топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Мавлоно Жалолиддин РУМИЙ «ҚАЛБ КЎЗИНГНИ ОЧ» КИТОБИДАН ҲИКМАТЛАР

Maqolalar
Илм-фан


Сабоҳат Бозорова таржимаси
АВЛИЁ

• Аллоҳ мардларининг оёқлари остида тупроқ бўл. Сен ҳам биздек ҳасадинг бошига тупроқ соч!

• Ёғоч қилични жангга олиб борма, оху фиғонга тушмаслик учун уни бир бор назардан ўтказ: агар ёғоч бўлса, бор, бошқасини қидир; агар олмос бўлса, қувонч билан олға бос! Олмос қилич авлиёларнинг аслаҳахоналаридандир.
• Комил тупроқ олса, олтин бўлади, нокас олтинни қўлига олса тупроққа айланади. У ҳақиқий эран (авлиё) Аллоҳга маъқул бўлгандир, барча ишларда унинг қўли Аллоҳнинг қўлидир.

• Авлиёларда Аллоҳ берган шундай қудрат бор-ки, отилган ўқни қайтара оладилар.

• Авлиёлар эслатиш ва унуттиришга қодирдирлар, шу ҳолда ҳар кишининг кўнглига ҳокимдирлар. Авлиё унуттириш қудрати билан бир кишининг зеҳнини банд қилдими. у одам ҳеч нарса қила олмайди.

• Огоҳ бўлки, авлиёлар замоннинг Исрофилларидирлар. Ўликлар улардан жон топадилар, тириладилар.

• Шунинг учун юмшоқми-қаттиқми, авлиёларнинг сўзларини тинглашдан қочма, уларга қулоқ ос, у сўзлар динингга қувват бўлади.

• Уларнинг қаҳраболари бор, чиқарсалар сенинг сомон чўпидек борлиғингни девона қилади, ўзларига тортади. Қаҳраболарини яширсалар. сен йўлдан озасан. Инсон  мартабасининг ҳам Аллоҳнинг авлиёлари қўлида ҳайвондек мағлуб бўлганини англа, эй йўқсил!

• Ўзинг билган, неча марталаб ўтган йўлда ҳам йўлбошловчи бўлмаса адашасан. Ўзингга кел! Юрмаган йўлингдан ёлғиз борма, йўл кўрсатувчидан асло юз ўгирма!

• Йўловчиларнинг йўлдан адашганлари, ёвуз руҳли шайтоннинг уларга нималар қилганини “Қуръон”дан ўқи! Уларни асосий йўлдан юз минглаб йил узоқ бўлган йўлга элтди, фалокатга йўлиқгирди, қип-яланғоч қолдирди. Уларнинг суякларига, улардан қолган нишоналарга қара ва ибрат ол: эшагингни уларнинг йўлига бошлама.

• Йўл билувчи идрокли пир нафс қули боғларига арик қазувчидир. Ирмоқ ўзини қандай поклайди? Инсоннинг билими Аллоҳ илми билан бирга наф беради. Қилич қинини кеса оладими? Бор, бу жароҳатни жарроҳга кўрсат. Агар бу ярага пир малҳам кўйсагина дардингдан қутуласан, фарёд-у фиғонинг битади.

• Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.): “Умматларим ичида шундайлари бор-ки, улар мен билан бир хил яратилганлар, мен билан тенг ҳиммат соҳибилар. Мен уларни қайси нур билан кўрсам, уларнинг қалблари ҳам мени айнан шу нур билан кўради”, дедилар.

• Ёлғизликдан умидсизликка тушгач қуёшдек бир севгилининг сояси остига кир. Бор, тезда бирор Аллоҳ дўстини қидир. Шундай кил, Аллоҳ сенинг дўстинг бўлади.

• Тупрокдан ҳам ожизмисан? Тупроқ севгилини топгач бир баҳор туфайли юз минглаб гулларга етишди.

• Пирлар шундай кишилар-ки, ҳали бу дунё яралмаганида ҳам уларнинг жонлари карам денгизида бор эди. Бу танга тушишдан олдин неча бор яшадилар. экишдан олдин мевалар сараладилар.

