топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Мавлоно Жалолиддини Румий ёҳуд маснавийдан ҳикоялар

Maqolalar
Илм-фан

Мавлоно Баҳоуддин аҳлу-оиласи билан ҳаж ибодатини бажо келтирди. Каъбатуллоҳ зиёрати ила кўзини равшан этди. Сўнгра Мадинаи Мунавварада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиёратларига ҳозир бўлди.

Ҳаж зиёратидан сўнгра Мавлоно Баҳоуддин Валад оиласи билан бирга Дамашқ ва бошқа шаҳарларга сафар қилди. Охири Салотийя деган жойга бориб етди. Ҳар бир шаҳарда ойлаб, йиллаб яшаб қолди.
Охирги сафари 626-ҳижрий йилда бўлди. Мавлононинг хонадони Туркиянинг Қўня шаҳрига етиб келди. Балхдан то Қўнягача бўлган сафар 16 йил деганда тугади. Ўша вақтда Қўняда Султон Алоуддин Кайқубод ҳукмрон эди. Султон Алоуддинга уламолар султони Мавлоно Баҳоуддиннинг ташриф буюрганлиги хабари етгач, подшоҳ Мавлононинг истиқболи учун шаҳар ташқарисига чиқди. Ва Мавлонони ўзи билан бирга олиб, шаҳарга қайтди. Подшоҳ Султон Алоуддин қасрга яқинлашиб қолганда, Мавлонога ҳурмат кўрсатган ҳолда, ўз отидан тушиб, пиёда юрди.

Султон Кайқубод, Мавлонога катта мадраса қуриб берди. Мадрасанинг номи Худовандгор эди.
МАВЛОНО РУМИЙНИНГ ТУҒИЛИШИ

Бу узун сафарда кичкина Муҳаммад ҳам ўз отаси билан бирга эди. Муҳаммад вақтлар ўтиши билан Жалолиддин Румийга айланди. Бугун кунда Мавлоно Румий ё Мавлойи Рум номи билан машҳурдир.

Мавлоно Жалолиддин Румий 6-рабийъул аввал ойи, 604-ҳижрий йилда Балхда туғилди. 610-ҳижрий йилда хонадони ҳаж ва ҳижрат нияти билан Балхдан чиққан вақтда, Муҳаммад Жалолиддин 6 ёшда, Қўняга етган вақтда эса 22 ёшда эди. Бу сафар жуда узун кечди. 16 йиллик сафар. Муҳаммад Жалолиддин сафар давомида улғайди. Сафар давомида ўз отаси Мавлоно Баҳоуддин Валаддан турли илмларни ўрганди. У тафсир, ҳадис, тарих ва бошқа фанларда маҳорат пайдо қилди. Бу сафарнинг катта фойдаси шу бўлдики, Жалолиддин бир неча диёрлар ва мамлакатларни кўрди. Ниҳоятда кўп уламоларни зиёрат этди. Кўплаб кутубхоналарда ноёб китобларни мутолаа қилди. Сафар ҳаётни тушунишда устоздан кам эмасдир.

МАВЛОНО БАҲОУДДИН ВАЛАДНИНГ ТАДРИСИ

Мавлоно Баҳоуддин Валад, Худовандгор мадрасасида дарс бера бошлади. Шом намозидан сўнг ўз муридларига, Аллоҳга ибодат этиш ва Унга яқин бўлиш тариқасини ўргатарди. Одамларга Аллоҳнинг зикрини таълим берар эди. Аллоҳнинг зикри, Унинг ёди, тақволи ҳаёт кечиришда катта аҳамиятга эгадир.
Жалолиддин ҳам илм ўрганиш ва Аллоҳни зикр этиш билан машғул бўлди. У кечаларни Қуръон тиловати ва тоъат-ибодат билан ўтказарди.

Султон Кайқубод Қўняда ўзига янги қаср қурдирди. Қаср таъмири битгандан сўнг, у баракат учун Султонул-Уламо Мавлоно Баҳоуддин Валадни таклиф этди. Мавлоно келиб подшоҳга ва унинг қасрига дуо қилди. Сўнг деди:
-Азизим Кайқубод! Иншааллоҳ бу қасрга душман қадами етмас, турли офатлардан Аллоҳнинг ҳифозатида бўлур. Аммо мазлумнинг оҳи борасида ҳеч ўйлаганмисиз. Шуни билингки, мазлумнинг оҳи ва дуойи бади, ҳар бир девор, ҳар бир шифт ва ҳатто бурж (юлдузларни ) ҳам тешиб ўтиб, Аллоҳга етгувчидир. Сиз адолат ва инсоф қасрини қурдингиз. Бирон кишига зулм қилиб қўймасликни доимо Аллоҳдан дуо қилиб сўрамоғингиз лозим.

Султон Кайқубоднинг кўзларига ёш қуйилди. Мавлононинг олдида, Аллоҳнинг бандаларига доимо адолатли ва инсофли бўлишини Аллоҳга ваъда берди. Аллоҳ Таъоло бузург олимларимиз ва авлиёларимизга ҳар бир жойда насиҳат қилишга ва ҳақ сўзни сўзламоқликка қувват ато айлаган эди. У Зотлар подшоҳларнинг олдида ҳам ҳақ сўзни гапиришга журъат эта олардилар.
Муаллиф:
Доктор Саййид Муҳаммад Абулхайр Кашфий.

Мутаржим:
Саййид Абдулвоҳид Иброҳим Ҳисорий.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.