топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш

Блог им. mumtoz

Муҳтарам президентимизнинг Олий мажлисга мурожаатномасини қайта-қайта ўқир эканман яна худди ўша биринчи марта тинглаганимдек таъсирли ҳолатга тушаман. Бизда инсонни ўзгартирган китоб, деган гап бор. Ҳа, шундай китоблар инсонни тарбиялайди, шакиллантиради, тафаккурини чархлайди. Аммо, унинг умри давомида ўқиган китоблари ичида битта китоб бўлади-ки, у инсонни ўзгартиради. Унга ўзини танитади. Унинг руҳига мос тушади.

Мен ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, ушбу мурожаатнома бизнинг миллатимизни ўзгартирган асар бўлди. Бизни ўзимизни-ўзимизга таниттирди. Бизни қувватлантирди, нурлантирди. Ушбу мурожаатноманинг ҳар бир сатри яратганнинг олий инояти бўлган азиз инсоннинг тақдири ҳақида қайғурмоқда. Ушбу мурожаатноманинг ҳар бир сатри кундан-кун қудрати ошаётган мамлакатимизнинг тараққиёти учун амалга оширилаётган эзгу ишлар, халқимизнинг асри орзу-истакларига ҳамоҳангини кўрсатиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонасида ҳар куни жойлардаги қайсидир юртдошимизнинг мушкулини осон қилмоқда, келажакга ишончини орттирмоқда.

Мурожаатномада баён этилган ишлар,қисқа вақт ичида қўлга киритилган ютуқлар кўлами бир ижодкор сифатида менинг юрагим кенгларида минг-минг чашмаларнинг кўзини очди. Мен ҳар куни бахтиёр чеҳраларни кўраман.
Хасос шоиримиз Ҳамид Олимжон айтганларидек:

Умрида ҳач гул кўрмай йиғлаб,
Ўтганларнинг ҳаққи ҳам сенда.
Ҳар баҳорни йиғлаб қаршилаб ,
  Кутганларнинг ҳаққи ҳам сенда.

