топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Диний экстремизм ва терроризм.

Toshkent islom universiteti
Илм-фан

 “Ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”         
                                                                                                                               (Бақара сураси 195-оят)
  
Терроризмниг вужудга келиш тарихи.
 
            Фарзанднинг ўз ота-онасини ўлдиришга, ватанини сотишга, отанинг гапиришни эндигина ўрганган ўз жигарбандининг белига бомба боғлаб Аллоҳу акбар нидолари остида бир неча ўнлаб одамларнинг умрига хазон бўлиш учун юборишга мажбур қилаётган терроризм бутун дунё бўйлаб тарқалиб, кенг томир отиб бўлди. Афсуслар бўлсинки, бизнинг юртимиз ҳам бундан мустано эмас. Юртимизда бу борада кўплаб тушунтириш ишлари олиб борилаётганлигига қарамасдан хали-хануз юртдошларимиз орасида бундай жамоаларнинг сафини тўлдираётганлар мавжуд. Шу боисдан ҳам биз бу мақоламизда террористик гуруҳлар фаолиятининг очилмаган қирралари ҳақида сўз олиб борамиз, шояд бу билан лоақал битта ватандошимиз сергак тортса...
Терроризм- (инг. қўрқитиш, дахшатга солиш). Жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш ва аҳолининг кенг қатламини қўрқувда ушлаб туриш орқали ҳокимиятга эришиш. Бу термин дастлаб ХVIII аср охирларида Франсияда 40мингдан ортиқ фуқарони ўлдириб, 300 минг кишини ҳибсга олган Робеспер сиёсатига нисбатан қўлланилган.
Экстремизм- (инг. ақл бовор қилмас, ҳаддан зийод). Жамиятда қабул уилинган қадриятлар ва мэйорларга зид қарашларни илгари суриш, кескин қарашлар ва чораларга мойиллик.

Ислом оламида экстремистик ғояларнинг вужудга келиши 658-йилда Али (р.а.) ва Муовия ўртасидаги келишувга қарши чиқиб иккала томонга қарши бирдек жанг олиб борган 12000 аскардан иборат бўлган Хорижийлар гуруҳига бориб тақалади.Улар ўзларига қўшилмаган барчанинг жони ва молини ўзларига ҳалол деб билишган.
«Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир»
                                                                                                                                               (Моида, 32)

Шу воқеадан кейин, мусулмонлр орасида турли хил фисқ-у фасодларга алданиб, фирқаларга бўлиниш  авж ола бошлади.
            Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаи киромлар билан ўтирган ҳолларида ерга узун тўғри чизиқ чизиб, бу Аллоҳнинг йўлидир, деб айтдилар. Кейин унинг ўнг тарафига 36 та ва чап тарафига яна 36та чизиқлар тортиб, “ Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг бошида шу йўлга чақирадиган шайтон бордир”, дедилар-да, сўнг қуйидаги ояти каримани ўқидилар: “Албатта, мана шу (Менинг) тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўйади. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир”                                                                                                           (Аньом,153)                                        

 
 
 
Бугунги кундаги холати
Ҳаммага маълумки, террористик гуруҳларнинг фаолиятидан жабрланганларнинг сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Бундан бир неча йил олдин энг бой давлатлар қаторига кирган Сурия ва Ироқ каби давлатлар терроризм натижасида тўла харобазорга айланиб, аҳолиси турли ривожланган давлатларга қочиб кетишга мажбур бўлмоқда
 “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”.                                                                                                   (Наҳл, 90)


            Ўзларини бутун мусулмонлар қўшилиши лозим бўлган “ халифалик” деб эьлон қилган  Ироқ ва Шом Ислом давлати бугунги кунда энг фаол террористик гурух ҳисобланиб,2006 йили Ироқда ўн битта маҳаллий радикал гуруҳлар бирлашишидан вужудга келган. Ушбу террорчи ташкилот 2013 йили Суриядаги фуқаролар урушига қўшилди. Бош қароргоҳи Суриянинг Раққа шаҳрида. 2014-йилда эса Абу Бакр ал-Бағдодий ўзини халифа деб эьлон қилган.
 Сафийна (р.а.)дан Саъид ибн жумхон ривоят қилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Халифалик мендан сўнг ўттиз йил. Ундан сўнг подшоҳлик ва амирликлар бўлади”, деганлар.       

