топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ёш математикларимиз — дунёда иккинчи!

Maqolalar
Илм-фан

Шу йилнинг 25–31 июль кунлари Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги математика бўйича халқаро мусобақада вакилларимиз 2 та олтин, 2 та кумуш медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.
Юртимизда ўтган йиллар давомида таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, ўқитиш жараёнига илғор метод ва усуллар, янги педагогик технологиялар татбиқ қилинди. Дарс ва машғулотларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилаётгани эса ўғил-қизларимизнинг фанларга қизиқишини оширмоқда. Пировардида, таълим сифат ва самарадорлиги юксалиб, уларнинг нуфузли кўрик-танлов ҳамда интеллектуал мусобақаларда зафар қучишига замин яратмоқда. Ўқувчиларимизнинг Ҳиндистонда эришган ғалабаси ҳам тизимдаги ислоҳотларнинг амалий самарасидир.

Кеча Тошкент халқаро аэропортида мазкур нуфузли мусобақа иштирокчилари тантанали кутиб олинди. Тадбирда Халқ таълими вазирлиги вакиллари, мусобақада иштирок этган ўқувчиларнинг ота-оналари, ўқитувчилари ва тенгдошлари қатнашди.

Мазкур халқаро мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси тўртинчи марта иштирок этди. Дунёнинг 41 давлатидан келган ёш математиклар орасида ўқувчиларимиз шу йили илк маротаба 2 та олтин медални олишга муваффақ бўлди. Терма жамоанинг тўрт аъзоси ҳам бир мактаб вакиллари — Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ИДУМнинг 8-синф ўқувчиси Исмоил Пўлатов, 7-синф ўқувчилари Дониёр Исмоилов, Севарахон Остонова, Олимжон Олимов мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

— 2003 йилдан буён ўтказиб келинаётган халқаро мусобақада баҳслар шахсий ва жамоавий турда бўлиб ўтди, — дейди терма жамоамиз раҳбари Шуҳрат Исмоилов. — Унда ўқувчиларимиз математик масалалар, геометрик шакллар ва алгебра қоидалари бўйича беллашди. Биринчи турда 15 та масалани ечишга киришиб, Болгария, Жанубий Корея ва Ҳиндистон каби мамлакатлардаги тенгдошларидан билимли эканини амалда кўрсатиб берди. Дониёр ва Севарахон индивидуал баҳсларда олтин медални қўлга киритган бўлса, Олимжон ҳамда Исмоил яккалик баҳсларда кумуш медалга сазовор бўлди.Фарзандини кутиб олаётган Гулчеҳра Остонованинг ҳаяжони бир олам. — Боланинг тўғри тарбия олиб, ўсиб-улғайиши онани қанчалик бахтиёр этса, унинг ютуғи ота-онага юксак ғурур-ифтихор бағишлар экан, — дейди у. — Бугун ўғлим Исмоилжоннинг дунёнинг энг иқтидорли ўқувчилари билан билим борасида ўзаро беллашиб, зафар қучгани, юртимизга кумуш медаль ва кубокни тақдим этганидан бағоят хурсандман. Математикага қизиқиши баланд Исмоилжоннинг келгусидаги мақсадлари ҳам шу соҳа билан боғлиқ. Муҳими, фарзандим қалбида жамиятимиз равнақи учун хизмат қилиш иштиёқи жўш урмоқда.

— Мусобақа масалалари мен учун мураккаблик қилмади, — дейди олтин медаль соҳиби, кўзларида ғайрати акс этиб турган Дониёр Исмоилов. — Бу устозларимнинг мактабда менга пухта билим бергани, мусобақага тайёргарлик чоғида машаққатли синовлардан муваффақиятли ўтганимиз туфайлидир. Халқаро мусобақадаги бир неча масаладаги топшириқлар тузилиши менда қизиқиш уйғотди. Масалан, “1 дан 6 гача бўлган сонларни бир қаторга бир неча усулда жойлаштиринг. Бунда ҳеч қайси ёнма-ён турган икки соннинг айирмаси 3 бўлмаслиги керак” дейилган. Ушбу масала шартини бажаришдан завқландим.

Шоира БОЙМУРОДОВА,

«Ma’rifat» мухбири

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.