Мамлакатимизда қисқа вақт ичида 161 та йирик саноат объекти ишга туширилганлаги, Ҳаракатлар стратегиясининг мақсад ва вазифаларини амалда бажарилаётганини ўз кўзимиз билан кўриб туришимиз, бу бақувват чинорга бир шохча бўлиб, бир япроқ бўлиб ҳисса қўшаётганимиз бизни қувонтиради. Ёзувчи ёки шоирларнинг қалби оққушларга ўхшайди. Оққушлар ҳам осмонда учиб кетаётиб одамларнинг кўзларидан меҳрини ҳам,қаҳрини ҳам ҳис этар экан. Қайерда ўзига нисбатан меҳрли нигоҳларни кўрса ўша жойда яшаб қолар экан. Ўша ерда кўпаяр экан. Биз меҳрлар ичидамиз. Гўзал Тошкент шаҳримиздаги Миллий боғ ҳудудида муҳташам Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси барпо этилди. Қорақалпоғистонда ва яна бир қатор вилоятларда улуғ адибларимиз номи билан аталган ижод мактаблари қурилиб, назм ва наср ғунчаларини бағрига олди. Бизнинг қалбимиздаги оққушлар ҳар кун азиз замондошларимизнинг бахт балқиган нигоҳларига гувоҳ бўлмоқда. Айниқса кам таъминланган оилалар ва имконияти чекланган юртдошларимизга нархи арзонлаштирилган уй-жойлар берилаётгани, ўта ночор, боқувчисини йўқотган оилаларга замонавий янги уйлар президентимиз томонидан совға қилинаётгани бизни таъсирлантирмоқда. Мана яқинда юртбошимиз Тошкент вилоятига ташриф буюриб аҳолининг яшаш шароитлари ва неча йиллардан буён ечимини кутаётган муаммолар билан танишдилар. Ташриф доирасида Янги йўл шаҳридаги марказий шифохонадаги ҳақиқий аҳвол билан танишар эканлар, фойдаланилаётган бинони айрим қисмларини қайта қуриш ва энг илғор замонавий тиббиёт ускуналари билан қайта жиҳозлаш ҳақида кўрсатма бердилар. Ташрифни ойнаи жаҳон орқали кузатиб турган ўттиз уч миллиондан зиёд халқимиз ёдида муҳрланиб қолган ҳолатларидан бири, шифохонадаги мавжуд палаталарга кириб, беморлар билан қўл бериб кўришишлари, муаммоларини ҳал қилишлари, айниқса кардиология бўлимида ётган кекса бемор Зулайхо Алиеванинг соғлиги сўраш баробарида унинг тақдири, оилавий шароитидаги муаммоларни юртбошимиз худди ўзининг яқин жигаргўшасининг ҳасратларини тинглагандек тингладилар. Ўша куниёқ пойтахтдаги кардиология марказига юборилиб, жарроҳлик операциясини мувофаққиятли ўтказган бемор хушига келгандан кейин бошидан ўтганларни журналистларга гапириб берди. Зулайхо Алиева турмиш ўртоғи Муҳаммадзуфар Алиев билан тақдирнинг аянчли мусибатларини бошдан кечирганлар. Улар бевақт икки азамат ўғилларидан ва бир қизидан жудо бўлганлари, улардан қолган болаларни келажак тақдирини ўйлаб, жудолик азобидан орттирган юрак касаллиги билан шифохонада ётганлигини сўзлаб берди. Муҳтарам юртбошимиз онахонни даволатишдан ташқари Алиевлар хонадонидаги болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиб, янги қурилаётган замонавий уй-жойдан совға қилишини айтдилар. “Нафақат Зулайхо келинойим ва Муҳаммадзуфар акам, балки биз Алиевлар авлодининг елкасидан тоғ қулагандек бўлди”-дейди кекса акасини ёнида севич ёшларини артаётган укаси Иброҳим Алиев. Ота-она учун болаларидан айрилишдан оғир мусибат йўқ. Уларнинг ортидан қолган болаларни уй-жой билан таъминлаш эса яна бир мушкул муаммо. Зулайхо онанинг даволаниши, оила янги уй-жой билан таъминланиши хонадонда улғаяётган кўнгли кемтик болаларнинг кўзларида қувонч учқунларини сочди. Бу мисол юртдошларимиз томон оқаётган меҳр уммонининг бир томчиси халос. Муҳтарам президентимиз ўтган 2017 йил январ ойидаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги фармонига асосан 1243 та чет элда туғилган, бугунги кунда ўзбекистонда домий рўйхатда туриб, аммо Ўзбекистон фуқароси паспортини ололмаган юртдошларимизга Ўзбекистон фуқароси паспортини бердилар. Мен бундай бахтга сазавор бўлган юртдошларимиз билан суҳбатлашдим. Мана уларнинг айримларини миннатдорчилик тўла сўзларини эшитинг:

