқедан туриб акс эттиради ва баҳолайдики, асарнинг жон-жонига сингган эзгулик мутолаа давомида сездирмайгина ўқувчи қалбига инади. Шу тариқа тарбия акти содир бўлади, муаллифнинг “тарбия қилиш” ва ё ўқувчининг “тарбия олиш” мақсадини кўзлаган-кўзламаганидан қатъи назар.
Охирги жумлаларни ўқиб, беихтиёр ўқувчидан ўзиброқ ўз-ўзимга киноя қилмоққа шошдим: “Жўнгина экан-ку!”. Ҳа-да, саволларда қўйилган, ўта мураккаб туюлган муаммони “биринчи зарбдаёқ бўйнигача…” Йўғ-а, асло жўн туюлмасин, жўн демадим ҳам. Зеро, юқорида “чинакам санъаткор” дея таъкидлаганим, аслида, ғайр тоифа, яъни ўзга мавқеда турадиганлар ҳам бор деганидир. Бунинг ҳам ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Ахир, санъаткор ҳам инсон, инсонни эса Роббимиз фаришта билан ҳайвон ўртасида яратди, бас, ўй-ҳисларимизу амалларимиз шу икки қутб орасида тебранади. Айтайлик, қиссанавис бениҳоя гўзал ва соф ишқдан сўйлаётгани чоғ бир тойилса-ю, жажжигина эпизодни яланг ҳирс кўзи билан чизса… Илож қанча, авомга муҳаббатнинг маънавий-руҳий моҳиятидан кўра бу томони яқинроқ, шу боис ҳам, афсуски, ёдида кўпроқ ўша ҳирс-ла мойланган эпизод қолади. Демак, гап бориб яна ёзувчи масъулиятига тақалади. Яъни у эзгулик ходими эканини ёдда тутган ҳолда ўзини идора қилмоғи, ўз-ўзига цензор бўлмоғи даркор. Албатта, шу ўринда эътироз бўлиши табиий: “Унда энди-энди эришганимиз ижод эркинлиги нима бўлади?” Асли, эътироз ўринсиз: эркинлик, жумладан, ижод эркинлиги ҳам асло мутлақ бўлолмайди, мутлақ эркинлик ҳалокатлидир. Зеро, мутлақ эркинлик даъвосию адабиётда, аввало, ўзни ифодалаш воситасини кўриш сабаб Ғарбда шайтоний руҳга тўйинган битиклар дунёга келдики, оқибати, мана, бугун “кўҳна дунё” Лут қавмига эргашиб таназзулга юз тутди. Ривоятда келишича, Дажжол ҳалокатга нoғора-сурнай оҳанглари остида бошлармиш. Ажаб, йўл қанчалар ҳалокатли бўлса, чорлови шунчалар жозиб! Қаранг, овруполиклар неча замондан бери “эркак аёл тенглиги” дея “енг шимариб-енг шимариб” қилиб келаётган ишлар тенгсизликни йўқотибгина қолмай, бугун энди “эркак-аёл” тушунчаларининг ўзига-да дахл қилиб турибди-ку?! Тўғри, адабиёт инсоннинг ўзини, кўнгилни ифодалаш воситаси, бироқ бу кўнглингда борини айтавер, дегани эмас-да! Ахир, кўнгил фақат эзгулик макони эмас, унинг олис пучмоқларида чиқишга йўл тополмай бижғиб ётган майллар ҳам бисёр. Яъники, ижодкорнинг ўзи иҳота қўймаса, улардан ўқувчини ким ҳимоя қилади?!.

Мулоҳазаларим ўқувчига ишончсизлик ёки уни “ҳамиша ёзувчи етовида ва шу боис ҳимояга муҳтож”, деб билиш сифатида тушунилмасин. Зеро, улар ўқиш жараёнининг психологик хусусиятларидан келиб чиқади. Дейлик, ўқиш давомида ўқувчи асар бадиий воқелигида яшайди, яъни персонажларнинг бошидан ё кўнглидан кечганларни кечириб кўради. Энг муҳими, ўқувчи бадиий воқеликдаги “умри”нинг ҳар лаҳзасида унинг яратувчиси – муаллиф нигоҳи, муносабатини туйиб туради ва ўзи ҳам сезмаган ҳолда муносабатини шунга созлайди. Масалан, персонажнинг ўзгага зулм этиб ҳузурланаётгани тасвирланган ҳолат ўқувчи дилида мудроқ инстинктни қўзғаса, муаллиф муносабати уни қайтадан мудроққа солиб, унга нисбатан нафрат туғдиради. Аксинча, ёзувчи айни ҳолатни тасвирлаш чоғи инстинктга бўй бериб қўйса, ўқувчи дилидаги мудроқ инстинктни уйғотиб қўяди, холос.