 Энди эътиборимизни ўзини чин мусулмон санаб бутун дунёга жар солаётганларнинг фаолиятига қаратайлик.2014-йил июн ойида Тикритдаги Сабакир аскаргоҳида 1700 асир қатл қилинди, июль ойида Ғозиш-шоир даласида 200 киши, август ойида Делизурда Шуайтот қабиласидан 700 киши (улардан 600таси тинч аҳоли), Риққада 250 асир ўлдирилди. Ҳар қандай соғлом ақл эгаси учун бундай жоҳилликларни амалга оширганларни нафақат мусулмон, балки инсон дейиш ҳам қийин масалага айланади. Чунки, Ислом дини инсонларга поклик, эзгулик ва ўзаро меҳр-оқибатли бўлишни буюрувчи диндир ва инсон ҳаётига, молига ва шанига тажовуз қилишни ҳар қандай ҳолатда таъқиқлайди.
“Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз. Уларнинг устидан зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз”
                                                                                                                                  (Ғошия, 21-22).

Қўлга киритилган шаҳар ва қишлоқдаги одамларнинг мол мулкини талон-тарож қилиш, бўй сунмаган эркакларни ўлдириб, айолларни жория сифатида қул қилиб олиш йош болаларни ҳарбий лагерларга олиб кетиб, улардан келгуси тирик бомбаларни тарбиялаш, бошқа дин вакилларини таҳқирлаш бу гуруҳнинг кундалик ишлари таркибига киради. Аммо бағрикенг ислом дини ҳеч қачон ўзга дин вакилларига нисбатан камситиш, таҳқирлаш ва бошқа номақбул ишларнинг амалга оширилишини қўллаб қуватламаган. Юртимизда бугунки кунда ўрнатилган инсонпарвар жамиятни қўя туриб, Хонликлар даврида кенг авж олган мутаъсиблик (яни диний амалларнинг чин мазмунини тушунмасдан кўр-кўрона амал килиш, бошқа ғояларга нисбатан кескин муносабатда бўлиш)  авж олган замонларда ҳам халқимиз ичида Мусо (яҳудийлик динининг пайғамбари) ва Исо (хрестианлик динининг пайғамбари) алайҳиссаломларнинг исмлари кенг тарқалган бўлганлиги ислом динининг қолаверса халқимизнинг бошқа дин вакилларига бўлган ҳурмат-эътиборидан дарак беради.   
Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Одамлар бир жанозани кўтариб ўтишди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўринларидан турдилар.
Саҳобалар:
“Эй Расулуллоҳ (с.а.в.), бу вафот
қилган киши яҳудий­ку”, дейишди.
Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Яҳудий одам эмасми?” дедилар. 

            Мухаммад (с.а.в.)нинг 4-халифаси бўлмиш Али (р.а.) бундан деярли 1400 йил олдин қуйидаги сўзларни айтганлар:“Қачон қора байроқларни кўрсангиз, жойларингиздан қўзғалманглар. Қўлларингизни қимирлатманг, оёқларингизни ҳам. Сўнгра бир қавм пайдо бўлади. Улар заифдирлар ва эътиборга сазовор эмаслар. Уларнинг қалблари темирнинг зангига ўхшайди. Улар давлат – ҳокимият ошуфталаридирлар. Аҳдга вафо қилмаслар, мийсоққа (аҳдлашувга) ҳам вафо қилмаслар. Ҳаққа чақирурлар, лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар. Исмлари кунядир (Инсонни катта фарзандининг исми билан чақириш). Нисбатлари қишлоқларгадир.Сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради. Улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар, сўнгра Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳақни кимга хоҳласа, ўшанга беради”.
 Бу сўзлар ИШИД гурухининг тўлиқ ва сўзма сўз таърифидир. Толибонлар билан ИШИД ўртасида бўлиб ўтган урушлар бунинг яққол далилидир.
           
                        Террористик гурухлар қўллайдиган асосий терминлар
 
Иймон-(араб. ишонч). Шариатда эса Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳ тарафидан келтирилган барча хабарларига тил билан иқрор этиб, дил билан тасдиқлашга айтилади. Террористларнинг аксарияти Тақлидий иймонни тан олишмайди.Бундай иймонга ота-оналарига ёки бошқаларга тақлид қилиб ўзини мусулмон сановчи, Аллоҳнинг борлигига далил келтира олмайдиган мусулмонларнинг иймони киради. Террорчилар бу тоифадагиларни қатл қилишни афзал кўришади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули эканига гувоҳлик берса, дўзах унга ҳаром бўлади”, деганлар.                                     
                                                                                                                                             Имом Муслим            