Мен, Тўрақулов Холдарбек Қодирқулович -олий маълумотли врачман. Тақдир тақазоси билан Қозоғистонинг Чимкент вилояти, Сайрам туманига ота-боболарим яшаган. Иқтисодий сабабларга кўра улар Ўзбекистонга кўчиб келолмадилар. Авлодимизнинг бир умрлик орзуси Ўзбекстонда яшаш эди. Мен ўрта мактабни битиришим билан Тошкентга ўқишга келдим. Илгариги САМПИ ҳозирги Тошкент Педиатирия Медицина институтига ўқишга кирдим. Бу даргоҳда 1985- 1994 йилларда таҳсил олдим. 2 йиллик ҳарбий хизматни Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмда ўтадим. 1993 йилда Ўзбекистон фуқароси бўлган, асл ўзбек қизига уйландим. Аёлим салоҳиятли илмий лабароториянинг катта лаборанти. Турмиш ўртоғим Наргиза Қодирқулова билан икки фарзандни тарбияладик. Катта ўғлим Сардорбек Тошкент Молия институтини тугатиб, ўз мутахасислиги бўйича фаолият юритмоқда. Кичик ўғлим Шоҳруҳбек Тошкент Стаматология институтининг 3- босқич талабаси. Ўғилларимнинг иккаласи ҳам Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари эканидан фахрланамиз. Ўзим Республика санитария бирлашмасининг 2-маркази поликлиникасида врачман. Ҳа, олдимга қўйган мақсадларимга эришдим. Аммо, доим бир улкан муаммо елкамдан босиб турарди. Бу ҳам бўлса менинг Ўзбекистон фуқароси деган паспортим йўқлиги эди. 21 йилдан буён ёнимда “Фуқаролиги йўқ шахснинг ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси” деган қоғоз турар эди. Паспортни кўрсатиш керак бўлган жойларда ҳамма чиройли Ўзбекистон паспортини кўрсатса, мен қисиниб-қимтиниб ёнимдаги ҳужжатни кўрсатар эдим. Қўлимдаги қоғозни кўрганлар ғалати қараш қилардилар. Шунинг учун айрим вақтларда уялганимдан ҳаммадан кейин навбатда турар эдим. Ота- онам, қариндош-уруғларни кўриш учун виза олиш 3 ойлаб чўзилиб кетар эди. Тўйлар-ку, майли маслаҳат билан қилинади. Аммо, азани бандаси олдиндан билолмайди. Худди мен каби паспорт ололмай юрган бир дўстимнинг онаси вафот этгани ҳақида мудҳиш хабар келди. Албатта оғир кунда дўстимнинг ёнида эдим. Ўзбекистон элчихонасида ҳужжатлар тез битди. Аммо, Қозоғистон элчихонасида иш битавермади. У ёқда ўғли етиб келади-деб қариндошлари икки кун кутишди. Охири учинчи куни пешинда “Бўлди бошқа кутолмаймиз. Саратон иссиғида майит ҳидланиб кетади “, деган хабар келди. Азиз волидасини сўнгги йўлга кузатолмаган дўстимнинг фарёдига ер-осмон ларзага келди. Менинг отам- Қодирқул Тўрақулов 90 ёшда. Онам- Тиллажон Тўрақулова 88 ёшда. Дўстимнинг аҳволини кўриб ўша куни Оллоҳимга “ Бундай кунни бошимга солма! “- дия, ёлвордим.

Чет давлатлардаги машҳур клиникаларда ишлайдига врач танишларим 21 йилдан йилдан буён паспортсиз юрганимни эшитиб мени ёнларига чақира бошлашди.

“Сен туғма врачсан. Бу ерда сенинг тажрибанг, билиминг катта пул туради. Кел! Лецинзияни қобилиятинг билан тезда оласан. Сенга бу ерда бир ойда бериладиган маошни у ёқда бир йилда ололмайсан “ деган гаплар. Мен Ўзбекистондаги сайловларда қатнашолмасдим. Айниқса президент сайловида қатнашолмагач, оғир руҳий ҳолатга тушиб қолдим. Аҳволимни англаган поликлиникамиз бош шифокори, устозим Аббосхон Соатович Ҳалимов мени ёнларига чақириб “ Йигит, врач бошингни кўтар! Сен қўлингдаги анави ҳужжатдан уялма, сенида олий маълумотли шифокор деган, муқаддас диплом бор. Устингдаги оппоқ халатни кийишга етганлар бор, етмаганлар бор. Кўрасан паспортинг ҳам яқин орада ҳал бўлади”-дедилар. Устоз олдидан қушдек енгил бўлиб чиқдим. Ўбекистон мени ўқитди, шунча билим берди. Бугунги кунда болаларим илмли бўлдилар. Оилам бахтли. Чет элга кетсам устозларим: Мухамедов Эркли Армуганович, Шайхова Умида Рауповна ва менга олий -тиббий билим берган қадрдон институтимнинг олдида нима деган одам бўламан?.. Билим ва тажриба хазинадир. Устозларимдан олган тажрибани чет элга олиб чиқиб кетиш хиёнат эмасми? Сотқинлик эмасми?.. Ўша куниёқ чет элга ишга таклиф қилаётган танишларимнинг электрон почтасига хат ёздим” Тиб қонунларини ёзган Ибн Синонинг юртни ташлаб, устозларим берган билимлар хазинасини ўғирлаб чет элга кетолмайман. Мени бошқа безовта қилманглар”. Холдорбек Тўрақулов. Устозим авлиёсифат одам экан мана кўп ўтмай муҳтарам президентимиз менга Ўзбекиистон фуқароси паспортини берди.