Айтганларим адабий асар эзгулик томон ҳам, ёвузлик томон ҳам бирдек етаклайвериши мумкинлиги, ижодкор масъулияти ҳақидаги гаплар бугун ғоят муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Дарвоқе, баъзи ижодкорлар “дилимга солганини ёзаман”, дея гўё ўзларидан масъулиятни соқит қилган бўладилар. Асли, бундай қараш илдизи ғоят қадим: Гесиод шоир музалар қулоғига шивирлаганни айтишади, деб уқтиради. Хўп, агарда шундай, яъни ижодкор шунчаки медиум – қулоғига шивирланган ё дилига солинганни етказувчигина бўлса ҳам, шивирки бор музалардан ва ё дилига солинганки нарса Раҳмондан бўлавермайди, ахир. Ҳолбуки, ҳақиқий санъат, жумладан, адабиётнинг раҳмоний бўлмоғи шартдир.

— Энг катта адабиёт юрагимизда яшайди. Демак, адабиёт ҳар биримизнинг, ҳаммамизнинг ичимизда. Лекин адабиётга “яқин” бўлганимиз ҳолда нега дунёда зулм бор? Нега бугун инсоният янги йўл қидирмоқда? “Йўлини йўқотган дунё”да адабиётнинг ўрни ва роли борми? Нега у, яъни адабиёт дунёнинг йўлини йўқотишига жим қараб тур(а)ди? Энди-чи, адабиёт дунёнинг равишига таъсир этиб, унинг янги, муносиб йўл топишига илҳомлантирувчи куч бўла оладими-йўқми?..

— Албатта, оптимист бўлган яхши, лекин “адабиёт ҳар биримизнинг, ҳаммамизнинг ичимизда”, деган фикрга қўшила олмайман. Масалага реалроқ қарасак, адабиётга “яқин”лик ҳам орзуланганни мавжуд, дея тақдим этишдан бошқа нарса эмас. Йўқса, юз йил ўтиб ҳам Чўлпоннинг “Адабиёт ўқуйлик!” хитоби долзарб бўлармиди? Халқимизнинг бу кунги китобхонлик даражаси эътиборга олинса, адабиётнинг ижтимоий роли ҳақида гапириш ҳам асосли эмасдек. Китобхонлик маданияти, бадиий информацияни қабул қила олиш даражасини-ку, гапирмаёқ қўяйлик. Рости, кўпчилик учун “Ўткан кунлар” ҳамон “Отабек деган йигит бўлади, марғилонлик Кумуш деган қизни яхши кўриб қолади…” дан бошқа эмас. Қизиқ ҳолат: бувиларимизга бувилари “Фарҳоду Ширин”, “Лайлову Мажнун”ларни ўқишни таъқиқлаган эканлар, “очилиб кетасан!” деб. Яъни бу борада ҳам жудай-ла илгарилаб кетмаган кўринамиз. Бас, аҳвол шу экан, “дунё равишини ўзгартириш” вазифаси адабиёт учун оғирлик қилмайдими?! Ҳолига қарамай, унга бу қадар оғир юк ортиш инсофдан бўладими?! Назаримда, бугун жамиятимизда китобхонлик даражаси ва маданиятини юксалтириш масалалари муҳимроқ, зеро, бу борада эришажак муваффақиятларнинг табиий ҳосиласи ўлароқ нариги муаммолар ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлиб боради.

— Битта асар жамиятга икки хил таъсир кўрсатадими? Нима учун?..

— Ҳа, ҳеч шубҳасиз… Шу ўринда бир воқеани эслашим ўринли кўринди. Йигирма йиллар нарида Тошкент сафаридан қайтаркан, ўзим тенги сергапгина шофёрга тўғри келдим. Адабиётчи эканимни билгач, айтган биринчи гапи ҳамон қулоғим остида (оҳанг жилвалари билан) жаранглайди:

– “Улуғбек хазинаси”ни зўр ёзган-да, Одил Ёқубовмиди?!.. Ҳалиги бор-у, Хуршидабонунинг “бегим… бегим…” дейишлари, воҳ…

Назаримда, шофёр йигит айни дамда ўша саҳнани илк бор ўқиган чоғдаги ҳолатни хаёлу кўнгилдан қайта кечираётгандек, гўё қизнинг ўтли шивирлари ошиғига эмас, нақ унинг ўзига қаратилгандек… Қаранг-а, адиб талқинида ушбу саҳна – икки тақдирни боғлаган покиза муҳаббат намоёни, икки дил ва вужуд бирлашган лаҳза, гўзал туйғунинг энг юксак чўққиси; шофёр тенгдошим хаёлида эса шаҳватдан ўзгаси қолмаган. Шунга ўхшаш, кимдир Асадбекнинг тақдиридаги чигалликларни мушоҳада этади, ким эса унинг аъмолларига ич-ичидан ҳавас, хаёлида ё ҳақиқатда уларга тақлид қилади…

— Хос ва омма диди ҳамда адабиёти ҳақида сиз нима деган бўлардингиз? Ҳаммага “ҳамма нарса”ни тақдим қилиш қандай оқибатларга олиб келади? Маънавий иммунитети ҳали етарлича шаклланмаган ёш авлодга қандай асарлар тавсия этиладию қандайлари йўқ?
ДАВОМИ КЕЙИНГИ САҲИФАДА
. Дилмурод Қуронов

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.