• Нафсинг ундан қочмоқда. Чунки сен оловдансан, у сув дарё суви. Сенинг туйғунг, фикринг оловли. Шайхнинг туйғуси ва фикри эса у гўзал нур.

• Атрофда қанча ҳунарлар, қанча билимлар бор-ки. инсон уларни ўргангач бошдан айрилади! Бошинг кетишини истамасанг оёқ бўл, фикр ва тадбир соҳиби бўлган Қутбга юкин! Шоҳ бўлсанг ҳам ўзингни ундан устун кўрма. Бол бўлсанг ҳам унинг ўтидан ўзга нарса тўплама. Сафо аҳлига хизмат қилишни истамасанг аждарҳо оғзига тушган айиққа ўхшайсан.

• Аллоҳ билан дўст тутинишни истаган киши авлиёлар ҳузурида бўлсин. Акс ҳолда у ҳалок бўлади. Чунки у бутуни бўлмаган қисмдир. Шайтон бирор кишини карам соҳибларидан айирса, уни ёлғиз қолдиради, шу ҳолда бошини ейди, маҳв этади.

• Ҳар лаҳзада тинмай подшоҳларнинг кўланкасини қидир, топ-ки, у кўланкада куёшдан ҳам яхши ҳолга келасан. Сафарга чиқсанг, шундай ният билан чиқ, уйда ўтирсанг ҳам бундан ғофил қолма!

• Кўнглингда йўқолган ҳикмат матоси дил аҳлида топилади. Кўр кўнгил жони, қулоғи, кўзи бўлса ҳам ўғри шайтоннинг изини топа олмайди, уни қўлга кирита олмайди. Шайтоннинг  изини топишни, ўғрини қўлга олишни кўнгил аҳлидан умид қил, бу ишни улардан иста, тош-у тупроқдан эмас.

• Шайх умид ва қўрқув каби кўнгилларга киради, юради. Жаҳоннинг сири унга ниҳон эмас. Эй сармоясизлар, кўнгил соҳиблари ҳузурида кўнгилларингизни қўриқланг!

• Сен қандай терс иш килаяпсан. Кўрларнинг ёнига мақомга эришиш ниятида бораяпсан, одобга риоя қилиб эшик ёнида ўтирибсан. Кўзлилар ёнида эса одобни тарк этаяпсан. Шунинг учун шаҳват оловига ўтин бўлдинг-да!

• Йўлбошловчи йўловчига, чўлларда ҳар лахзада йўқолганга керак. Манзилга етганларга кўздан, нурдан бошқа нарса керак эмас. Улар йўлбошчидан ҳам, чўлдан ҳам қутилганлар. Агар у висол марди бирор далил келтирса, “Мужодала ичида тараддудда қолганлар англасинлар” деб келтиради.

• Кофир ким? Шайхнинг имонидан ғофил бўлган. Ўлик ким?  Шайхнинг қалбидан хабардор бўлмаган!

• Йўлбошчисиз йўловчига икки кунлик йўл юз йиллик бўлади.

• Шуни ҳам кўрмайсанми? Аллоҳ авлиёлари эришган якинликда юзлаб кароматлар бор. Масалан, темир Довуднинг қўлида мумга айланади… Ҳолбуки сенинг қўлингда мум темир бўлади! Яратиш ва ризқ беришда ҳамма тенг, бу сифатлар ҳаммада бор. Аммо бу улуғлар Аллоҳ муҳаббатига эришдилар.