Бундай бахтга эга бўлганлардан яна бири Раҳмонбердиева Саяра Толибаевнанинг сўзларига қулоқ тутинг: Бизнинг ота-боболаримизнинг айтишича Қўқон хонлиги даврида аждодоларимиз Қозоғистонга бориб қолган эканмиз. Орадан не-не суронли даврлар ўтди. Барчамизда Ўзбекистонда яшаш орзуси сўнмади. Мен турмишга чиқдим. Биз тўртта болалик бўлдик. Кичик қизим 5 ёшга тўлгач, тез-тез ҳушидан кетадиган бўлиб қолди. Дунёнинг биз бормаган санаторийси қолмади ҳисоб. Шундай кунлардан бирида мен қизчамни олиб, шифо истаб Тошкентга келдим. Ижара уйда туриб даволаниб шифохоналарга қатнай бошладик. Ўн кунларда болада ўзгариш бўлиб тузалиб кетди. Қозоғистонга борсак бола яна ҳушидан кетарди. Охири оиламиз билан Тошкентга кўчиб келдик. Турмиш ўртоғим Тошкент политехника институтида ўқиб олий маълумотли бўлган. Шу диплом бизга асқотди. Хўжайиним хусусий ўқув маркази очиб ёшларга таълим бера бошлади. Мен ҳам тадбиркорлик билан шуғилландим. Ишларимиз ривожланиб кетишига ҳамма шароит бор аммо, нимага бўлса қийинчилик билан эришардик, сабаби қўлимизда Ўзбекистон паспорти йўқлиги эди. Қайерга борсак қўлимизда “Фуқаролиги йўқ шахснинг ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома”деган, қоғозни кўриб одамларнинг муносабати ўзгарарди. Бу қоғозни кўрган ҳамкорлар биз билан ҳамкорлик қилишдан воз кечиб қоларди. Хуллас биз барибир бўш келмадик. Бор куч ва билимимизни сарф қилиб ишлашда давом этдик. Ўзбекларнинг инсоний муомила маданияти, одамгарчилиги бизга мададкор бўлди. Мен ўғлим билан бирга амалга ошраётган тадбиркорлигимиз яхши самара бера бошлади. Эримнинг ҳам ишлари юришиб, уй ва машиналар сотиб олдик. Ўзбекистонда тадбиркорликка, оилавий бизнисга кенг йўл очилди. Тадбиркорлар давлат даражасида қўллангани учун ҳеч қайерга кетгимиз келмайди. Тоза табиати ва иқлими соғлигимизга тўғри келди. Фақатгина виза тўғрилаш, элчихонада ойлаб жавоб кутиш ишлари бизни қийнар эди. Мана шу муаммо туфайли турмиш ўртоғим онасининг жанозасида қатнишолмади. Ўша куни чеккан изтиробларимизни айтишга сўз ожиз. Инсон учун бундан оғирроғи бўлмаса керак. Бундай пайтда кекса онамни ўйлаб хавотирга тушардим. Қозоғистондан қўнғироқ бўлса юрагим орқага тортиб кетар эди. Бундан уч йил олдин ўзимизнинг “Чорсу” бозоримиздан азада талаб қилинадиган барча нарсаларни олдимда онамнинг ҳузурига бордим. У нарсаларни олиб бориб онамнинг чин дунё учун махсус,ўзларининг тили билан айтганда “Ўлимтиклик” сандиғига жойладим. Сўнгра йиғлаб-йиғлаб 80 ёшли онажонимни бағримга босиб “Онажон биласиз бир қадам узоқда яшайман. Мабода бир гап бўладиган бўлса мендан рози бўлинг. Мен сиздан розиман. Сиздек онанинг фарзанди бўлганимдан розиман. Сиздек она бу дунёда йўқ. Мен етиб келолмасам хафа бўлманг”-дедим. Ўшанда онам “Вой уйинга бўғдой тўлгурай, мен бир туш кўрдим, тушимда бир илоҳий овоз эгаси “Мана шу Раҳмонбердиевларга паспорт берилсин!”-деди. Йиғлама ҳали ўлмайман, сизларнинг паспорт олган кунларингни кўраман”-дедилар. Онамнинг тушлари ҳамиша ўнгидан келгани учун яна ишонч билан кута бошладик. 2017 йил январида уйимизга телефон қўнғироғи бўлиб,ўзини Қибрай тумани паспорт столиданман-деб, таништирган қиз “Тезда бизнинг идорага етиб келинглар, сизларга президентимиз Ўзбекистон республикаси фуқаролиги паспорнини берадиган бўлдилар “-деди. Биз қушдек учиб бордик. У ерда бизни табриклаб, бир соат ичида паспортлар қўлга тегишини айтишди. Шунда ўғлим Бахтиёрга “Қўлимдан маҳкам ушла, агар ҳушимдан кетиб йиқилсам ҳам “Тез ёрдам “ни чақирма, бугун бу ердан паспортимни олиб кетишим керак”- дедим. Ўша куни ҳақиқий паспортимни қўлимга ушладим. Икки кундан сўнг Чирчиқ шаҳридаги анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “ Ўзбекистон Республикаси Фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги Фармони”га асосан тантанали равишда паспортимизни бизга топширишди. Уйга келиб 83 ёшли онажонимга қўнғироқ қилдим” Онажон биз оиламиз билан Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиндик. Тушингиз тўғри чиқди. Тушингиздаги илоҳий овоз эгаси бизнинг муҳтарам президентимизнинг овози экан”-дедим. Онам юртбошимизни узоқ дуолар қилдилар. Энди биз, Раҳмонбердиевлар оиласини жаннатмакон Ўзбекистоннинг янада гуллаб яшнаши учун бутун куч,ғайратимиз билан хизмат қиламиз. Бизнинг оиламизнинг ҳам шиори битта “Жоним фидо сенга Ўзбекистоним”.