            Салаф-(араб. аждодлар). Пайғамбаримиз (с.а.в.) замони ва ундан кейинги II асрда яшаган мусулмонларга “Салафи солиҳ” яни “Солиҳ аждодлар” дейилади. Террорчи гуруҳларнинг айримлари ана шу даврдаги турмуш тарзига қайтиш керак, деб ҳисоблашади ва барча замонавий нарсалардан фойдаланишни гурух азоларига тақиқлаб қўйишади. Бундан уларнинг асл мақсади гуруҳ азоларига келувчи барча малумотларни назорат қилишдир, негаки фақат шундагина манипуляторлар бераётган маълумот ягона ишончли маълумот бўлиб қолади. Қизиғи шундаки, уларнинг бу таълимоти уларга замонавий қурол-яроғлар, автомобиллар ва янги азоларни топиш учун яратилган интернет сайтларидан фойдаланишларига тўсиқинлик қилмайди.   
            Муртад — (араб. Ислом динидан воз кечган одам). Ислом динидан бутунлай воз кечганини ёки ўзининг бошқа динга ўтганини элон қилган одам. Террорчилар эса ҳатто имомларни ҳам “Улар динга тўлиқ амал қилмайди” деган ҳукм остида муртад деб элон қилиб, ўлдиришга ҳукм чиқаришган.
            Такфир — (араб. Инкор қилиш). Мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш демакдир.
            Муҳаммад (с.а.в.) “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ,  кофир деб айбламасин. Агар у киши бкндай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”, деганлар.

            Шаҳидлик — Аллоҳнинг ризоси йўлида фидоийлик қилган, иймони, этиқоди, номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даража. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ички касалликлар хуружи билан ўлган, жони, моли, ор-номусини ҳимояси йўлида ўлдирилган ва турли сабаблар билан фожиали ҳалокатга учраган кишиларга ҳам шаҳидлик мақоми берилади деб башорат берганлар. Аммо террорчилар каби ўзини портлатгани етмагандек ўзига қўшиб, бегуноҳ ўнлаб одамларни ўлдираётган инсон ҳеч қачон шаҳид мақомига эга бўла олмайди. Аксинча, улар уюштирган портлашлар натижасида ҳалок бўлган инсонларни шаҳид дейиш мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Ким тоғдан ўзини ташлаб ўлса, бас у жаҳаннам оловидадир. Унда абадул-абад ўзини ташлайди. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, бас, заҳари қўлида бўлиб, абадул-абад жаҳаннам оловида уни ичади. Ким ўзини ўткир нарса билан ўлдирса, жаҳаннамда абадул-абад ўша ўткир нарсаси қўлида бўлиб, у билан ўз қорнини тешади” (Бухорий, Муслим, Термизий, Доримий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

            Жиҳод- (араб. Кишининг бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга ҳаракат қилишига айтилади). Масалан, шаръий масалаларни ечишда бор имкониятини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар “мужтаҳид” яни жиҳод қилувчи шахс дейилган. Жиҳод сўзи уруш маносини англатмайди. Уруш сўзини ифодалаш учун араб тилида “қитол” сўзидан фойдаланилади.
            Муҳаммад (с.а.в.) “Жиҳоднинг энг афзали- кишининг ўз нафси ва ҳавосига қарши курашмоғидир(Ибн Можа ривояти.)  

            Ҳижрат — (араб. кўчиш, тарк этиш) Унинг икки тури мавжуд:
1-      Фарз ибодатларини бажаришга умуман имкон бўлмаганда, зулмлар кўпайганда дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлидаги маконий ҳижрат. Бунинг шартлари мавжуд бўлиб, ҳижрат қилинаётган жой тарк этилган макондан яхши шарт-шароитларга ега бўлиши керак. Бугунги кундаги Сурия ва Ироқда эса зарар етмаган бинонинг ўзи қолмаган. Шундай экан Ўзбекистондай гўзал юртни тарк этиб харобазорга ҳижрат қилиш мутлақо мумкин эмас.
2-      Гуноҳ ва маъсиятларни тарк этиш.  
Набий (алайҳиссалом) бир ҳадисда: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ”,- деганлар.