• Бир қўлли бир авлиё кун кўриш учун сават тўқиётган пайтида Аллоҳ унга иккита қўл берар эди. Бир киши авлиёни хас-чўпдан ясалган чайлада зиёрат этди. Икки қўллаб тўрва тўқиётганини кўрди. Шайх унга: “Эй жонининг душмани. нега густоҳлик қилиб ёнимга келдинг? Нега рухсат сўрамай хузуримга кирдинг?” деди. Келган киши: “Ихлосимдан, иштиёқимдан” дегач шайх кулимсиради ва деди-ки: “Ундай бўлса кел… аммо эй улуғ киши, буни пинҳон сақла. Токи мен тирик эканман, на дўстингга, на севгилинга, на бошқаларга, бирон инсон зотига бу сирни очма!”. Шундан кейин кўпчилик кишилар унинг икки қўллаб сават тўқиётганини дераза ортидан кўрдилар. Шайх: “Е Раббий, ҳикмати сенга аён. Мен яшираяпман, сен ошкор этаяпсан” деди. Унга шундай жавоб келди: “Бир қанча киши қўлинг кесиклигини мазах килди. сенга қарши бўлди. У ёлғончи эди. Аллоҳ уни шарманда қилди”, дедилар. “Мен уларнинг кофир бўлишини, бу янглиш фикр, бу шубҳа билан яшашларини истамайман. Мен кароматни ошкор килдим, ишлаётган вақгингда сенга икки қўл эҳсон этганимни кўрсатдим. У бечоралар сен ҳақингда шубҳага тушиб, лаънат олмасинлар…”.

• Аллоҳ авлиёларни одамларга раҳм қилиб ер юзига келтирган. Улар одамларни Аллоҳ даргоҳига даъват этадилар. Халқ ҳақида қайғуриб: “Ё Раббий. буларни сен халос қил”, деб дуо қиладилар.

• Йўқсил шайхлардан бири кўзи ожиз пирнинг уйида “Қуръон” турганини кўрди. Ўзича: “БУ ерда “Қуръон”нинг нима кераги бор. Бу одам кўр бўлса”, деди. Шу ўй оромини ўғирлади. “Бу ерда шу кўрдан бошқа ҳеч ким йўқ, бу қандай синоат? Яхшиси ҳеч нарса сўрамай, сабр қилай, сабр билан ниятимга етай”, деди. Тун ярмида “Қуръон” ўқиётган овозни эшитди. Ўрнидан сакраб турди-ю шу ажиб манзарани кўрди: кўр пир “Қуръон” ўқиётган эди! Тўғри ўқиётган эди. Сабрсизланган шайх беихтиёр савол берди: “Кўзинг кўр бўлгани ҳолда бу сатрларни қандай ўқияпсан, ҳайратдаман, тўғриси?” Кўр деди:
“Эй таннинг илмсизлигидан халос бўлган, буни Аллох қила олмайдими? Нега ҳайрон бўласан? Мен Аллоҳга: “Эй мададкорим бўлган Аллоҳ, эй мадад сўралгувчи Тангрим, одам жонига кандай боғланган бўлса, мен “Қуръон” ўқишга шундай иштиёқмандман. Аммо ҳофиз эмасман. Ё Раббий, “Қуръон” ўқиган пайтимда кўзларимга нур бер. менинг кўзларимни оч, “Қуръон”ни қўлимга олиб ўқий”, деб дуо қилдим. Аллоҳдан: “Эй “Қуръон” ихлосманди, эй ҳар дардда бизга юзланган, биздан умид узмаган киши, қачон “Қуръон”  ўқишни истасанг, уни қўлга олсанг, шу лаҳзада кўзларингнинг нурини қайтиб бераман, эй буюк фитратли киши”, деган нидо келди. Ҳар нарсани билгувчи, ҳеч бир ишдан ғофил бўлмаган у улуғ подшоҳ, у ягона Аллоҳ тун чироғи янглиғ кўзларимга нур эҳсон қилмоқда”.

• Лутф ва марҳамат соҳиби бўлган Аллоҳ бандалари Аллоҳнинг фазилатларига эгадирлар. Улар қийинчилик пайтларида пора олмайдилар, одамларга раҳм-шафқат кўрсатадилар, мадад берадилар. Эй балоларга учраган одам, ўзингга кел, уларни қидир… ўзингга кел, офат онида уларнинг дуосини ғанимат бил!

• Авлиёлар қуёшнинг қўриқчиларидир. Инсонлар орасида Аллоҳнинг сирларини биладиган, англайдиган шулардир.