***

Ҳа, муҳтарам юртбошимиз Олий Мажлисга мурожаатномасида “Минг афсуски, мамлакатимизда катта илмий салоҳиятга эга бўлган айрим ёшлар ўртасида хориж давлатларига кетиб қолиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Қанчадан-қанча ўзбек йигитлари, ўзбек қизлари бугун чет эллардаги йирик компания ва банкларда, нуфузли университетлар, халқаро ташкилотларда катта- катта лавозимларда хизмат қилмоқда. Мен шахсан ўзим хорижий мамлакатларга сафарларим чоғида ўнлаб ана шундай ватандошларимиз билан учрашиб мулоқатда бўлдим “ деб, таъкидлаб ўтдилар.

Иқтидорли ёшларимизни ўзини намоён қилишига ғов бўладиган ҳар қандай тўсиқ бугун олиб ташланди. Ўзбекистон фуқаролиги бўлмаган яхши мутахасисларимизнинг айримлари Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқловчи паспортини олишни узоқ йиллиб кутишдан чарчаб ҳам чет элларга кетиб қолиш ҳолатлари ҳам бўлган. Бундан кейин ёшларимиз бундай муаммоларга асло дуч келмайдилар.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга мурожаатномаси жонажон Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатлардаги йўл қўйган камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, мамлакатимиз тараққиётининг барча соҳалардаги истиқболни чуқур ифода этган ҳужжат бўлди.

Мамлакатимизда кечаётган сиёсий жараёнларни кузатиб бораётган дунё сиёсатшунослари, чет эллик оммавий ахборот воситалари вакиллари давлатимиз тараққиётидаги жадал ва самарали ютуқлар ҳақида тўлқинланиб ёзмоқдалар.

Варда ал-Ҳусайний, “Ахбар ал явм” газетаси бош муҳаррир ўринбосари:
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида, МДҲ мамлакатларида бўлганман, бироқ Ўзбекстонга борганимда шаҳарда бўлган каби, қишлоқ жойларда ҳам мамлакат аҳолисининг маиший турмиши учун яратилган инфратузилма ва қулайликлар, кўчаларнинг тоза ва шинамлиги мени лол қолдирди. Мустақиллик йилларида кенг кўламли ва тизимли равишда амалга оширилган ислоҳатлар натижасида мамлакатингизда давлат бошқарувида нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳамияти, хотин-қизлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ошди. Ўзбекистоннинг ёш авлодга йўналтирилган сиёсати ҳам алоҳида эътиборга молик. Ҳар томонлама ривожланган авлодни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ушбу фикримни яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ҳам тасдиқлайди.
Сзи Чжиъе, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси президенти:

Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияси инновация ҳужжати ҳисоблаган ҳолда Хитой учун ҳам қизиқиш уйғотади. Ушбу ҳужжатнинг асосий жиҳатлари юзасидан ўзаро фикр алмашиш Хитой- Ўзбекистон муносабатларини янада ривожланишига ҳам кўмаклашади.