 
Ўз сафларини тўлдириш усуллари
Террористик гуруҳлар инсон онгига таъсир қилиш усулларини анча мукаммал эгаллаган бўлиб, бу усуллардан ўз сайтларида ва вербовка жараёнида кенг фойдаланишади. Бундай усулларнинг аксарияти ХХ асрнинг ўрталарида шаклланган НЛП (нейро лингвистик дастурлаш) технологиялари асосида қурилган. Қуйида шу усулларнинг энг кенг тарқалганлари ҳақида қисқача малумот бериб ўтамиз.
1-      Шубҳа провақацияси.      Бунда монипулятор суҳбатдошига “Сизнингча мен сизни кўндиришга ҳаракат қиламан” каби сўзларни ишлатади ва натижада сухбатдош бундай ўйламаслигини исботлашга ҳаракат қилади шу билан онгости жараёнларида беиҳтиёр манипулятор фикриги мойилликни шакллантиради.
2-      Суҳбатнинг агрессив тарзда олиб борилиши.     Манипулятор олдиндан нутқини баланд ва агрессив темпда   бошлайди бу билан у оппонентининг иродасини синдиради.
3-      Ёлғон тушунмаганлик.            Бунда манипулятор оппонентнинг сўзларини тушунмаганликка олиб у айтган сўзларнинг 60-70% ни такрорлаб охирида эса ўзига керак бўлган якун ясаш учун зарур бўлган малумотни қўшиб қўяди.
4-      Махсус терминология.    Манипулятор тушунарсиз терминлар орқали оппонентнинг комплексларидан (мен ақлли эмасман, омадсизман ва ш.к.)фойдаланиб статусини тушуришга эришади,қолаверса терминларга тушунмаган оппонент уларни қайта сўрашга уялади ва бу манипуляторга терминларни ўзи хоҳлаган тарзда талқин қилиш имконини беради.(жиход, шахид ,ҳижрат, байъат ва ш.к.)
5-      Буюк инсонларнинг сўзларидан иқтибос келтириш.      Бунда манипулятор ”мана қара барча улуғ инсонлар бундай қилишган сени эса қилиб юрган ишингга қара” табиридаги гаплар орқали таъсир ўтказишади. Террористлар одатда Муҳаммад (с.а.в) ва Хулофаи рошидинларнинг(Расулуллоҳ (с.а.в.)дан кейин бирин кетин халифалик қилган Абу Бакр, Умар, Усмон ва Ал (р.а.)лар) нутқларидан иқтибос келтиришади.
6-      Фикрларни ўрнатиш ва 25-кадр.   Бу усулга мисол қилиб барча реклама роликларини келтиришимиз мумкин.Ҳаммага маълум ва машҳур бўлган Coca cola ичимлигининг зарарлиги ҳеч кимга сир эмас, лекин чанқаб турган пайтингизда дўконга кириб қолсангтз оддий сувни эмас айнан колани оласиз ва ўзингизни “ичмаганимга кўп бўлдию” ёки “озгинаси зарар қилмайди” деб овунтириб қўясиз. Бунинг сабаби эса бу маҳсулотнинг тез тез эшитилиши ёки кўрилиши натижасида онг остига ўрнашиб қолганлигидир. Инсон кўзи секундига 24 та кадрни анализ қила олади, аксарият провакацион роликлар ва рекламаларга эса ўзига зарур бўлган малумотни 25-кадрга жойлаб тарқатувчилар ҳам бор. Натижа шундан иборатки 25-кадр онгда анализ қилинмай тўғридан тўғри онг остига ўрнашади.
7-      Танловсиз танлов.  Ҳеч кимга сир эмаски тепадан бериладиган буйруқ инсонда ўзини ҳимоя қилиш инстинктини уйғотади айни шу сабабдан ҳам инсонга бирор нарсани буюргандан сўраган афзалроқ, негаки буйрукни бажариш ор-номусга тўғри келмаслиги мумкин, лекин бировнинг илтимосини бажаришнинг  зарари йўқ. Бунга мисол қилиб ухлашни хоҳламаётган болани келтириш мумкин. Бундай ҳолда она “тез жойинга бориб ёт” деб бақириши ҳам мумкин аммо яхшироқ йўли “ Болам, сен ҳозир ётасанми, ё ўйинчоқларингни йиғиштирганингдан кейинми?” дейиш бўлади. Негаки бола ўйинчоқларни йиғиштиришдек зерикарли ишни қилгиси келмайди ва у ухлашни танлайди “ўзи танлайди” бировнинг буйруғини бажармайди.
8-      3та “Ҳа”.Бу усул энг оддий ва самарали усуллардан бўлиб, ишлаш тамойили оддий. Манипулятор асосий нарсани сўрашдан олдин оппонент 3 марта кетма кет ҳа деб жавоб берадиган саволларни беради ва кейин мақсадидаги нарсани сўрайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатганки 3 марта ҳа деб жавоб берган инсон 4-марта ҳам ҳа дейишга мойил бўлар экан.
9-      Яширин психологик дастурлаш.Бу усулнинг 2 хил варианти мавжуд.