• Сен уйма-уй, жойма-жой Аллоҳнинг саломини изла, ғафлатда қолма! Мен оғзидан ёқимли бўй келган кишидан ҳам Аллоҳнинг хабарини, ҳам Аллохнинг саломини эшитдим! Бу Аллоҳ мардларининг саломини жон-дилдан қабул қиламан, Аллоҳнинг саломини уларнинг саломида ҳис киламан, эшитаман. Чунки унинг саломи ҳам Аллоҳ саломи бўлгандир. Чунки у ўз борлиғини оловга отган, ёққандир.

• Авлиёларга эргашмадинг, уларни интизор қилдинг, у ерда ҳам қисмат кунининг кутиши сенга ёр бўлади, кутасан, интизор бўласан.

• “Авлиёлар халқ кўзидан пана бўлиш учун тоғларга кетадилар”, дейдилар-ку… Аслида одамларга нисбатан булар юзта тоғнинг тепасига чиққанлар, оёқларини етти қават осмон устига қўйганлар. Улар халққа нисбатан юзлаб денгиздан, юзлаб тоғлардан нарироқда экан, нега то-ларга чиқиб яширинсинлар? Авлиёларнинг тоққа қочишга эҳтиёжи йўқ… Кўк арғумоғи ҳам унинг ортидан ўйноқлайди, оёғидан юзлаб тақалар тўкилади, тўкилади-ю яна авлиёнинг изига ета олмайди! Зоҳиран пари кўздан ниҳонку… инсон парилардан ҳам яширинрокдир. Ақллига нисбатан инсон шу қадар яширин бўлса, ғайб оламидаги хос инсон қандай бўлади?

• Авлиё ўз-ўзига юзлаб сўзлар айтади, тинглайди, аммо ёнида ўтирган киши ҳидини ҳам ололмайди! Ломакон оламдан кўнглига юзлаб савол-жавоблар келади, манзилига кадар е тади!

• Эй ғофил ташна, биз авлиёларнинг сўзларидан Ҳизр оби ҳаётини ичмоқдамиз, кел! Бу тошқин сувни кўрмаётган бўлсанг, ҳеч бўлмаса, кўрлардек келиб кўзангни сувга тўлдир. Бу дарёда сув бор, буни эшитдинг-ку… кўрга тақлидан иш тутиш керак! Кўзани дарёга тушир… оғирлашганини ҳис қиласан… Ҳис қиласан-у сув эканлигига ишонасан, кўнглинг қуруқ тақлиддан қутулади. Кўр одам дарё сувини кўра олмайди, аммо кўзанинг оғирлашганини сезиб, сув эканини билади.

• Шайх билан бирга эканингда ёмонликлардан узоқсан… кеча-кундуз кетаверасан, кемадасан. Жонлар бағишлаган жонга сиғинасан, кемага кириб ухлайсан, шу тахлит йўл босасан’ Замоннинг пайғамбаридан айрилма… ўз ҳунаринг, ниятингга кўпам ишонма!

• Замона қутбининг сўзига қарши нақлий илмни қўллаш сув орлигида таяммум килишга ўхшайди!

• Бу йўлдаги кўшкни, соябонни, шон-шуҳратни тарк эт… Йўлбошчинг ҳаракат килмагунича ҳаракатланма! Бошсиз ҳаракат қилган дум бўлади… Бундай одамнинг ҳаракати чаённинг қилмишларига ўхшайди!

• Ақлинг бўлмаса ўзингни ўлик ҳолига келтир… Сўзи тирик бир оқилдан мадад тила.

• Аллоҳнинг раҳмати қаҳридан ортиқ, илгаридир. Сен ҳам илгари бўлишни истасанг, бор, илгари кетган бир мардни ахтар.

• Шайтон уларни йўлдан озишга, шайх эса ҳидоятга бошлайди.

• Инсонга қўл-канот ақлдир. Одамнинг ақли бўлмаса ўзига бошқа бир ақлни йўлбошловчи қилиши керак. Ё устун бўл, ё устунлик изла, ё фикр соҳиби бўл, ё фикр соҳибини изла.

• Зулматга талпинган киши пирнинг амрига кирдими ёруғликни кўради.
«ҚАЛБ КЎЗИНГНИ ОЧ» КИТОБИНИНГ ТЎЛИҚ НУСХАСИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ
МАНБА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.