***

Ҳаракатлар стратегиясининг изчил ва тадрижий амалга оширилиши мамлакатимиз учун муваффақиятлар гаровидир.

Юртимизда буюк уйғониш. Муҳтарам президентимиз Олий мажлисга мурожаати сўнгида “Албатта, Мурожаатномада баён этилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ҳал қилувчи босқич бўладиган 2018 йил биз учун осон бўлмайди. Буни очиқ айтиш керак. Лекин, халқимиз таъбири билан айтганда, сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам танлаган йўлимиздан қайтмаслигимиз шарт. Нега деганда, бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди.
Мана азиз замондош! Юртимиздаги эзгулик сари дадил ташланаётган қадамларимизга бутун дунё тан бермоқда. Бу асри орзулар чаманзорига кетмас баҳор келганидан далолат. Ҳар бир кунимизда юртдошларимизнинг “Шундай қилса бўлар экан-ку”, “Бор экан-ку ҳақиқат”, “Биз буни уддаладик, демак бунданда юқори марраларни ҳам бемалол забт эта оламиз” –деган шукроналарини эшитмоқдамиз. Сиз ҳам эшитаяпсизми? Сиз ҳам сезаяпсизми баҳорий илиқ тафтни?.. Уйғонинг! Атрофга қаранг! Юртдошларимиз тоғларни тешиб элларни-элларга яқинлаштираяпти.

Ёнига “Ўзбекистон ”-деб, ёзилган кумиш қанотли қушларга кўкда ой, юлдузлар салом бермоқда.” Ўзбекистон темир йўллари”нинг бир-биридан кўркам, шамолдек учқур поездлари кеча-ю, кундиз хориждан келган сайёҳларни Фирдависмонанд Самарқандга, етти пирлар макон топган Бухорои шарифга,

Ақли талъати ила оламга нур берган алломалар бешиги Хоразмга, булутларни биядек соққан, қаловини топиб қорларни ёққан Қорақалпоққа, бешигига булбуллар қўнган бахшилар, афсоналарни ҳақиқатга айлантирган яхшилар маскани Сурхондарёга,ҳалол ютиб қаддини урган, хазиналар устида чордона қурган мардлар макони Қашқадарёга, тупроғи остида олтин болалаётган, тупроғи устида қора кўллари жилоланаётган Навоий вилоятига, тафаккур соҳиблари, садоқату, эътиқод ила тангри муҳиблари жон фидо Жиззахга, кўксига шамол теккан боғлар, бойлигини ҳисоби йўқ думоғи чоғлар замини Сирдарёга, ҳазрати Зангиотадан ҳалоллик мерос,ҳар нафаси Қуръондан иқтибос Тошкенти азимга, дунёнинг энг бой одамларининг бешигига сочқи сочган, истиқлол йўлини очган Наманганга, Ҳазрати Бобурга тортган, Муҳаммад Юсуфдек сўзда султонлар, Ҳасанбойдек, Русландек полвонлар, рингга ўзбек дўпписини кийиб чиққан Шоҳижаҳонларга оқ сут берган жон Андижонга, Аҳмад ал Фарғонийнинг қулоғига азон айтган бузруквор, Эркин Воҳидовни шеъру-шуур отига миндирган шоҳсувор, тупроғига новвот қоришган сабзавор, атласига кўчган лолазор Фарғонани кўришга дунё шошилмоқда. Сиз ҳам шошилинг! Уйғонганлар ёнида бўлинг!.

   Қандай уйқу келар кўзларингизга?
  Бир ҳовуч сув уринг юзларингизга,
Шу саволни беринг ўзларингизга,
Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш.

 Зулфия Мўминова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.