1-      Оғзаки- бунда сингдирилмоқчи бўлган хабар нутқда урғу (интонация) орқали ажратилади.
2-      Ёзма- бундай вазиятда сингдирилаётган маълумот махсус шрифтда ёзилади ёки бошқа сўзлардан каттароқ қилиб ёзилади ва мия автаматик тарзда бу сўзларни алоҳида гуруҳлайди. Натижада бу жараён бир неча бор такрорланса оппонет ўзи англамаган ҳолда сингдирилаётган нарсага мойиллик сеза бошлайди.
Мисол:  ” Бундан кейин биз доимосенбилан бўламиз, менгаёки бошқаларга сендан ҳеч нарса керак эмас, биз фақат Аллохнинг буйруғини бажариб солиҳ бандаларга ёрдам берамиз, биз сени Аллоҳга итоат этишингни биламиз, шу сабабдан ҳам айнан сенга мурожаат этишни лозим деб топдик”.         
            Бир қарашда сезмаган бўлишингиз мумкин аммо бу матндаги “сен менга итоат этишинг лозим” сўзлари 13 ўлчамли ҳарфлар билан, қолган сўзлар эса 11 ўлчамли ҳарфлар билан ёзилган.Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек маълумот онг текширувидан ўтмасдан тўғридан тўғри онг остига йўналтирилди.
Хулоса қилиб шуни айтишимиз мукинки, терроризм ҳеч қандай муболағасиз инсоният шанига катта ва ўчмас доғ бўлиб ўрнашган иллатдир. Албатта, инсоният бундан ҳам ашаддийроқ разилликларга гувоҳ бўлган, 1-2-жахон урушларида амалга оширилган қотилликлар бунга яққол мисол. Фарқи шундаки, террористлар ўзларига ҳақ дин учун курашувчилар ниқобини кийиб олиб, муқаддас динимизга нисбатан тана дашномларининг ёғилишига сабабчи бўлишмоқда. Аҳвол шу даражага етиб бордики ислом динидан хабари бўлмаган аксарият одамлар Ислом, Аллоху акбар каби сўзларни эшитгандан қўркувга тушиб қоладиган бўлиб қолишган ва жаҳон психологлари ва социологлари томонидан бу феноменга “Исломафобия” деб ном берилди. Ҳар нарсанинг ибтидоси бўлгани каби интиҳоси ҳам мавжудлиги сабабли терроризм муаммоси ҳам ўз вақти келиб унут бўлиб кетади, албатта. Фақат биз шунга эришишимиз керакки, бундай ёлғон ғояларга эргашиб умрини хазон қилганларнинг сони камроқ бўлсин, иложи бўлса умуман бўлмасин. Бундай натижага эришишимиз учун эса биринчи навбатда таълим муассасалари зиёлилари, маҳалла оқсақоллари ва ота-оналарнинг бағрикенг ислом динининг асл моҳияти ва терроризмнинг ислом динига умуман зид нарса эканлиги ҳақида дастлабки тасаввурга эга бўлишларига эришимиз лозим, негаки Ўзбекистон Республикасининг 1-Президенти И.А.Каримов айтганларидек,” агар мафкурада бўш жой бўлса, уни албатта бошқа бир мафкура эгаллайди”. Ҳар бир шахсда шаклланадиган мафкуранинг тамал тошини эса оила, маҳалла-кўй ва мактаб қўяди. Агар биз жамиятнинг ана шу соҳаларидан бошлаб мутахассислар ёрдамида тарғибот ишларини олиб борсак ва назорат қилсак, умид қиламизки юртимиз ёшлари террористлар қуйган тўрга илинмайдилар.
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан
сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. Улар: “Ҳосили йиғиб олинади”, дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Шуни билингларки, гоҳида экин
пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”.

            Тэррористик гурухларни айни ана шу офат десак янглишмаган бўламиз, уларнинг асосий нишони ҳам доимо ёш ва кучга тўла йигит-қизлар бўлиб келган. Шу сабабдан ҳам юртимизнинг келажаги бўлмиш ёш авлод тарбиясига эътиборли бўлайлик, уларни тарбиялашда ўрнакни кундан кунга оиланинг ўрни йўқолиб, натижада борган сари қариб бораётган миллатлар яшаётган европадан эмас оқил ва узоқни кўра олган ота-боболаримиздан олайлик. Зеро, юртимиз ёшлари қанча зиёли, кучли ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган бўлса давлатимизнинг келажаги ҳам шунча порлоқ ва истиқболли бўлади.
 
 
Тошкент ислом университети
Психология йўналиши 2-курс талабаси
 
Ибрагимов Жахонгир. 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.