топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ахборот-коммуникация билимдонларининг тифлофоруми

TATU Qarshi filiali
Илм-фан
Жорий йилнинг 26-28 апрель кунлари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкнент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви ва Ўзбекистон КОЖ Қашқадарё вилоят бўлими томонидан ахборот-коммуникация технологиялари билимдонларининг республика тифлофоруми ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, ТАТУ Қарши филиали ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тифлофорум республикада яшовчи кўриш бўйича имконияти чекланган шахслар ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари билан мулоқотни рағбатлантириш, кўзи ожиз фойдаланувчиларнинг мавжуд билим савияларини ўстиришга ҳисса қўшиш, кўзи ожиз компьютер фойдаланувчилари ҳаракатини янада жадаллаштириш ва ўсиб келаётган ёш авлод ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни мақсад қилиб олган.
   
     Қашқадарё, Сурхондарё вилоят бошқарувлари ташаббуси ва ҳамкорлигида уюштирилган  минтақавий тифлофорум доирасида маҳорат дарслари, “Кўзи ожизларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишларида имкониятларни кенгайтириш йўллари” мавзусида давра суҳбати, кўзи ожиз фойдаланувчиларнинг маҳорат танлови, лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
      “Энг долзарб лойиҳа”, “ янгиликка бой лойиҳа”, “Энг илғор ғоя”, “Энг амалий ғоя”, “Муфассал баён этилган тақдимот” йўналишида иштирокчилар муносиб рағбатлантирилди.
        Шунингдек, мазкур тифлофорумни юқори савияда ташкил этишда фаол иштирок этган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкнент ахборот технологиялари университети Қарши филиалининг Молия ва иқтисод ишлари бўйича директор ўринбосари Хамроқул Рўзиев Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқарувининг «Ташаккурномаси» билан тақдирланди.

     Илк бор ўтказилган ушбу анжуман минтақада яшовчи кўзи ожизлар меҳнатда машғуллигини ошириш, улар бандлигини уюштиришнинг ноанъанавий шаклларини излаб топиш, бунда жамият корхона, ташкилот ва муассасаларининг ички имкониятларини ишга солиш, кўриш ногиронларининг меҳнат билан боғлиқ муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш каби долзарб вазифаларни ўз олдига қўйганлиги билан аҳамиятлидир.Бундан ташқари ахборот-коммуникация технологиялари билан мулоқотни рағбатлантириш, ривожлантириш, бу борада кўриш бўйича имконияти чекланган шахслар учун қўшимча қўлайликлар яратишга жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборат бўлиб, “Ўзаро маҳрат тажрибасини алмашиб, ҳаёт имкониятларини кенгайтирайлик!” шиори остида ўтказилган тифлофорумда мутахассислар томонидан Total commander дастурий таъминотидан кўриш бўйича имконияти чекланган кишиларнинг самарали фойдаланиш йўллари, Электрон почта орқали мулоқотларнинг қўшимча имкониятлари, “NVDA REMOTE” дастурини қўллаш, “TEAM TALK” овозли порталида мулоқот қилиш йўлларини ўрганиш тўғрисида маърузалар қилинди.

     Тифлофорум доирасида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги ЎзКОЖ корхоналари ҳамда кўзи ожиз ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг кўргазмаси ташкил этилди.
      Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур анжуман жамиятимиз аъзоларини юқоридаги эзгу мақсадлар сари дадил интилишга, четдан жалб қилинган ҳамкор ташкилот вакилларини бу борада уларга хайрихоҳлик кўрсатишга чорлагани шубҳасиз. Ўйлаймизки, айни йўналишдаги тадбирлар жамиятимиз миқёсида анъанавийлик касб этиб, тақдирдошларимиз учун янги фаолият қирраларининг кашф этилишига замин яратади.
  
ТАТУ Қарши филиали Маънавият-маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ҳ.Сафаров

1 изоҳ

avatar
Бу каби эзгу тадбирларни янада кщпайтириш лозим.
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.